19:26 / 12.03.2021
2 403

Энди қишлоқларда қуриладиган «дом»лар баландлиги 5 қаватдан, шаҳарларда эса 9 қаватдан паст бўлмайди

Энди қишлоқларда қуриладиган «дом»лар баландлиги 5 қаватдан, шаҳарларда эса 9 қаватдан паст бўлмайди
Ўзбекистон Президентининг 11 мартдаги тегишли фармони билан жисмоний шахсларга якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун кредитларни ажратиш тартиби барча ҳудудларда жорий этилди. Бу ҳақда Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Янги тартибга кўра, 2021 йилда республика бўйича жами 33 114 та квартира ва якка тартибдаги уй-жойлар қурилади, шунингдек, қишлоқ жойларда 8336 та квартира ҳамда фуқароларнинг алоҳида тоифалари учун 3550 та квартирадан иборат кўп қаватли уй-жойлар қурилади.

Шунингдек, 2021 йил учун уй-жойларнинг ҳисобланган қиймати, бир қарз олувчига ажратиладиган ипотека кредити ва дастлабки бадалнинг бир қисми учун Давлат бюджетидан ажратиладиган субсидияларнинг энг кўп миқдори тасдиқланган.

Бундан ташқари, уй-жойлар нархини пасайтириш мақсадида 1 апрелдан кўп квартирали уй-жойлар қишлоқ жойларда 5 ва ундан юқори қаватли, шаҳарларда 9 ва ундан юқори қаватли, монолит темир-бетон ва йирик панелли конструкциялар ҳамда бошқа қурилиш материаллари асосида массив шаклида қуриши лозим.

Шу билан бирга, уй-жой қурувчи ташкилотлар учун мўлжалланган цемент ҳамда металл прокати бўйича алоҳида биржа савдо секцияси жорий қилинади, 2021 йил 1 октябргача цемент маҳсулотини (ТИФ ТН коди 2523) Ўзбекистонга олиб киришда божхона божининг нол ставкаси қўлланилади. 2021 йил 1 майгача якка тартибдаги уй-жойларнинг намунавий лойиҳалари ишлаб чиқилиб, Қурилиш вазирлиги расмий веб-сайтида жойлаштирилади.

Ҳужжат билан жисмоний шахсларга якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун кредитларни ажратиш тартиби барча ҳудудларда жорий этилган (илгари Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида жорий этилган эди).

Бунда:
  • кредитлар Қорақалпоғистон Республикаси ва ҳар бир вилоятда 500 та, жами 6500 та якка тартибдаги уй-жойни қуриш (реконструкция қилиш) учун ажратилади;
  • кредитлар ипотека кредитининг энг кўп миқдорларидан ошмайдиган ва дастлабки бадали якка тартибдаги уй-жойни қуриш (реконструкция қилиш) ишлари қийматининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда, 6 ойлик имтиёзли давр билан 20 йил (йигирманчи йилни ҳам қўшган ҳолда) муддатга ажратилади;
  • даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож фуқароларга якка тартибдаги уй-жойларга ажратилган ипотека кредитлари бўйича дастлабки 5 йил мобайнида фоиз ставкасининг 10 фоизлик пунктдан ошган қисмини қоплаш учун Давлат бюджетидан субсидиялар ажратилади;
  • субсидиялар қурилган (реконструкция қилинган) якка тартибдаги уй-жойнинг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилган ойнинг кейинги ойидан бошлаб тўланади.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев раислигида 3 март куни уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилганди. Унда давлат раҳбари «2021 йилда 54 минг оилани уй-жой билан таъминлашимиз зарур», деб таъкидлаганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Энди қишлоқларда қуриладиган «дом»лар баландлиги 5 қаватдан, шаҳарларда эса 9 қаватдан паст бўлмайди