09:49 / 11.05.2021
3 634

Сут соғувчи опанинг қарғиши


В. И. Ленин номидаги Халқлар дўстлиги саройида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимларининг қурултойи бўляпти. Президиумда Московдан келган КПСС МКнинг қишлоқ хўжалиги бўйича котиби ва Ш. Рашидов ва ҳукумат аъзолари ўтиришибди.

Бир пайт илғор сут соғувчи опага сўз беришди. Опа минбарга чиқиб,  “Ассалому алайкум...” дейиши билан 4 ярим минг кишилик зал жимиб қолди. Шунақа сукунат чўкдики, пашша учса эшитилади. Сўнг бирдан гўё бомба портлагандай норозилик ҳайқириқлари, полни тепишлар, ҳуштаклар овозидан зал ларзага келди. Ҳалиги опа, нимаям бўлиб, ўзбек тилида гапириб қўйди-да!

У пайтларда бу мутлақо мумкин эмас эди. Ҳатто ЎЗБЕК тилида ёзадиган, ЎЗБЕК ёзувчиларининг тўртта одам қатнашадиган йиғилишлари ҳам бегона тилда олиб борилар эди.

Бояги сут соғувчи опа Рашидов томон қаради. У эса ерга қаради. Шу пайт Шароф отанинг хаёлидан нималар ўтди, буни унинг ўзи-ю, ёлғиз худо билади. Опа Шароф отадан умидини узиб, йиғлаганича минбардан тушиб кетди. Эртаси куни шу кўрсатув такроран намойиш қилинди – аммо унда бу саҳна қирқиб ташланган эди...

Мен бир нарсага ҳайрон бўламан: залдаги ҳуштак чалиб, полни тепкилаганлар – ўзимизнинг қоракўзлар – деҳқон, чорвадор, миришкорлар. Ўлсин агар, уларнинг биронтаси рус тилида “твая-мая” қилиб бўлсаям уч баҳога ҳам гапира олишса!  Бир ғазабим қўзийди, бир раҳмим келади.

Бугун “Ўзбек тили ҳақида Қонун”нинг янги таҳрирдаги лойиҳасини қабул қилмаганлар ўшаларнинг фарзандлари бўлса не ажаб! Ё минбардан йиғлаб тушиб кетаётган опахонимиз “Болангдан қайтсин” деб қарғаганмикан?..

Шароф Бошбеков

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сут соғувчи опанинг қарғиши