date
views 5 852

Невроз касалликми ёки ёмон характер?

Невроз касалликми ёки ёмон характер?
Невроз – албатта касаллик. Унинг белгилари хулқ-атвор бузилишлари билан намоён бўлганлиги боис, уни ёмон характернинг бир тури деб ўйлашади. “Невроз” атамаси 1776 йили шотландиялик врач Келлен томонидан таклиф қилинган. Бу касалликни тиб илмининг султони Абу Али ибн Сино ҳам мукаммал ўрганган. Ўша даврда неврозга қуйидагича таъриф берилган: “Неврозда тана ҳарорати кўтарилмайди, бирон-бир аъзо зарарланмайди, танада лат еган жойлар бўлмайди, бироқ беморнинг асаби бузилган бўлади, холос”.

Невроз – асаб чарчашими?
Невроз – асаб тизимининг функционал касаллиги бўлиб, инсонга руҳий жароҳат етказувчи ташқи ва ички омиллар натижасида ривожланади. Демак, невроз асаб тизимининг функционал бузилиши. Невроз белгилари узоқ ёки қисқа вақт давом этишидан қатъи назар, бутунлай тузаладиган касаллик. Лекин даволаш жараёни бир ой, баъзида ундан ҳам кўп давом этади. Неврознинг 3 тури фарқланади: неврастения (том маънода невроз), истерия ва миядан кетмайдиган фикрлар.

Неврастения – қандай касаллик?
Неврознинг яна бир номи бор – бу неврастения. Неврастения асабнинг ортиқча зўриқишидан келиб чиқади. Асаби тор одамлар неврозга тез чалинишади. Ақлий ва жисмоний меҳнатнинг номутаносиблиги, доимий ҳиссий зўриқишлар, яқин кишисидан жудо бўлиш, оила ва ишхонадаги келишмовчиликлар, қўрқув ва хавотирда юриш неврозга сабабчи бўлади.

Ёш болаларда неврознинг ривожланишига уни ўраб турган муҳит, айниқса, ота-она орасидаги жанжаллар сабабчи бўлади. Болалик даврида олган тан жароҳатлари ҳам бундан мустасно эмас.

Невроз нафақат жаҳлдор, балки ўта андишали одамларда ҳам ривожланиши мумкин. Айниқса, андишали одам жанжалли воқеалар рўй берганда ҳиссиётга изн бермасликка, ўзини бошқариб туришга ҳаракат қилади, бировнинг кўнглини оғритиб қўймай дейди. Бу ҳолатлар, аксарият ҳолларда, асаб тизимининг чарчашига сабабчи бўлади. Шунингдек, витаминлар етишмовчилиги, камқонлик, сурункали ва оғир касалликлар ҳам неврозга олиб келади.

Невроз белгилари қандай намоён бўлади?
Невроз белгилари турли-туман бўлиб, улар ичида тез-тез асабийлашиш, жаҳлдорлик, уйқу бузилиши, бош оғриши, бош айланиши, умумий ҳолсизлик, юрак уриб кетиши, паришонхотирлик, ақлий ва жисмоний меҳнат фаолияти пасайиши каби симптомлар кўп кузатилади.

Беморни ким даволайди?
Даволаш тиббий психолог, нейропсихолог ёки невропатолог даволайди. Асаб бузилиши билан боғлиқ бу касаллик тиббий-психологик муолажалардан сўнг самарали ўтиб кетади. Даволаш муддати ва натижаси кўпроқ унинг тўғри олиб борилишига боғлиқ.

Даставвал неврозга олиб келувчи сабаблар аниқланади ва улар иложи борича бартараф этилади. Асосий сабаблар бартараф қилинганда, аксарият беморларда даволашни давом эттиришга ҳожат ҳам қолмайди. Улар тузалиб кетишади. Лекин баъзи ҳолларда неврознинг сабабини аниқлаш ва уларни йўқотиш анча мушкул.

Беморнинг оилавий аҳволи ва ишлаш шароити билан танишиб, унга дам олиб ишлаш, иш соатларини қисқартириш, овқатланиш тартибига риоя қилиш, театр ва кинога бориб туриш тавсия қилинади.

Неврозни даволаш учун жуда кўп дори-дармонлар мавжуд. Бироқ уларни кўп қўллаш керак эмас. Врач томонидан энг зарур дори танлаб олинади ва беморга тавсия этилади. Беморни даволашда ишлатиладиган аксарият дорилар кучли седатив таъсирга эга бўлганлиги боис уларни ишлаб юрган беморга тавсия қилиб бўлмайди. Кам миқдорда тавсия қилинса, натижаси паст бўлади.

Бундай пайтларда ножўя таъсири кам бўлган дорилардан фойдаланилади. Худди психосоматик синдромларни даволашда ишлатиладиган психоанализ усули невроз белгиларини бартараф этишда кенг қўлланилади. Шунингдек, умумий массаж, игна билан даволаш, эрталабки бадантарбия ва спортнинг ўзига мақбул турлари билан шуғулланиш тавсия қилинади. Йилда бир марта сиҳатгоҳларда дам олиб туриш ҳам ўта фойдалидир.

Зарифбой Ибодуллаевнинг
“Асаб ва руҳият” китобидан олинди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Невроз касалликми ёки ёмон характер?