15:40 / 26.04.2021
1 350

Кексалик ноинсофликка баҳона бўла олмайди

Кексалик ноинсофликка баҳона бўла олмайди

Ўзбек халқи ўз миллий одоби, гўзал фазилатлари, ўлмас диний қадриятлари ила ажраб туради. Ушбу одобга ҳар бир ўзбек оиласида амал қилиниб, ёшларимиз ўз ота-онаси, яқин қариндошлари, маҳалла-кўй томонидан ҳам, юртимизда борки тарбия масканларида ҳам миллий одоб асосида тарбия топишади.

Ёши улуғларни эъзозлаб, ҳурматини жойига қўйиш ҳам миллий одобларимиздан бири, халқимизда урф бўлган азалий одатдир. Ҳамиша ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлмиш кексаларимиз ҳам, ўз навбатида, ёшларни кўп иззат қилиб, чиройли дуоларини аяшмайди. Бу борада ҳаётдан олинадиган кўпдан-кўп мисоллар келтириб ўтиш мумкин. Шулардан биргинасини келтириб ўтаман.

Кундалик ҳаётда шундай бир ҳолат бўлиб қолади-ки, шаҳар транспортида кетаётган йўловчининг ёнида чипта учун тўлаши керак бўлган йўл пули етмай қолади. Чиптачи ҳам йўловчининг ҳурматини қилиб, узатилган пулга қаноат қилади ёки олмай, қайтариб беради. Тўғри, бундай ҳолатларда қўпол муомала қилиб, йўловчининг кўнглига озор берадиган чиптачилар ҳам йўқ эмас, албатта. 

Кунлардан бир кун мен ўтирган автобусда кетаётган бир отахон ҳам мана шундай ҳолатга тушиб қолибди.
Синглим, набираларимга бир нималар олиб, пулимни ишлатиб қўйибман, - деди мендан икки курси нарида ўтирган қария, ўзидан бўлса беш-ўн ёшга ёшроқ чиптачи аёлга мурожаат қилиб. - Бори шу қолибди, хафа бўлмайсан энди.
Головой надо было думать, когда деньги тратил свои, - кутилмаганда ўшқириб берди аёл. - Плати давай! 

Ўгирилиб қарасам, қўлига 500 сўм ушлаган нуроний чол мўлтиллаб, дарғазаб чиптачи аёлга қараб ўтирибди (йўл ҳақи ўша даврда 1200 сўм, бувага атиги 700 сўм етмаяпти). То киссамдаги ҳамённи олиб, пул чиқаргунимча, ортимда турган чиройли жувон қариянинг қўлига беш минг сўмликни тутқазиб қўйишга улгурибди. Аёлнинг ҳақига ўқилган дуоларни эшитиб, роса ҳавасим келди.

Бироқ, афсуслар бўлсинким, бундай қўполликнинг тескари ҳолатлари ҳам учраб туради. Айрим ёши катта йўловчилар йўл чиптасининг ўрнига пенсия дафтарчасини кўрсатиб қўйиб, безрайиб ўтираверади. Бундай дафтарчанинг ўзи камлик қилиши, унга қўшиб ойлик чиптани ҳам кўрсатиш ёки йўл пулини тўлаш кераклиги ҳақидаги эслатмаси учун бечора чиптачининг бошига маломат тошлари ёғилади.

Ҳаммага ўтган дафтарчам, энди сан келгиндига ўтмай қолдими?! Қўлингдаги пулни шопир иккаланг нима қилишингни яхши биламан? - ўшқирди бир йўловчи онахон.
Олсанг, мана, шуни оласан, бошқа бермайман, - дейди терс оҳангда яна бир қария. - Бор, кимга арз қилсанг қилавер!

Бундай нохуш нарсаларни ёзмасам ҳам бўлаверар эди, албатта. Аммо эртага биз ҳам қариймиз. Кексайишимиз эса инсофсиз бўлиб қолишимизга баҳона бўла олмайди. Чиптачининг қўлига икки киши учун минг сўм тутқазганча, автобусдан базўр тушаётган анави бир жуфт маст кампир сингари:
- Вам всем следует быть благодарным за то, что мы вообще платим вам! - дея баёнот қилишга ҳеч ким ҳуқуқ бермайди.
Шокир Долимов


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Кексалик ноинсофликка баҳона бўла олмайди