16:06 / 14.01.2021
517

Ўзбек тилини чин маънода давлат тилига айлантира оламизми?

Ўзбек тилини чин маънода давлат тилига айлантира оламизми?
Яқинда ҳамкасбим бир хатни Телеграм мессенжери орқали менга жўнатди. Одатда улар менга ҳар доим тил масаласида мурожаат қилгани учун хатнинг ўзбек тилида эканини кўриб, муаммо нимада эканлигини тушунмай, унга сўроқ белгисини қўйиб қайтариб юбордим. У эса яна ўша хатни, лекин битта сўзни белгилаб жўнатди. У ерда «Сиздан саволномани рус тилида тақдим этилишида амалий ёрдам кўрсатишингиз сўралади» дейилганди.

Менга ҳамкасбим томонидан жўнатилган хатда «рус тилида» деган сўзнинг тагига чизилиб, кўрга ҳассадек алоҳида кўрсатиб қўйилганди. Доим хатларни рус ёки бошқа тилда жўнатилишига жон жаҳдим билан қаршилик қилганим сабаб бир муддат нима дейишга бошим қотиб қолди. Шунда ҳамкасбим:

— Сизку биздан талаб қиласиз ва биз ҳам хатларга ўзбек тилида жавоб берилиши тарафдоримиз, лекин мана бу хатга қайси тилда жавоб берилиши лозимлигини алоҳида таъкидлагандек чизиб қўйилган жойи учун улардан ҳам талаб қиладиганлар бормикан? – деган пичинг, истеҳзо аралаш жавобни ёзиб юборди.

Бу гапларни миллатчиликка йўйишга ошиқманг. Ахир шу пайтгача ўзбек тилини биринчи ўринга қўйишимиз керак деган фикр учун миллатчи деган истеъҳзони эшитиб келганмиз ва бу бизнинг тилимизнинг қадрсизланишига сабаб бўлган. Қолаверса, агар мана шу хатда рус тилининг ўрнида бошқа тил бўлганида ҳам шундай фикр билдирган бўлардим. Зеро, гап бу ерда рус тили ҳақида эмас, балки давлат тилида ёзилган хатда маълумотнинг бошқа тилда сўралаётганига урғу берилмоқда.

Бу воқеа туфайли «Ҳолва деган билан оғиз чучимайди» деганларидек ҳамма ҳужжатлар давлат тилида бўлсин, деган билан улар давлат тилида бўлиб қолмаслигига гувоҳ бўлдим. Бунинг учун нафақат маслаҳатчи, балки бутун жамоа ҳаракат қилиши, интилиши зарур.

Яна бир воқеа. Яқинда қайсидир ташкилотдан келган хат нусхасини кўтариб олган ҳамкасбимнинг росманасига жаҳли чиққанини кўриб, савол назари билан унга қарадим. Ҳамкасбим индамади, қўлидаги қоғозни олдимга қўйди. Қайсидир вазирликдан келган рус тилидаги мурожаат хати ва ҳали айтилганидек, бир дунё маълумот рус тилида жўнатилиши сўралган.

— Бу қанақаси? Сиз айтадиган қоидалар, давлат тилида иш юритиш фақат бизнинг идорага тегишлими? Бошқалар нега унга амал қилмайди? Мен ҳам миллатим ўзбек бўлгани билан рус тилида тарбия берувчи боғчага борганман, рус тилида таълим берувчи мактабда, институтда рус факултетда ўқиганман. Сўралган маълумотни тайёрлаш мен учун ҳеч гап эмас. Лекин бизнинг идорада ҳаммаси давлат тилида бўлиши шарт. Бошқалар эса бемалол хоҳлаган тилида ёзиши мумкин!

Бу воқеаларни мисол келтиришимдан мақсад нима? Ўзбекистонда барча вазирлик ва идораларда, ҳокимликларда, ҳар қандай кўринишдаги ташкилотларда давлат тилида иш юритишни таъминлаш фақатгина тилшуносларнинг, маслаҳатчиларнинг иши эмас. Бу – ўзини, миллатини, Она тилини севадиган ҳир бир инсоннинг вазифаси, бурчи.

Жорий йилнинг 8 январь куни бўлиб ўтган лотин алифбосида таёрланган «Давлат тилида иш юритиш» қўлланмасининг тақдимотида «Шаҳарларимиз кўчаларидаги ёзувларни давлат тилида ёзганимиз, ташкилотларда давлат тилида иш юритганимиз билан ўзбек тилини чин маънода давлат тилига айлантира олмаймиз. Қачонки, ҳар биримиз бунга ўзимизни масъул деб билмас эканмиз бу борада аниқ ва кўзланган натижага эриша олмаймиз» деган ажойиб фикр бир иштирокчи томонидан билдирилди.

Ростдан ҳам ёзувларимиз ўзбекча бўлгани билан ўзбек тили том маънода Ўзбекистон Республикасининг давлат тилига айланиб қолмайди. Ва яна бир муҳим жиҳат шундаки, ўтган 30 йил давомида амалга оширилмаган ишни бир ёки икки йилда эплаб бўлмаслигини ҳам ҳаммамиз яхши биламиз.

Шундай экан, ҳар биримиз бу жараёнга ўзимизнинг каттами, кичкинами ҳиссамизни қўшишимиз мақсадга мувофиқ. Сенатор Дилором Тошмуҳаммедова ўзининг «Янги Ўзбекистон» газетасидаги мақоласида «Тадқиқотга кўра, шахснинг 3 ёшидан 22 ёшигача бўлган даврида унга сарфланадиган инвестиция келгусида 19-22 баробар кўп фойда берар экан» деган фикрларни келтирган.

Мақола муаллифи таъкидлаганидек, бугун давлат тилини такомиллаштириш, унинг фойдаланиш доирасини янада кенгайтириш, нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам ўзбек тилининг нуфузини ошириш, хорижликларни ўзбек тилида ўқитиш тизимини ишлаб чиқиш ва изчил амалга оширишга тикиладиган инвестиция, ўйлайманки, албатта, ўз самарасини беради. Бунинг учун эса бирдамликда ҳаракат қилишимиз талаб қилинади.

Нурулла Абдуллаев,
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини
ривожлантириш вазири маслаҳатчиси
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)