14:38 / 20.01.2021
1 490

«Ўзбекистонда ҳам коронавирусга қарши жамоавий иммунитет ҳосил бўлган»

«Ўзбекистонда ҳам коронавирусга қарши жамоавий иммунитет ҳосил бўлган»
Ўзбекистон Санитария-эпидемиология ва жамоат саломатлиги хизмати ва Вирусология илмий-текшириш интитути томонидан мамлакат аҳолиси орасида жамоавий иммунитет қай даражада шаклланганини ўрганиш бўйича изланишлар олиб борилмоқда. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Ботиржон Қурбонов «Дарё» мухбири Мусулмонбек Иброҳимовга берган интервьюсида айтиб ўтди.

Аввалроқ COVID-19’га қарши Хитой вакцинаси синовда иштирок этаётган ўзбекистонликларнинг 30 фоизи коронавирус инфекциясини ўзи сезмай, аломатларсиз ўтказгани, бу ҳақда фақат вакцина синовлари олдидан топширилган қон таҳлилидан коронавирусга қарши антитаначалар чиққач хабар топгани ҳақида хабар берилган эди. Шу муносабат билан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати вакили жамоавий иммунитет масаласида фикр билдирди.

«Алоҳида айта оламанки, Ўзбекистонда ҳам жамоавий иммунитет ҳосил бўлган. Сиз айтиб ўтгандек 70—80 фоиз эмас, 30—40 фоиз атрофида бўлиши мумкин. Жамоавий иммунитет аҳолининг 70—80 фоизи даражасида ҳали шаклланмаган. Бу касаллик янги, вирус ўзига хос, беморда касалланишдан сўнг турғун иммунитет ҳосил бўлмайди, антитаначалар 3—4 ой давомида йўқолиб боради, шуни инобатга олиб, касаллик эпидемиологик тарзда яна авж олиши мумкинлигидан келиб чиқиб, огоҳликни сусайтирмаслик керак», — деди Ботиржон Қурбонов.

Унинг қўшимча қилишича, беморлар организмидаги антитаначалар йўқолмайдиган даражада пайдо бўлса, йиллар давомида сақланиб турадиган бўлса, «унда сиз айтгандек жамоавий иммунитет шаклланади ва жамоавий иммунитет ушбу коллективни бир қанча вақт давомида касалликдан ҳимоя қилади».

Аввалроқ Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғининг бошқа бир ўринбосари Нурмат Отабеков «агар аҳолининг 70 фоизида иммунитетни шакллантира олсак (эмлаш орқали ёки касалланиш оқибатида), демак, биз пандемияни жиловлай оламиз, аниқроқ айтсак, биз уни енгамиз», деган эди. Айни вақтда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Абдусаматова жамоавий иммунитет шаклланиши учун аҳолининг 60 фоиздан 80 фоизгача бўлган қисми касалланиб, соғайиши кераклиги, «Ўзбекистон ҳеч қачон бу йўлни танламас»лигини таъкидлаган эди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош илмий ходими Сумия Сваминатан эса 2021 йилда (таъкидланишича, пандемиянинг иккинчи йили биринчисидан кўра оғирроқ бўлиши мумкин) коронавирусга қарши жамоавий иммунитет пайдо бўлмаслигини таъкидлаган эди. «Ҳаттоки вакциналар касалликка тез чалинувчан одамларни ҳимоя қилишни бошлаганида ҳам, биз 2021 йилда оммавий иммунитетнинг қандайдир даражасига ета олмаймиз», — деган у.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)