10:00 / 16.01.2021
2 917

Деменция - бу тафаккур бузилишими?

Деменция - бу тафаккур бузилишими?
Мия хужайралари атрофияси ва деменцияда беморнинг ташқи кўриниши
Тафаккур бузилишига деменция деб айтилади. Бу касаллик, одатда, 60 ёшдан сўнг ривожлана бошлайди. Ёш ошган сайин деменция билан касалланганлар сони ортиб боради. Агар 60 ёшдан ошганларда бу касаллик 2-3 % одамда учраса, 80 ёшдан кейин уларнинг сони 40 % га етиб қолади. Демак, деменция кўпроқ кекса ёшдагилар учун хос.

Сабаблари нима? Деменция Алцхаймер касаллиги учун жуда хос. Шунингдек, мия қон томирлари атеросклерози, тез-тез кузатиладиган инсультлар, бош миянинг кетма-кет жароҳатлари, спиртли ичимликларни муттасил истеъмол қилиш, гиёҳвандлик, доимий қон йўқотишлар деменция касаллиги ривожланишига сабабчи бўлади.

Белгилари қандай? Деменцияда инсон ақл-заковати учун хос бўлган барча олий руҳий функциялар сустлашиб боради. Деменцияда хотиранинг барча турлари, яъни эшитиш, кўриш ва ҳаракат хотиралари бузилади. Бемор ҳозир ва аввал эшитган гапларни эслаб қола олмайди. У, ҳатто ўзи гапираётган гапларни ҳам унутиб қўяди. Масалан, бемор сўзлаётганда унинг фикри чалғиса (телефон жиринглаб қолди, уни эшитаётганлар луқма ташлади ва ҳ. к.), нима ҳақида гапираётганлигини унутади-қўяди.

Унга кимдир бирор воқеани эрталаб сўзлаб берса, бир оз вақт ўтгач, ушбу воқеа тафсилотларини унутиб юборади ёки гап нима ҳақда кетганлиги бутунлай эсидан чиқади. Бундай бемор билан хотирани кучайтирувчи ақлий машқлар ўтказиш деярли самара бермайди. Оғир ҳолатларда ҳозир эшитган гапини тезда эсидан чиқаради, тўғрироғи эслаб қола олмайди. Деменцияда хотиранинг барча босқичлари, яъни эслаб қолиш, эсда сақлаш ва қайта эсга тушириш кескин бузилади.

Деменцияда узоқ муддатли хотира ҳам бузилади. Бемор аввалги кунларида бўлиб ўтган воқеаларни эсига тушира олмайди. Касаллик зўрайган сайин бемор ўтмишини умуман унутади. Образли қилиб айтганда, уларни “ўтмиши йўқ одамлар” деб аташ мумкин. Ҳар доим кўриб юрадиган танишларини юзига қараб эслай олмаслик – деменциянинг дастлабки ва энг кўп учрайдиган белгиларидан биридир.

Деменция билан касалланган бемор кўчага чиқса, уйини топиб қайтиб кела олмайди. У ҳатто уйининг олдига қайтиб келиб ҳам “шу уй меникими ёки бошқа бировники?” деб ўйланиб қолади. Борадиган жойини ҳам топа олмай юради ёки нима учун уйдан чиққанлигини унутиб қўяди. Агар беморнинг рўпарасида ўтириб: “Менинг ўнг қўлимни кўрсатинг, десангиз, у сизнинг чап қўлингизни кўрсатади”. Баъзи беморлар соатга қараб, вақт неча бўлганлигини ҳам айтиб бера олмайди.

Алцхаймер касаллиги, яъни деменцияда бош мия атрофияси
Шу боис деменцияни аниқлашда соат билан боғлиқ синамалардан кўп фойдаланилади. У маъноли сўзларнинг мағзини ҳам чақа олмайди. Масалан, ундан: “Собир Акмалдан оқроқ, ким қора?” ёки “Олим Ҳакимдан узунроқ, ким калта?” деб сўралса, сўзларнинг маъносига узоқ вақт тушунмай туради. Бу гапларни бир неча бор қайтарса ҳам бемор тўғри жавоб бера олмайди.

Деменцияда бемор фикрини бир жойга жамлаб иборалар туза олмайди, қайсидир воқеа ҳақида сўзламоқчи бўлса, унинг уддасидан чиқа олмайди, сўзлардан гап туза олмайди. Бемор атрофдаги нарсалар номини тўғри айтиб бера олмайди, қўл билан бажариладиган аввалги уқувлари ҳам издан чиқади.

Ҳар доим бажариладиган оддий амаллар, яъни кийиниш, соқол олиш, тиш ювиш, чироқни ўчириб-ёқиш, тирноқ олиш, чой дамлаш, душ қабул қилиш, эшикни очиш каби амалларни энди эплай олмай қолади ёки бутунлай бажара олмайди. Бемор оддий арифметик амалларни ҳам тўғри бажара олмайди.

Деменцияда нутқ функцияси узоқ вақт сақланиб қолади. Кейинчалик нутқ бузила бошлайди. Албатта, инсульт сабабли ривожланган деменция бундан истисно.

Деменцияда беморнинг шахси ҳам ўзгариб боради. У ўзига эътибор қилмай қўяди, кир ва ифлос юрадиган бўлади, тозаликка риоя қилмайди, бундан уялмайди ҳам. Деменциянинг баъзи турларида бемор пассив бўлиб қолса, бошқа ҳолатларда, аксинча, уришқоқ, жанжалкаш бўлиб қолади. Бироқ унинг жанжалкашлиги узоққа бормайди, у яна пассив ҳолатга тушади.

Деменциянинг сўнгги босқичида бемор қаерда яшаётганини ёддан чиқаради ва ўзини англай олмай қолади. У ўз болаларини ҳам танимайди: унинг ёнига кирган қизи ёки ўғлига “Сиз кимсиз?” деб савол беради. Бемор овқат ейман деб айтмайди, ҳожатга ўзи бормайди, сийдик ушлай олмайди. Уни қай ҳолатда ётқизса, шу ҳолатда ётаверади.

Юздаги ҳиссий ифода бутунлай сўнади. Бундай беморлар ҳам руҳан, ҳам жисмонан ногирон бўлиб қолишади. Юқорида зикр этилган барча белгилар Алцхаймер касаллиги учун ҳам хос. Шу боис яққол ифодаланган деменция ҳақида сўз кетса, кўпчиликнинг хаёлига Алцхаймер касаллиги келади.

Ташхис қўйишда қандай хатога йўл қўйилади? Маълумки, хотира бузилиши аҳоли орасида кўп учрайдиган ҳолат, фикрлаш бузилиши эса кам учрайди. Хотираси пасайган баъзи одамлар: “Менда деменция ёки Алсхаймер касаллиги ривожланган шекилли” деб қўрқиб юришади. Деменцияда хотира билан бир қаторда фикрлаш жараёни ҳам бузилиши керак. Хотираси бузилиб, фикрлаш қобилияти сақланиб қолган беморга ҳеч қачон деменция ташхисини қўйиш мумкин эмас.

Деменция ёки Алсхаймер касаллиги ташхисини бир неча ойлик кузатувларга асосланиб нейропсихолог қўяди. Агар бу ташхисни невропа¬толог қўймоқчи бўлса, албатта, беморга махсус нейропсихологик текширувлар ўтказиши лозим.

Зарифбой Ибодуллаевнинг
“Асаб ва руҳият” китобидан олинди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Деменция - бу тафаккур бузилишими?