17:30 / 02.03.2021
1 919

Энди «заправка» қуриш учун давлат хизматлари маркази орқали рухсат олинади

Энди «заправка» қуриш учун давлат хизматлари маркази орқали рухсат олинади
Давлат хизматлари агентлиги етакчи маслаҳатчиси Азизбек Раҳматов шу пайтгача автомобилга бензин қуйиш, газ тўлдириш ва газ қуйиш станцияларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш лойиҳаларини келишишнинг аниқ тартиби бўлмагани оворагарчиликларга, коррупцияга сабаб бўлиб келганини таъкидлайди.

«Бугунги кунга қадар автомобил йўлларини, йўл иншоотларини, темир йўл кесишмаларини, автомобил йўллари ва кўчалар бўйида жойлашган АЁҚС, АГТКС ва АГҚС (автомобилга бензин қуйиш, газ тўлдириш ва газ қуйиш) станцияларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш лойиҳаларини келишишнинг аниқ тартиби, ҳужжатлар тақдим этиш жараёни ва муддатлари аниқ белгиланмаган эди. Бу, ўз навбатида, тадбиркорлик субъектларининг оворагарчиликларига, айрим ҳолларда эса коррупцион ҳолатларга олиб келаётган эди.

Эндиликда, Маъмурий регламент билан мазкур тартиб белгиланди. Хусусан, хизматдан фойдаланиш учун фақат сўровнома тўлдирилади ва лойиҳа ҳужжатлари илова қилинади. Ваколатли орган томонидан ҳужжатлар 5 иш куни ичида кўриб чиқилади ҳамда QR-код қўйилган хулоса шакллантирилади. Агар ваколатли орган томонидан белгиланган муддатда хулоса шакллантирилмаса, лойиҳа келишилган ҳисобланади.

Тадбиркорлар ўзлари учун қулай бўлган ҳудуддаги давлат хизматлари марказларига ёки электрон шаклда ЯИДХП орқали мурожаат қилишлари мумкин. Хизматни тизимда жорий этиш маълум муддат талаб қилади, шу сабабли Агентлик ҳамда АКТ вазирлиги ходимлари томонидан тегишли ишлар якунлангач, хизмат жорий этилгани тўғрисида қўшимча равишда маълумот берилади
», дея Азизбек Раҳматовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 1 мартдаги 111-сонли қарори билан Автомобил йўлларини, йўл иншоотларини, темир йўл кесишмаларини, автомобил йўллари ва кўчалар бўйида жойлашган АЁҚС, АГТКС ва АГҚС (автомобилга бензин қуйиш, газ тўлдириш ва газ қуйиш) станцияларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш лойиҳаларини келишиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.

Регламентга кўра, тадбиркорларга мазкур хизматлар Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ёки унинг ҳудудий бошқармалари (ваколатли орган) томонидан кўрсатилади.

«Бунинг учун сўровнома тўлдирилади. Шу асосда ваколатли орган 5 иш кунида лойиҳаларнинг тегишли талабларга мослигини ўрганиб чиқади. Лойиҳаларни келишиш ваколатли органнинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

Ваколатли орган белгиланган муддатларда лойиҳаларни келишиш юзасидан хулоса тақдим қилмаган тақдирда, лойиҳа Давлат хизматлари марказлари томонидан автоматик равишда келишилган деб ҳисобланади. Келишилган лойиҳалар 1 кун муддатда ариза берувчиларга электрон шаклда юборилади
», дейди Давлат хизматлари агентлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Зокирова.

Қайд этилишича, ушбу турдаги давлат хизмати кўрсатилиши учун 73 500 сўм (базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 фоизи) миқдорида, ЯИДХП орқали мурожаат этилганда эса 66 150 сўм (73 500 сўмнинг 90 фоизи) миқдорида йиғим ундирилади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Энди «заправка» қуриш учун давлат хизматлари маркази орқали рухсат олинади