00:04 / 28.03.2021
1 783

Риштонлик отельер Саид Аҳмедов: пандемия янги имкониятларни тақдим этди

Риштонлик отельер Саид Аҳмедов: пандемия янги имкониятларни тақдим этди
Ўтган йили коронавирус инфекцияси авж олиб, сўнг бутун дунёда пандемия эълон қилингач, меҳмон-уйлар ҳам туризм соҳаси қаторида “шок” ҳолатини бошдан кечирди.

Чет эллик сайёҳлар оқими шиддат билан қисқарди, мамлакатнинг бошқа регионларидан келувчи меҳмонлар сони ҳам кескин камайди. Мана шундай шароитда меҳмон-уйлари қай тарзда “яшаб қолгани” ҳақида Sputnik мухбирига “Said “S” ceramics” меҳмон уйи эгаси, риштонлик кулол – Саид Аҳмедов сўзлаб берди.

“Said “S” ceramics” меҳмон уйи - Фарғона вилояти Риштон туманида ташкил этилган биринчи меҳмон-уйларидан бири саналади, "Фарғона-Қўқон" марказий трассасидан 25 километр масофада жойлашган.

Бутун дунёга кулолчилиги билан машҳур Риштон марказигача бу ердан 600 метр юрасиз. Аввалига 5 хонадан иборат бўлган мўъжазгина уй-отел, бугунга келиб 36 ўринли кичик меҳмонхона кўринишини олган.

Саид Аҳмедовнинг айтишича, бундан ҳатто 4-5 йил аввал бутун дунёга кулолчилиги билан машҳур Риштон туманига чет эллик сайёҳлар кўпи билан нари борса ярим соатгагина - яъни “бирров”га кириб кетишган.

Оилавий корхона – меҳмон-уйини очгач вазиятни ўзгартиришни истадим. Аввалига турфирма очдим. Самарқанд, Тошкент шаҳридаги сайёҳлик фирмалари билан туристларни Риштонга юбориш бўйича шартномалар имзоладим. Гид, транспорт масалаларини ҳал қилдим. Бугун Риштонга ташриф буюрадиган сайёҳлар учун ўзига хос дастур ҳам тузганмиз. Уларга бугун Риштонни бутун дунёга машҳур қилган кулолчилиги асоси - ноёб лойини қазиб олиш ва кулолчилик сирларини ўргатишдан тортиб, ўзбек миллий ошхонаси сирлари, хусусан, холва тайёрлаш, нон пишириш, турли таомлар тайёрлаш бўйича мастер-класслар ўтилади”, - дея ҳикоя қилади пандемия давригача бўлган туристик мавсумни эсга олар экан Саид Аҳмедов.

Меҳмон уйига эгалик қилиш билан бирга Саид Аҳмедов кулолчилик билан шуғулланиб келади. Шу ҳунари унга коронавирус пандемияси ўзи билан олиб келган инқироздан қутқарди дейиш мумкин.

Сабаби, бутун дунё сингари Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмаган коронавирус пандемияси эндигина ривожланаётган меҳмон-уйи эгаси режаларини кутилмаганда ўзгартириб юборган эди.

Пандемияда қийинчилик бўлмади, деёлмаймиз. Бор пулимизни шу бизнесга сарфлаб, анча қийналиб қолдик. Ўтган йил бошида мавсумдан умидларимиз катта эди-да. Туристлар оқими тўхтагач, секин-аста кулолчилик маҳсулотларимизга бошқа давлатлардан харидор излай бошладик. Ҳозирги кунда маҳсулотларимизни Россия, Украина, Польшага экспорт қиляпмиз”, - дейди Аҳмедов.

Суҳбатдош пандемия барҳам топиши билан Риштонда туризм қайта жонланишига, Фарғона водийсига яна чет эллик сайёҳлар ташриф буюришларига шубҳа қилмайди. Ҳозирча эса, бир йиллик танаффусдан сўнг, яхши ният билан туристларни кутиб олишга тайёргарлик ишларини бошлаб юборган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Риштонлик отельер Саид Аҳмедов: пандемия янги имкониятларни тақдим этди