23:50 / 02.02.2021
2 557

Алламжонов ТИВ ходими тегажоғлик қилган чет эллик журналист аёл воқеасига муносабат билдирди

Алламжонов ТИВ ходими тегажоғлик қилган чет эллик журналист аёл воқеасига муносабат билдирди
Фото: Telegram / Комил Алламжонов
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ходими халқаро мустақил журналист Агнешка Пикулиска-Вилчевскага тегажоғлик қилгани тўғрисидаги хабарга муносабат билдирди.

«Хорижий журналист Агнешка Пикуличканинг шикояти бизда жуда жиддий хавотир уйғотди ва албатта, бу ҳолатга аниқлик киритган ҳолда уни синчковлик билан ўрганиш керак деб ҳисоблаймиз. Биз Агнешка билан эртагаёқ кўришган ҳолда вазиятни муҳокама қилишга тайёрмиз», — деб ёзади Алламжонов.

«Gazeta.uz»нинг ёзишича, Агнешка Пикулиска-Вилчевска ўз Twitter аккаунтида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги унга аккредитация беришни рад этганини маълум қилган.

Унинг айтишича, бунга сабаб «унинг аккредитация қилинган ОАВдан бошқа ОАВ учун ҳам ишлаши бўлган». ТИВ аккредитация бўйича жавобни қонун бўйича 2 ойда эмас, балки 6 ойда берган.

Бундан ташқари, журналист 2020 йил аккредитация олганидан сўнг Ташқи ишлар вазирлигидан бириктирилган «Рустам» исмли ходим унга тегажоғлик қилиб, уни ўпмоқчи бўлганлигини айтмоқда. «У рад жавобини олгач ҳам, мендан учрашишни сўраб ёзаверди», — дейди журналист.

ТИВ ходими унга ёзишда давом этган. «Бир неча кундан кейин мен ишдан бошқа ҳеч қандай алоқага қизиқмаслигимни айтдим. Унинг жавоби: «‘Нега? Йигитинг борми?’ Мен хушмуомала бўлишим керак эди, охир-оқибат мен аккредитацияни 11 ой кутган эдим», — дейди у.

Агнешка Пикулиска-Вилчевска унга босим бўлганлиги ҳақида ҳам ёзган. ТИВ ходими ундан карантин ҳақида ижобий мақола ёзишни сўраган, чунки «салбий янгиликлар кўпайиб кетган». Журналист бундай мақола ёзмаслигини, чунки ўша вақтда у Ўзбекистонда бўлмаганлигини айтади.

Агнешка Вилчевсканинг қайд этишича, бир неча ой давомида ёпиқ чегаралар сабабли Ўзбекистонга кела олмаган. «Чартер рейслар бор эди, лекин вазирлик менга чипта сотиб олишга рухсат бермади (барибир, бир томонга чипта 500 АҚШ доллари эди)».

У август ойида ТИВ ходими ундан яна ижобий мақола ёзишни сўраганини таъкидлайди. «Пандемия авжига чиққан пайт, коррупция бўйича низолар, Ўзбекистондаги одамлар тирик қолишга чоралари йўқ бўлган давр, минглаб одамлар Сардоба воқеасидан сўнг яшаш жойларидан ажралган. Миллионлаб муаммолар орасида қандай қилиб ижобий мақола ёза олишимни ундан сўрадим?».

«Менга объектив эмаслигимни ва журналист эмаслигимни айтишди. Менинг жаҳлим чиқди ва унинг устидан шикоят ёзишимни айтдим». Кейинги кун журналист шикоят ёзган. Агнешка Вилчевска ТИВ ходими Telegram’даги ёзишмаларни ўчирганини, лекин унда скриншотлар борлигини айтган. Шикоят бўйича унга ҳеч ким жавоб қайтармаган.

У янги аккредатация учун ариза берган ва 1 февраль куни жавоб олган. «Менинг аризамга рад жавобларини беришларининг расмий сабаби фақат баҳона
», — дейди у.

«Ўзбекистон ҳукумати халқаро журналистларнинг муаммолар ҳақида ёзишини хоҳламайди, уларга бундай оммавийлик керак эмас. Улар туризм ва бўлмаган ривожланиш ҳақида мақолалар хоҳлашади. Сизга эслатиб ўтаман, мен бу ерда жойлашган инглиззабон ягона журналистман», — деб якунлайди ҳикоясини журналист.

Агнешка Пикулиска-Вилчевска Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари унга ҳар сафар мақола ёзмоқчи бўлганида алоҳида аккредитацияга ариза топширишни маслаҳат беришганлигини ҳам айтади.

Ташқи ишлар вазирлиги ушбу ҳолат бўйича ҳозирча изоҳ бергани йўқ.

Агнешка Пикулиска-Вилчевска — Тошкентда фаолият юритувчи мустақил журналист. У The Diplomat, Guardian, Al Jazeera, Eurasianet ва бошқа кўплаб инглиз ҳамда поляк тилларидаги халқаро нашрлар учун мақолалар ёзади. У Аёл журналистлар Коалициясининг аъзоси. Бундан ташқари, у Тошкентдаги Вебстер университетида ҳам дарс берган.

Ҳозирда унинг мақолалари асосан Президент Шавкат Мирзиёев даврида Ўзбекистондаги ўзгаришлар ва ўзбек жамиятининг ўтиш даврида дуч келаётган синовлари ҳақида. Бундан ташқари, у Афғонистон ҳақидаги воқеаларни ҳам ёритиб боради.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Алламжонов ТИВ ходими тегажоғлик қилган чет эллик журналист аёл воқеасига муносабат билдирди