19:09 / 31.01.2021
3 944

Хос соқчилар бошлиғи: "Ислом Каримовнинг фаолиятида қалтис вазиятлар кўп бўлган"

Хос соқчилар бошлиғи: "Ислом Каримовнинг фаолиятида қалтис вазиятлар кўп бўлган"
Ислом Каримов кам таъминланганлар билан кўп пул эгаларининг орасидаги масофани камайтириш керак, дерди. Бу ҳақда Ўзбекистон Биринчи Президентининг 1990—1992 йиллардаги хос соқчилари бошлиғи бўлган Саъдулла Муҳамадқулов «Рост24»га берган интервьюсида айтиб ўтди.

«Бу уларнинг принципи эди», — деган Саъдулла Муҳамадқулов ва Биринчи Президент ҳақидаги бошқа хотиралари билан ҳам бўлишган.

«Мен бир киши билан гаплашганимда, Ислом ака ҳақида рус тилида айтганда ‘умнейший человек’ деганди. Мен нега унинг гапини эслаяпман? Жуда камдан-кам раҳбарлар ҳужжатлар билан ишлайди. Ислом Абдуғаниевич шунчалик кучли инсон эдиларки, улар ҳар бир ҳужжатни бошидан охиригача кўрар, керак бўлса, қайта ишлар ёки қайтарарди. Битта конституцияни устида қанча ишлаганлар. Барча ҳужжатларни ўзлари тузатиб чиқарди. Нима учун? Хатога йўл қўймаслик учун», — деган у.

Саъдулла Муҳамадқуловнинг айтишича, Ислом Каримов даврида катта кредитлар, қарзлар олинмаганига гувоҳ бўлиш мумкин. Молиявий ишлар билан боғлиқ бўлган халқаро ташкилотларни у бир қадам узоқроқ ушлаб турган.

«Яна бир нарса, Америка базаси шу ерга олиб келингандан кейин бироз вақт ўтди-да, Андижон воқеаларидан кейин бир оғиз сўз билан мана шу ердан чиқариб юбордилар. Американи ўз ҳудудидан чиқариб юбориш учун қандай катта қатъият керак? Шу уларнинг кучи эди. Яна бир нарса — вафот қилганларидан кейин Россия Федерацияси президенти Владимир Путин келиб уларнинг қабрларига гул қўяётганда бош эгди ва тиззалади. Нима учун? Путин у кишини устозим, деб биларди. Россияда вақтида шокотерапия қилинаётганди. Булар бу нарсага йўл қўймадилар. Оғир аҳволга халқни қўйишни хоҳламадилар. Улар ҳақиқий инсон эдилар. Бундай инсонлар юз йилда бир марта келади», — деб таъкидлаган Саъдулла Муҳамадқулов.

Бунда ташқари, Биринчи Президентнинг хос соқчиси Каримовнинг ҳаётида хавфли кунлар бўлганини ҳам айтиб ўтган.

«Наманган воқеаси, Нукус воқеаси, Паркент воқеаси, Бўка воқеаси, Фарғона воқеаси… Фарғона воқеаси бир ой давом этганди, 2 июндан 2 июлгача бўлган бўлса, улар июндан ишга келганлар, Фарғонада қанча одамнинг уйи ёниб кетган бўлса, қанча одам ҳалок бўлган бўлса, битталаб уйига кириб чиққанлар. Ўз соғлиғи, жони учун хавф туғдирадиган ҳеч нарсадан қўрқмасди у. Биласизми, Паркент воқеаларида одамлар бир-бирини ўлдирган. Бу одам бориб, ўзлари ҳал қилганлар шу низони ҳам. Кейин яна бир нарсаки, у одам нафақат қўрқмас, балки мард инсон ҳам эди. Чунки кучсизларни устидан булар ҳеч қачон ҳукм сурмаган, булар кучлиларга куч пайдо қилишга ёрдам берган», — деб хотирлайди у.

Ислом Каримовнинг сўнгги кунлари ҳақида тўхталиб ўтиб, бу вақтда у ишламаганини, лекин, ҳар бир катта лойиҳани, миллион доллардан тепада бўлган ҳамма лойиҳаларни Президент ўзи назорат қилганини, республикадаги ҳар бир масалани ўз бошида ушлаб туриш бу жуда катта оғир юк ҳисобланишини, шу юкни охирида кўтара олмай инсульт, қон қуйилиши бўлганини билдирган. «У бўлди, бу бўлди деганларга ишонманг. Мен ҳам ишонмайман. У одам ҳеч қачон ёмон йўлга борадиган инсон эмасди», — деган Саъдулла Муҳамадқулов.

«Шароф Рашидович тўғрисида тўққиз йил турли гаплар гапирилди. Ўзини отди, ўзини заҳарлади деб, лекин мақоламда ёзганман, у ҳам инфаркт эди. Одамлар тўқималарни айтишган. Аслида инфаркт бўлганига ўзим гувоҳман. 4 йил Шароф аканинг ҳам ёнларида мен бўлганман, охирги сувни мен берганман. Қўлимда жон берганлар. Гўрковлар билан бирга олиб бориб қўйганмиз. Нима учун бу гапларни айтяпман. Бу инсонлар жудаям камдан-кам инсонларда учрайдиган ҳислатларга эга бўлишган. Шулар билан ишлаганимдан, шуларнинг хавфсизлигини таъминлаганимдан фахрланаман...», — деган Биринчи Президентнинг хос соқчиси.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Хос соқчилар бошлиғи: "Ислом Каримовнинг фаолиятида қалтис вазиятлар кўп бўлган"