12:15 / 22.04.2021
2 085

Финляндия таълим дастурлари ва дарсликлари ўрганилмоқда


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 ноябрдаги «Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида Финляндиянинг таълим соҳасидаги ижобий тажрибасини мамлакатимиз таълим тизимига ҳамда Миллий ўқув дастурига жорий қилиш вазифаси белгиланган эди.

Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан финляндиялик экспертлар ва расмий доира вакиллари билан қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 21 апрель куни Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Финляндиянинг Таълим ва маданият вазирлиги ҳамда Миллий таълим агентлиги ҳамкорлигида «Финляндия таълим дастурларини ўрганиш: таълим дастурлари ва ўқув материаллари» мавзусига бағишланган онлайн семинар ташкил этилди.

Унда Финляндия Миллий таълим агентлиги таълим маслаҳатчиси Ёрма Кауппинен ва агентликнинг ўқув материаллари менежери Сюзанна Бёркелл, шунингдек, Таълим инспекцияси раҳбарияти, мутасадди ходимлар ва вазирлик ва идоралар вакиллари, узлуксиз таълим тизими концепциялари ва ўқув дастурларини ишлаб чиқишда ва экспертизадан ўтказишда қатнашган мутахассислар, олимлар, 1 000 нафарга яқин ўқитувчи ва методистлар иштирок этишди.

Тадбир давомида Финляндиялик мутахассислар томонидан Финляндия таълим тизими, миллий ва маҳаллий ўқув дастурлари, дарсликлар, ўқув материаллари ва телевидение орқали дарс берувчи ўқитувчиларни тайёрлаш билан боғлиқ қатор масалалар бўйича атрофлича маълумот берилди.

Жумладан, Финляндия Миллий таълим агентлиги таълим маслаҳатчиси Ёрма Кауппиненнинг таъкидлашича, фин таълим тизимида кадрлар тайёрлаш бўйича «боши берк нуқта» мавжуд эмас. Ёшлар эрта болалик давридан бошлаб, умумий ўрта, ўрта махсус, касб ҳунар ёки олий таълим муассасаларини битирганидан кейин ҳам таълимни давом эттиришади.

Мактабларда дарс соатларининг тақсимоти ҳафтасига 1-2-синфлар учун энг камида 19 соат қилиб белгиланган бўлса, 9-синфлар учун эса ушбу кўрсаткич 30 соатни ташкил этади. Мактаблар ўқув режасига кўра, тўққиз йиллик ҳафталик умумий юклама 222 соат. Бу кўрсаткич Ўзбекистонда 254 соатни ташкил этади.

— Мактаб ўқувчиларида касблар ва соҳалар билан боғлиқ кўникма ва билимларни шакллантиришда ўзига хос ёндашув мавжуд. Бунда билим, кўникма билан бир қаторда ёндашув, муносабат ва ирода каби хусусиятлар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Яъни ўқувчиларга ҳаётлари давомида эгаллашлари лозим бўлган билим ва кўникмалар билан бирга ҳаётий трансверсал компетенциялар ўқув дастурларининг бир қисми сифатида мунтазам ўқитиб борилади.

Бундан ташқари, муниципалитетлар ва мактаблар ҳудуддаги аҳоли учун муайян кўникмаларнинг заруриятидан келиб чиққан ҳолда, ўқув дастурларига тегишли ўзгартиришлар киритишлари ҳам мумкин. Шу билан биргаликда, мактабларда ўқув жараёнларини ташкил этишда ўқувчиларнинг эҳтиёжлари, имкониятлари ва кучли томонлари ҳам ҳисобга олинади, — деди Ёрма Кауппинен.

Финляндия Миллий таълим агентлиги ўқув материаллари менежери Сюзанна Бёркелл мамлакатда ўқув материаллари (дарслик, қўлланма) ни тайёрлаш тизими ҳақида маълумот бериб ўтди.

Таъкидланишича, Финляндияда ўқув материаллари миллий ўқув дастурига асосланган ҳолда давлат тили фин ёки швед тилида тайёрланади. Ҳар бир ўқув материалини ўқув жараёнларига татбиқ этишда педагогик асосга эга эканлигига алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, ўқув материалларини тайёрлашда мамлакатдаги умуминсоний қадриятлар, таълим муҳити ва ўқитиш бўйича маслаҳатлар ва ўқитувчилар учун алоҳида материалларнинг мавжудлиги ҳисобга олинади.

Бундан ташқари, ўқув дастурларининг таълим жараёнларига татбиқ этилишида анъанавий дарсликлар билан бир қаторда инновацион технологиялар ёрдамида ташкил этилган электрон қўлланмалар ҳамда турли форматдаги материаллардан ҳам кенг фойдаланилади.

Хусусан, Финляндия давлат телерадиокомпанияси ва Финляндия таълим агентлиги ҳамкорлигида ўқитувчиларга кундалик ҳаётини мазмунли ўтказиши, ўз-ўзини ривожлантиришлари ва бошқа ўқитувчилар билан ўзаро мулоқот қилишлари учун алоҳида телеканал ташкил қилинган. Телеканал дастурлари асосан ёшларда медиа ва рақамли технологиялардан фойдаланиш маҳорати, таълим олиш, тилларни ўрганиш билан боғлиқ кўникмаларни шакллантиришга қаратилган.

Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда Финляндияда қўлланилаётган ўқув дастурлари ўзбек тилига таржима қилиниб, изчиллик билан ўрганилмоқда. Мазкур жараёнда Финляндия таълим тизимининг маҳаллий шароитга мос жиҳатлари янгиланадиган ўқув дастурларига сингдирилади.

Семинар давомида Таълим инспекцияси мутасаддилари ва экспертларнинг ушбу ўқув дастурлари ва дарслик бўйича ўзларини қизиқтирган қатор саволларга финляндиялик мутахассислардан атрофлича жавоб олишди. Тадбир якунида муҳокама қилинган масалалар бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Финляндия таълим дастурлари ва дарсликлари ўрганилмоқда