21:06 / 16.05.2021
4 505

«Қўлларини боғлаб, икки соат зўрлашган». Андижонда 18 ёшли келинни зўрлаганликда олти киши гумон қилинмоқда

«Қўлларини боғлаб, икки соат зўрлашган». Андижонда 18 ёшли келинни зўрлаганликда олти киши гумон қилинмоқда

Фото: Видеодан кадр
Андижон вилоятида беш нафар эркак дала шийпонида 18 ёшли келинни зўрлагани, келиннинг яқинлари қонунбузарларга чора кўришни сўраётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси баёнот бериб, тегишли экспертизалар тайинлангани, терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этаётганини маълум қилган эди. Бош прокуратура матбуот хизмати ҳолат бўйича қўшимча маълумотларни маълум қилди.

Маълумотларга кўра, 2002 йилда туғилган, «Бобоғози» маҳалласи Боғкўча кўчасида яшовчи О.О. исмли аёлни зўрлаганликда беш эмас, балки олти киши гумон қилинмоқда. Уларнинг барчаси Андижон туманида яшайди, жумладан,
  • «Қорақалпоқ» маҳалласи Зармаржон кўчасида яшовчи, 1990 йилда туғилган ҳайдовчи О.М. — унинг оиласи, икки нафар фарзанди бор, муқаддам судланмаган;
  • «Бобоғози» маҳалласи Омадёр кўчасида яшовчи, 1992 йилда туғилган мавсумий ишчи А.С. — унинг оиласи, икки нафар фарзанди бор, муқаддам судланмаган;
  • «Айланпа» маҳалласи Айланма кўчасида яшовчи, 1984 йилда туғилган ҳайдовчи А.М. — унинг оиласи, уч нафар фарзанди бор, муқаддам судланмаган;
  • «Бобоғози» маҳалласи Тор кўчасида яшовчи, 1979 йилда туғилган ҳайдовчи М.Ж. — унинг оиласи, икки нафар фарзанди бор, муқаддам судланмаган;
  • «Айланпа» маҳалласи Айланпа кўчасида яшовчи, 1985 йилда туғилган ҳайдовчи Х.Ж. — унинг оиласи, тўрт нафар фарзанди бор, муқаддам судланмаган;
  • «Қорақалпоқ» маҳалласи Ўтмишобод кўчасида яшовчи, 1990 йилда туғилган ҳайдовчи Б.А. — унинг оиласи, икки нафар фарзанди бор, муқаддам судланмаган.
О.О. исмли 18 ёшли аёлнинг тушунтириш хатида таъкидланишича, у 13 май куни турмуш ўртоғи О.О. билан бирга «Қорақалпоқ» маҳалласи Зарипак кўчаси ўрамида жойлашган дала шийпонига деҳқончилик ишлари билан шуғулланиш учун борган, соат тахминан 16:00 да чайлада бир ўзи қолган вақтда маҳалладоши А.С. маст ҳолатда келиб, уни ва эрини танишини, уларнинг уйига ўтин олиб берганини айтиб, аёлнинг эгнида бўлган кўйлак ва лозимларини ечиб ташлаб, 30 дақиқа давомида жинсий алоқада бўлган.

Аёлнинг тушунтиришига кўра, шундан кейин А.С. шерикларини чақирган, улар ҳам чайла ичига кириб, аёлнинг қўлларини ушлаб турган, А.С. эса яна бир соат, ундан кейин О.М. аёл билан ярим соат жинсий алоқа қилган (тушунтириш хатида таъкидланишича, О.М. аёлни товуқ катаги ичига олиб кириб, қўлларини арқон билан боғлаб қўйган). Шундан сўнг аёл эрининг олдига бориб, бирга қўй боққан, соат 20:30 да эса жинсий аъзосидан қон келиб, ҳомиласи қимирламай қолганини билган.

«Фуқаролар О.М., А.С., А.М., Х.Ж.ва Б.А. ўз кўрсатувларида ҳақиқатан ҳам 13 май куни соат тахминан 14:00 да ‘Қорақалпоқ’ маҳалласи Зарипак кўчаси ўрамида жойлашган дала майдони томонга чўмилиш учун боргани, шу ердаги Қорадарё сойида чўмилишгани, бироқ шу куни О.О. исмли аёлни кўрмагани ва у билан жинсий алоқада бўлмаганини билдирган», — дейилади расмий маълумотномада. Гумон қилинувчи сифатида кўрсатилган бобоғозилик М.Ж.дан кўрсатма олинган-олинмаганига аниқлик киритилмаган.

Мазкур ҳолат юзасидан 16 май куни Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган (бу ҳақда ҳодисанинг айрим тафсилотлари келиннинг яқинлари томонидан ижтимоий тармоқларда эълон қилинганидан сўнг маълум бўлди), дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Маълумот учун, Жиноят кодексининг 118-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилган шахсар 3 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум этилади.

Айни вақтда, 118-модданинг 2-қисми «в» банди (бир гуруҳ шахслар томонидан зўрлик ишлатиб, қўрқитиб ёки жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиб жинсий алоқа қилиш) билан айбдор деб топилган шахслар 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши белгиланган. Агар номусга тегиш оғир оқибатларга олиб келган бўлса (118-модда 3-қисми «д» банди), айбдор 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » «Қўлларини боғлаб, икки соат зўрлашган». Андижонда 18 ёшли келинни зўрлаганликда олти киши гумон қилинмоқда