17:30 / 26.06.2021
1 837

Сенаторлар «Судлар тўғрисида»ги Қонунни маъқуллади


Сенатнинг ўн олтинчи ялпи мажлисида «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама марказида бўлди.
Қайд этилганидек, давлатда кучли суд ҳокимиятининг мавжудлиги инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини тўлиқ равишда таъминлашга қаратилган фуқаролик жамиятини ва демократияни барқарор ривожлантириш гаровидир. Бу эса мамлакатнинг барқарор иқтисодий тараққиётни ва инвестицияларни жалб этиш нуқтаи назаридан жозибадорлигини таъминлашдаги муҳим омилдир.

Ўзбекистон Республикасининг 1993 йилда қабул қилинган «Судлар тўғрисида»ги амалдаги Қонуни мустақилликнинг дастлабки йилларида ишлаб чиқилган бўлиб, унда суд тизимидаги чуқур ўзгаришлар тўлиқ акс эттирилмаган ва у замон талабларига жавоб бермайди.
Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ–Фармони ижросини таъминлаш юзасидан янги таҳрирдаги «Судлар тўғрисида»ги Қонун ишлаб чиқилган.

Янги таҳрирдаги «Судлар тўғрисида»ги Қонун билан одил судловнинг асосий принциплари ва суд ҳужжатларини қайта кўриш тартиби такомиллаштирилмоқда, судьяларнинг мақоми, уларнинг мустақиллиги кафолатлари кучайтирилмоқда, судьялик лавозимига номзодлар ва сайланадиган шахсларга нисбатан қўйиладиган талаблар халқаро стандартларга мослаштирилмоқда, судьяларнинг интизомий жавобгарлиги қайта кўриб чиқилмоқда, судьялар ваколатларини тўхтатиб туриш, шунингдек, тугатиш асослари ва тартиби аниқлаштирилмоқда ҳамда судьяларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши эса Ўзбекистон Республикасида суд тизимининг фаолият кўрсатиш тартибини ва судьялар мустақиллиги кафолатларини такомиллаштиришга, судьялик касбининг обрўсини кўтаришга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлда қабул қилинган «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ–Фармонининг 11-бандида белгиланган вазифаларининг бажарилишига хизмат қилади.
Сенаторлар томонидан ушбу Қонун маъқулланди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сенаторлар «Судлар тўғрисида»ги Қонунни маъқуллади