21:45 / 08.02.2021
1 106

Вегетатив дистония синдроми нима?

Вегетатив дистония синдроми нима?
Бу ташхис врачлар томонидан кўп қўйилади. Беморлар ҳам бу касаллик қандай дард экан деб қизиқиб юришади. Шу ҳақда маълумот бериб ўтсак. Вегетатив дистония синдроми юрак тез уриб кетиши, қизиб ёки совиб кетиш, кўп терлаш, қўрқув ва хавотир, уйқу бузилиши, жиззакилик, бош оғриғи, бош айланиши каби белгилар билан намоён бўлувчи касаллик. Касалликнинг эски номи “нейроциркулятор дистония” бўлиб, ёшлар орасида кўп учрайди.

Бундай беморларнинг қон босими кўпинча паст юради, юраги тез уради, тўйиб нафас ололмайди, худди ҳаво етмагандек туюлади, қорни ғўлдираб юради, тез-тез сийишга боради, жинсий совуққонлик пайдо бўлади. Уларда юрак санчишлари кўп кузатилганлиги боис, доимо ЭКГ аппаратига тушиб юришади. Бироқ юрак касаллиги аниқланмайди ва бу ҳолат асаб билан боғлиқлиги маълум бўлиб қолади. Юрак соҳасидаги оғриқлар санчувчи, куйдирувчи ва сиқувчи хусусиятга эга.

Беморнинг жаҳли чиқса, қорачиқлари кенгайиб кетади, юраги дукиллаб ура бошлайди, қон босими тушиб кетади, боши айланади, кўнгли айнийди, қулоқлари шанғиллайди ва битиб қолади. Уларда ҳаво етишмай бўғилиб қолиш, томоқда бирор нарса бордек ҳолатлар кўп кузатилади.

Аксарият беморларда чуқур хўрсиниб қўйишлар пайдо бўлади. Одамлар гавжум ва ҳавоси димиққан жойлар уларга ёмон таъсир қилади, совуққа ҳам чидамсиз бўлишади. Тунда иккала оёғи безовта бўлиб, ухлай олмай чиқиш ҳам учраб туради. Тонг ёриши билан оёқлардаги безовталик ўтиб кетади. Бундай беморлар эрталаб уйғонганда юз-кўзлари бир оз шишган ва кўзлар таги салқиган бўлади. Баъзида аёллар «Шишиб кетаяпман» деб, сийдик ҳайдовчи дорилар ичиб юришади. Қориннинг пастки қисми оғриб туриши, ичак фаолияти бузилиши, овқатнинг қийин ҳазм бўлиши ҳам кузатилиб туради.

Бу касалликда беморнинг кайфияти тез-тез бузилиб туради ва арзимаган нарсага жаҳли чиқади, ҳиссий портлашлар тез-тез кузатилиб туради, атрофдаги воқеалардан доимо норози бўлиб юради. Баъзида депрессияга тушиб, ҳеч ким билан гаплашмай қўяди, ҳеч нарсадан қониқмайди. Асоссиз қўрқув ва хавотир, ақлий ва жисмоний ишларга хоҳиш йўқлиги, паришонхотирлик ва хотиранинг панд бериб юриши вегетатив дистониянинг доимий ҳамроҳидир.

Даволаш қандай олиб борилади? Беморни даволаш деярли ҳар доим ижобий натижа беради. Даволашни невропатолог ва тиббий психолог амалга оширади. Даволашда физиотерапевтик ва психотерапевтик муолажалар кўп қўлланилади.

“Асаб ва руҳият” илмий-тиббий
маркази директори, профессор
Зарифбой Ибодуллаев


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Вегетатив дистония синдроми нима?