18:11 / 11.04.2021
1 905

Ўзбек олимлари Алишер Навоий мақбарасини зиёрат қилишди

Ўзбек олимлари Алишер Навоий мақбарасини зиёрат қилишди
Фото: «Uza.uz»
2021 йил 7-8 апрель Афғонистон Республикасининг Ҳирот шаҳрида Алишер Навоийга бағишланган конференция ўтказилди. Буюк мутафаккир ҳаёти ва ижодини ўрганишга бағишланган тадбир иштирокчиларига Афғонистон раҳбари Ашраф Ғани ҳам видеомурожаат йўллаб, Мир Алишер Навоий нафақат туркий халқлар, балки форс адабиётида ҳам муҳим ўрин тутувчи сиймоларидан бири экани, бу улуғ зот Афғонистон замининиг ҳам буюк ифтихори эканини дарий, сўнг ўзбек тилида эътироф этди.

Анжуманда Ўзбекистон, Озарбойжон, Қирғизистон, Қозоғистон сингари мамлакатлардан ҳам бир қатор адабиётшунос олимлар иштирок этди. Буюк шоир ҳаёти ва фаолияти ҳақида маърузалар, шоир ғазалларидан намуналар, куй-қўшиқлар тингланди.

«Ҳирот азалдан Шарқ тамаддунининг қадимий бешикларидан бири саналади. Мен ҳам бу улуғ алломанинг она шаҳрини зиёрат қилиш, Навоий мақбарасини кўришни Алишер Навоий ижоди билан шуғулланишни бошлаганим — 40 йилдан бери орзу қилардим. Бугун бу орзуим амалга ошди. Агар тинчлик ва осойишталик ҳукм сурса, афғонистонлик олимлар, маданий марказлар билан ҳам алоқалар ўрнатилса, теран томирларимиз, муштарак меросимизни тадқиқ этишда янги-янги марралар забт этилган бўлар эди», — деди Ўзбекистондан борган навоийшунос олим, филология фанлари доктори Афтондил Эркинов.

Таъкидланганидек, буюк ўзбек шоири Алишер Навоий Ҳиротда таваллуд топган, шу ерда темурий султон Ҳусайн Бойқаро ҳукмронлиги даврида яшаб ижод қилган. Ўз даврида Навоий раҳнамолигида Ҳиротда қатор масжиду мадрасалар, таълим ва шифо масканлари бунёд этилган. Ул зотнинг мақбараси ҳам айни шу шаҳарда. Сўнгги йилларда икки мамлакат ҳукумати ҳамкорлигида Алишер Навоий мақбараси қайта тикланди. Ҳозирда унинг атрофида Навоий боғини ташкил этиш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Ўзбек олимлари Алишер Навоий мақбарасини зиёрат қилишди