Инфантинони ҳайратда қолдирган жасорат: У Ўзбекистоннинг ЖЧ-2026’даги ўйинларига баҳо берди

Инфантинони ҳайратда қолдирган жасорат: У Ўзбекистоннинг ЖЧ-2026’даги ўйинларига баҳо берди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • FIFA президенти Жанни Инфантино Ўзбекистоннинг 2026 йилги Жаҳон чемпионатидаги дебютини юқори баҳолади ва футболчиларнинг майдондаги фидойилигидан ҳайратда қолганини билдирди.
  • Унинг таъкидлашича, ўзбекистонлик футболчиларнинг чин юракдан ўйнаши ҳар қандай натижадан устун туради, чунки бу уларнинг жаҳон чемпионатига илк чиқиши эди.

АҚШ, Мексика ва Канада яшил майдонларида бўлиб ўтган 2026 йилги Жаҳон чемпионати ўзбек футболи солномасига олтин ҳарфлар билан муҳрланди. Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) президенти Жанни Инфантино мусобақа якунлари бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг мундиалдаги дебюти ҳақида илиқ ва самимий фикрларини билдирди.

Халқаро футбол ташкилоти раҳбарига «Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон ўйинларини кузатдингизми ва сизга энг кўп нима таассурот қолдирди?» дея берилган саволга Инфантино мутахассис ва мухлис сифатида ҳайратини яширмади.

«Энг катта таассурот — футболчиларнинг майдонга юракдан тушгани бўлди»

ФИФА президенти ўзбек футболчиларининг майдондаги фидойилиги ҳар қандай натижадан устун турганини таъкидлади:

«Ҳа, албатта, ўйинларни кузатдим ва бу ҳақда мамлакат президентига ҳам айтдим. Менда энг катта таассурот қолдирган жиҳат — футболчиларнинг майдонга чин юракдан тушгани бўлди.

Бу уларнинг жаҳон чемпионатига илк чиқиши эди. Биласизми, бу мутлақо бошқа тажриба, тамомила янги босқич. Сиз содир бўлаётган воқеалардан ҳайратда қоласиз, аммо улар ростдан ҳам жуда яхши ўйин кўрсатишди. Колумбияга қарши ўйин... Улар дуранг натижани ушлаб туришди, аммо энг охирги дақиқаларда гол ўтказиб юборишди. Лекин бу унчалик муҳим эмас, чунки улар бутун мамлакатни фахрлантиришга эришди.

Жаҳон чемпионатида жуда кўплаб жамоалар ўйнайди, аммо Ўзбекистон чин дилдан ўйнади. Энг муҳими ҳам аслида шу».

Тарихий қадам: Каннаваро шогирдларининг мундиалдаги йўли

Италиялик машҳур мутахассис Фабио Каннаваро қўл остида тарихда илк бор мундиалнинг финал босқичи йўлланмасини қўлга киритган Ўзбекистон термаси кучли рақиблар жой олган «K» гуруҳида мураккаб баҳсларни ўтказди:

  • Колумбия — Ўзбекистон 3:1: Дебют учрашуви Мехико шаҳридаги афсонавий «Ацтека» стадионида ўтди. Ҳамюртларимиз баҳс сўнгига қадар жаҳон грандига муносиб қаршилик кўрсатиб, мухлислар олқишига сазовор бўлди.

  • Португалия — Ўзбекистон 5:0: Иккинчи турда турнирнинг бош фаворитларидан бири бўлган португалларнинг улкан тажрибаси ўз сўзини айтди.

  • Конго — Ўзбекистон 3:1: Гуруҳдаги сўнгги драматик баҳсда рақибларнинг қўли баланд келди ва термамиз очко жамғара олмаган ҳолда турнир билан хайрлашди.

Жаҳон эътирофи: Шомуродов ва Ҳусанов дунё нигоҳида

Гарчи жамоа гуруҳ босқичидан плей-оффга йўл ололмаган бўлса-да, Ўзбекистон вакиллари мундиал статистикаси ва рекордларига ўз номини киритди:

  • Шомуродовнинг шоҳ асари: Терма жамоа сардори ва тўпурари Элдор Шомуродов томонидан киритилган гол бутун Жаҳон чемпионатининг энг чиройли икки голидан бири сифатида расман эътироф этилди.

  • Ҳусановнинг рекорд тезлиги: Ҳимоя чизиғининг мутлақ етакчиси Абдуқодир Ҳусанов мундиалнинг энг тезкор ҳимоячилари қаторидан мустаҳкам жой олди ва йирик скаутлар эътиборини тортди.

  • Янги номлар кашфиёти: Жаҳон чемпионати халқаро футбол жамоатчилиги ва гранд клублар учун яна бир нечта ёш ва иқтидорли ўзбек футболчиларини кашф этиб беришда улкан трамплин вазифасини ўтади.

Ўзбекистоннинг 2026 йилги жаҳон чемпионатидаги иштироки нафақат мамлакат спорти учун янги даврни очди, балки жаҳон футболи элитасининг миллий футболимизга нисбатан ҳурматини янада оширди.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар