09:13 / 18.02.2021
3 185

«Путин Каримовдан кўп нарсаларни ўрганган» — Биринчи Президентнинг хос соқчилари бошлиғи

«Путин Каримовдан кўп нарсаларни ўрганган» — Биринчи Президентнинг хос соқчилари бошлиғи
Фото: «РИА Новости»
Ислом Каримовнинг Биринчи Президент бўлиши — ўзбек халқининг ютуғи. Бу ҳақда Ўзбекистон Биринчи Президентининг биринчи хос соқчилари бошлиғи бўлган Жаҳонгир Абиров «Рост24»га берган интервьюсида айтиб ўтди.

«1990 йили май ойи ўрталари эди. Рустам Иноятов менга қўнғироқ қилди ва энди Сурхондарёга ишга кетасан, деди. Боришдан олдин Президент билан кўришишим керак эди. Икки кундан кейин раҳбаримиз телефон қилди. Георгий Крайнов мени Ислом Абдуғаниевичнинг олдига олиб кирди. У эса ўз жамоамизни шакллантиришимизни айтди.

‘Мен Сурхондарёга ким билан борарканман?’, деб ўйлаб турсам, аслида Президент қўриқлаш хизматини бошқариш топширилган экан. Умуман кутилмаганда содир бўлган бу тайинлов
», — деб хотирлайди Ислом Каримовнинг биринчи хос соқчилари бошлиғи.

«Уни қачондан бери билсам, у ҳеч қачон таътилга чиқмаган. Ишга эрта келиб, кеч соат 10 да уйга қайтарди. Халқ билан кўришганда кўпроқ ҳимояламоқчи бўлардик, шунда у ҳаддан зиёд тартиб сақлаяпсан, дерди.

Мен ‘Ислом Абдуғаниевич, сизни халқ яхши кўради, Худо кўрсатмасин, бирор гап бўлса, менинг ишим чатоқ бўлади. Ҳарбий прокурор олиб бориб қамайди. Мен ўз вазифамни бажаряпман. Топшириқ — топшириқ, мен сизга содиқман. Бошингиздан бир тола сочингиз тўкилишини ҳам хоҳламайман’, дердим
», — дейди Жаҳонгир Абиров ва Ислом Каримов билан биринчи саёҳатини ҳам эслаб ўтган.

«Биринчи раҳбар билан биринчи саёҳатимиз Туркманистонга бўлганди. У ердаги ҳамкасбим бизни Президент турадиган жойга олиб борганди. У менга бу ерда ҳеч ким яшамайди, деди.

Мен унинг бу фикрини фақат сўзига ишониб эмас, балки далил билан аниқлашим керак эди. Шунчаки сув жўмрагини очиб кўрдим. Зангли сув тушди ва бу ҳолат бу ерда ҳеч ким яшамаганига ишора эди
», — деган Жаҳонгир Абиров.

Унинг айтишича, Ислом Каримов жуда доно, ақлли, талабчан ва ўта меҳнатсевар одам эди. У кечгача халқ учун ишларди. Ўзининг меҳнати ва сиёсати билан халқаро миқёсда ҳурмат қозонди.

«Шахсан Путин уни ҳурмат қилган. Путинни биласиз, у халқаро миқёсда қандай обрўга эга. Айтмоқчиманки, Путин Каримовдан кўп нарсаларни ўрганган. У бундан уялмаган», — деб таъкидлаган Ислом Каримовнинг биринчи хос соқчилари бошлиғи.

Аввалроқ Биринчи Президентнинг 1990—1992 йиллардаги хос соқчилари бошлиғи бўлган Саъдулла Муҳамадқулов «Рост24»га берган интервьюсида «Путин у кишини устозим, деб биларди», деб айтганди. «Вафот қилганларидан кейин Россия Федерацияси президенти Владимир Путин келиб, уларнинг қабрларига гул қўяётганда бош эгди ва тиззалади. Нима учун? Путин у кишини устозим, деб биларди. Россияда вақтида шокотерапия қилинаётганди. Булар бу нарсага йўл қўймадилар. Оғир аҳволга халқни қўйишни хоҳламадилар. Улар ҳақиқий инсон эдилар. Бундай инсонлар юз йилда бир марта келади», — деб таъкидлаганди у.

Эслатиб ўтамиз, Ислом Каримов 1991 йилдан умрининг охиригача — 25 йил давомида Ўзбекистон Президенти бўлган. У 2016 йилнинг 2 сентябрь куни вафот этган, 3 сентябрда Самарқанднинг Ҳазрати Хизр масжидидаги қадимий қабристонга дафн этилган. Каримов вафот этган сана ҳар йили Биринчи Президент хотира куни сифатида ёд этилади. Ислом Каримов таваллуд топган сана — 30 январь эса ҳар йили кенг нишонланади.

2021 йил 30 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбар қўйиб, Биринчи Президент хотирасига ҳурмат кўрсатди. Самарқанд ва Қашқадарёда ҳам Ислом Каримов таваллудига бағишланган хотира тадбирлари ўтказилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Путин Каримовдан кўп нарсаларни ўрганган» — Биринчи Президентнинг хос соқчилари бошлиғи