
Ҳозирда эрга тегаётган қизларнинг аксари иккита “эр”га тегишмоқда...
Ажабланманг, бу ҳақиқат. Биринчиси ўзининг эри бўлса, иккинчиси – қайнонаси. Турмуш қилаётган қизларнинг аксар ҳолдаги муаммоси эри билан эмас, қайнонаси билан бўлади.
Қайнонага ёққан келин тинч, осуда ва бахтли яшайди. Мабодо қайнонага ёқмай қолса иш чатоқ: жеркишлар, ҳақоратлар ва жанжаллар ичида қийналиб яшайди.
Мавзуга киришдан олдин мана бу ҳадиси қудсийга эътибор қилайлик:
Абу Зар Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Аллоҳ таоло айтади: "Эй бандаларим, Ўзимга зулмни ҳаром қилдим ва уни сизларнинг орангизда ҳам ҳаром қилдим. Бир-бирингизга зулм қилманглар".
Муслим ривояти.
Зулм ҳаромдир. Уни қилувчи ким бўлиши ва кимга қилишининг фарқи йўқ. Золим кимса Аллоҳ ҳаром этган ишни қилаётган бўлади. У қайнона бўлиб келинига зулм қиладими ёки ота бўлиб фарзандига зулм этадими, зулм ҳисобланаверади.
Қайноналар келинини ёмон кўриб қолишининг бир неча сабаблари бор.
Ўғлини келинидан қизғаниши, бир маҳаллар қайнонасидан зулм кўргани, ўзининг ўта инжиқ ва оғир феъли.
Нима қилиш керак?
Бу ўринда ўғиллар ўта ҳушёр бўлиши лозим.
Ҳурматли ўғиллар, уйланган битта сиз эмас, отангиз ҳам бир маҳал онангизга уйланган, бошқалар ҳам уйланишган. Уйлангач бор эътиборингизни фақатгина аёлингизга қаратманг! Сизни йигирма йиллаб боққан, меҳр берган онангизга бу жуда оғир ботади. Натижада эса келиндан сизни қизғана бошлайди.
Уйга келганингизда дарров "Келинингиз қани?", деб сўраманг. Аввал "онажон яхшимисиз, тинчмисиз, ҳаммаси жойидами", дея ҳол сўранг.
Иложи бўлса келин ҳақида умуман сўраманг. Онангиз олдида ўтираверинг, шошиб уйингизга кириб кетманг. Онангиз кўнгли тўлгач, "бор, уйингга кир", дейди. Онангиз олдида "келинингиз яхшими, қийналмаяптими, оғир иш қилавермасин", каби гапларни айтманг. Бу баъзи феъли тор қайноналарга оғир ботиши ва келинни душман кўриб қолишига сабабчи бўлиши мумкин.
Келин билан "Онам уришса ҳам индама, мен онам олдида қаттиқроқ гапирсам ҳам индама, бу оддий пўписа бўлади, иншааллоҳ ичкарида келишиб оламиз, совғаларим бор, онам боласини қизғаниб қолади, она-да, ҳозир хўп-хўп деявер. Ҳали ўзинг ҳам Аллоҳ ўғил берса, уйлагач, келинингдан қизғаниб қолишинг мумкин", дея келишиб олинг.
Нарса олиб яшириб ичкарига олиб кирсангиз-у, буни онангиз сезиб қолса, адоватлар зиёда, жанжаллар янада кўпроқ бўлади.
Онангиз билан аёлингиз ўртасини ислоҳ этувчи ўзингиз!
Қайноналарга ҳам айтадиган гапимиз бор.
Ҳурматли қоим оналар! Сиз келинга она ўрнида онасиз, асло рақиб эмас.
Қайнона бу қоими она, яъни она ўрнига она, дегани.
Бировнинг гулдек фарзандини қул ёки чўри деб билманг. Унутманг, келинингиз сизга эмас ўғлингизга теккан. Сизни эмас, унинг хизматини қилиши лозим.
Ўзингизни қизингизни қайнонаси қандай муомала қилишини истасангиз, келинингизга шундай муомала қилинг.
Бировни гулдай фарзанди ўғлингизга ёқиб турса-да, сизга ёқмаётгани учун хўрламанг, Аллоҳдан қўрқинг.
Сизга ёқмаган келинни ўғлингиз яхши кўрса адоватни кучайтирманг, фарзандингизнинг кўнглини вайрон қилиб, набираларингизни отадан айириб қўйманг.
Бир вақтлар қайнонангиз сизга зулм қилган бўлса аламини келинингиздан олманг. Аллоҳнинг жазосидан қўрқинг. Аллоҳ таоло мазлум дуосини мустажоб этади, "Аллоҳим Ўзинг кифоя қил", деган дуо келинингиз оғзидан чиқишига сабабчи бўлманг.
Қачонки қайноналар келинларни ўз қизидек кўрса, яхши гапириб, адашганида чиройли ислоҳ қилса, оилада барака бўлади.
Қачонки келинлар қайнонасини ўз онасидек кўрса, энг севикли одамининг онаси унга ҳам севикли бўлишини лозим тутса, "хўп бўлади"ни кўп айтишга ўрганса, оила фаровон бўлади.
Аллоҳ барчамизни ислоҳ этсин. Бу бир маслаҳатдир. Мабодо сизга ёқмаса, ўзимизга тан.
Суннатуллоҳ Абдулбосит
Манба: Azon.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар