14:38 / 30.05.2021
842

«Ҳали иккинчи ва учинчи ўқиш бор» — «Реклама тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бўйича изоҳлар берилди

«Ҳали иккинчи ва учинчи ўқиш бор» — «Реклама тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бўйича изоҳлар берилди

Депутатлар янги таҳрирдаги «Реклама тўғрисида»ги қонун лойиҳасига билдирилаётган эътирозларга ўз муносабатини билдирмоқда.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси, депутат Бобур Бекмуродов телеграмдаги каналида қонунлар кўриб чиқилиши жараёни ҳақида тушунтириш бериб, биринчи ўқишда қонун лойиҳаси концептуал жиҳатдан кўриб чиқилишини айтиб ўтди. Яъни қонун биринчи ўқишда қабул қилингани билан ҳали иккинчи ва учинчи ўқиш ҳам бўлиб ўтади.

Иккинчи ўқишда муҳокама ва овоз бериш моддама-модда ўтказилади. Яъни қонуннинг айни бир қисми соҳа ривожига зарар етказиши мумкин бўлган тақдирда, ушбу моддани ўзгартириш ёки бутунлай чиқариб ташлаш имконияти бўлади.

«Биринчи ўқишда қонун лойиҳаси концептуал жиҳатдан кўриб чиқилади:
- Қонун лойиҳаси концепцияси;
- Конституцияга мувофиқлиги;
- Қонунни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар каби масалалар кўрилади. 
Иккинчи ўқишда муҳокама ва овоз бериш моддама-модда ўтказилади. Яъни қонуннинг айни бир қисми соҳа ривожига зарар етказиши мумкин бўлган тақдирда, ушбу моддани ўзгартириш ёки бутунлай чиқариб ташлаш имконияти бўлади», дейилади постда.

«Миллий тикланиш» демократия партияси етакчиси, Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров ҳам телеграмдаги каналида бу борада изоҳ бериб, биринчи ўқишда қонуннинг моддалари муҳокама қилинмаслигини айтиб ўтди.
Бу қонунга «Миллий тикланиш» ДП фракцияси ҳам қатор таклифлар тайёрламоқда. Амалдаги таҳрирга бизнинг ҳам эътирозларимиз бор.
Қисқагина тушунтириш...
Қонун уч ўқишда қабул қилинади. Биринчи ўқишда «шу қонун керакми, йўқми» деган савол қўйилади. Қонуннинг моддалари муҳокама қилинмайди.
Кўриб турганингиздек, барча фракциялар соҳада ўзгаришлар керак деб ҳисоблашди. Демак, соҳада ўзгариши керак бўлган масалалар бор.

Биргина мисол, бугун бевосита даромадини белига тепадиган қонун қабул қилиш хавфи туғилганида парламентни масъулиятли овоз беришга чақираётганлар сайловлар вақтида сайловчиларни масъулият билан овоз беришга эмас, памперс сотиб олишга тарғиб қилишни маъқул кўрган эдилар. Улар қонунни бузмаганлар, ижтимоий тарғибот учун белгиланган ҳажмдан ортиғини, ҳатто бироз арзонроқ ҳам бермадилар, холос. Улар ҳақ эдилар. Муаммо қонунда эканлиги маълум.

Партияларнинг молиявий бақувват эмаслиги, сайловчиларнинг 5 фоиз қисмигина партияларни молиявий қўллаб-қувватлаши, албатта ҳеч кимни қизиқтирмайди. Ҳаммани сифатли қонун қизиқтиради.

Яна бир савол, қонун ҳимоясида бўлган тадбиркор қадриятларга зид тушунчани тарғиб қилгиси келиб қолса нима бўлади? Албатта буни очиқ амалга ошириш тақиқланган, лекин бугун жамиятларга «ёпиқ мессежлар» таъсирчанроқ бўлмоқда.

Шу сабабли, истисно ҳолларда, ҳокимият ижтимоий тарғибот ҳажмини орттириш ёки зарур ҳолларда рекламани чеклаш имкониятига эга бўлиши керак. Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида «Миллий тикланиш» ДП фракцияси ҳамма таклифларни муҳокама қилишга тайёр, партия ғояларига зид бўлмаса, албатта кўтарамиз.

Ишламайдиган қонун ҳақида...
Қонун эҳтиёждан келиб чиқиб ташаббус қилинади ва қабул қилинади. Қонун ишламаётгани унинг керак эмаслигини эмас, ишлатила олмаётганини кўпроқ англатади.
Ҳокимият учун фуқароларнинг хотиржамлиги уларни фаровонликларидан кам бўлмаган заруратдир», дейилади постда.

Бундан аввалроқ янги таҳрирдаги «Реклама тўғрисида» қонун лойиҳаси биринчи ўқишда депутатларнинг 98,4 фоиз овози билан маъқуллангани маълум бўлгач, Kun.uz сайтида бу борадаги эътирозлар асосида материаллар эълон қилинган, янги қонун ОАВ эркинлиги ва бизнес ривожига яна бир тўсиқ бўлиши мумкинлигидан хавотирлар билдирилган, Масс-медиа фонди раиси Комил Алламжонов ҳам «Реклама тўғрисида»ги қонунга киритилаётган ўзгаришлар ОАВни молиявий жиҳатдан «ўлдириши» ҳақида айтиб ўтганди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » «Ҳали иккинчи ва учинчи ўқиш бор» — «Реклама тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бўйича изоҳлар берилди