12:00 / 07.05.2021
2 886

Амир Олимхон мадраса битирувчисини имтиҳон қилди ва...


Жаҳонгирхўжа Акобирхўжа 1897 йили туғилган. Амир Олимхоннинг қизи Сиддиқага уйланган, жўйборий саидзодалардан. 1925 йил қамоққа олинганида 6 ёшли Аҳмадхўжа исмли қори ўғли бўлган. 1925 йил 27 июнь куни Хонақои Жўйбор 42-уйдан қамоққа олинган ва бу вақтда деҳқончилик, аравакашлик билан шуғулланган.

У терговчининг қандай амир сенга қизини берган деган саволига: "Мен 1913 йил сўнгида 16 ёшимда мадрасани битирдим. Ананага кўра амир шу йили энг яхши кўрсаткичлар билан мадрасани битирган талабаларнинг сўнгги имтиҳонига ўзи қатнашди. Биз 6 нафар эдик.

Талабалар ёши анча катта ва жуда башанг кийиниб келишган эди. Мен уларнинг орасида энг ёши ва анча юпун кийинган эканман. Отам қари киши, деҳқончилик билан шуғулланиб, оиламиз жуда катта эди. Шунга охиридан этиборни тортмайдиган жойдан ўрин олдим.

Чақирилган таниқли мударрислар амирнинг олдида талабалар билан савол-жавоб қила бошлади. Амир жавоб берган талабаларга уларнинг жавобига қараб қимматбаҳо тўн, пул ва лавозимлар бериб келаверди.

Шу йили Амир Олимхон аввалги йилларда қандайдир ғирромликлар ҳақида эшитгани учун яна бир неча мударрисни бошқа хонага жойлаб, уларни танимасдан фақат жавобларини эшитиб баҳолаш ёки саволлар туғилса, ёзма жавоб беришини жорий қилган экан.

Мендан иккита аввал турган талаба ҳам қори экан. Шуни билдириш учун саволлардан олдин тиловат бошлади. Кузатдимки, амир тиловатни ёқтирар экан. Унга ҳам жуда яхши совға берди, қорилигига қараб қозиликда иш таклиф этди. Охирида менинг навбатим келди. Амир эътиборсиз қараб қўйди. Мен тиловатни бошладим, у киши бошини қуйи солим давом эт дегандек туюлди. Бир неча усулда давом эттирдим. Сўнг савол жавоб бошланди. Бу ҳам анча чўзилди. Лекин амир кетишни истамас ҳаммасини диққат билан эшитарди.

Менга ташқаридан савол келмади. Шундан сўнг роса катта совғалар билан менинг олдимга келди. Мен ҳам ҳайрон эдим. Шу вақт ташқаридаги мударрисларнинг баҳоларини келтиришди. Амир Олимхон менга ҳайрат билан қараб, "Кимсиз?деди. Жўйборий сайидзодаларданлигимни айтдим. Қўлидаги совғаларини ташлаб юборди. Менга "Сиз учун менинг хазинам ҳам этмас экан, лекин хазинамдан ҳам қиммат кўрганим бир жавоҳирим бор. Сиз менинг қизимга уйланасизми?деди. Шу тариқа амирнинг куёви бўлиб қолдим".

Бахром Ирзаев

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Амир Олимхон мадраса битирувчисини имтиҳон қилди ва...