18:30 / 28.06.2021
2 732

Президент билан юзлашган момо


Бугун Избоскан туманига қадам ранжида қилган киши борки, «Урганжи» маҳалласида бир тўхтаб ўтадиган бўлган. Давлатимиз раҳбари шу йилнинг 17-18 июнь кунлари Андижон вилоятига ташрифи давомида ушбу маҳаллада бўлиб, жумладан, аҳоли билан учрашди. Себзор кўчасининг 44-хонадонида яшовчи Санобархон ая Ўринбоева ўз хонадонида республикамиз Президенти билан юзлашди.

— Телевизорларда давлатимиз раҳбарининг аҳоли билан учрашувларини кўриб, қандай бахтли одамлар экан-а, юртнинг «каттаси» билан юзлашиб туришибди-я, — дея ҳавас қилардим,-дейди онахон суҳбатда. — Бироқ, қачондир менинг уйимга ташриф буюриши мумкинлигини хаёлимга ҳам келтирмаган эканман.

Санобархон ая ушбу маҳаллага 1967 йилда келин бўлиб тушган. Ортда қолган йилларни халол меҳнат билан яшаб ўтди. 6 фарзандни ўқитди, уйли-жойли қилди.

— Раҳматли турмуш ўртоғим совхозда ҳисобчи эди, — суҳбатда давом этади момо. — Мен далада ишлардим. Топганимиз рўзғордан ошмасди. Шундай бўлсада, фарзандларимизни ўқитдим. Кечалари кўйлак тикардим. Битта кўйлак учун 3 сўм хизмат ҳақи олардим. Битта боламнинг бир ҳафталик харажати эса 10 сўмдан иборат эди. Ҳамма нарсани ҳисоб-китоби билан, режали амалга оширганим учун қийинчилик кўрмаганман. Шу ўғлим ўқишга кириб, дипломни олгунча уйгаям, тўйгаям битта кўйлакни киярдим. Бу йўқчиликдан эмас, борига шукр қилиб яшашдан, деб биламан. Хоҳласам, битта кўйлагимни иккита қилишга қурбим етарди. Бироқ, шунга сарфалаган пулимни ҳам болаларимнинг келажагига сарфлашни хоҳладим.

«Обод қишлоқ» дастури маҳалладошлар қатори онахоннинг ҳам хонадонига барака олиб кирди. «Маҳаллабай» ўрганишлардан сўнг онахонинг хонадонига 50 бош товуқ олиб келиб беришди. Айни пайтга келиб улардан ҳар куни 35-40 та тухум олиняпти. Шу кунларда буғдойдан бўшаган майдондан деҳқончилик учун ер ажратиб бериладиган бўлган. Шунингдек, 1000 та тухумдан иборат инкубатор топширилди ва 500 та жўжа билан таъминланди.

— Болаларимниг айримлари ишсиз, — дейди Санобархон ая. — Бироқ, хонадонимизга товуқ олиб келингач, бекорчиликка вақт ҳам қолмаяпти. Оиламизда неча киши бўлсак, ҳаммамиз паррандачилик билан банд бўлиб қолдик. Шундай шароитларга ҳам келарканмиз, а! Ҳукуматимизга рахмат!

Онахон билан суҳбатимиз давомида амин бўлдимки, давлатимиз раҳбарининг ушбу маҳаллага ташрифи аҳолининг дунёқарашини мутлақо ўзгартириб юборди. Уларнинг эртанги кунга бўлган ишончи ортди. Энг муҳими, ҳар бир оила уй шароитидаги тадбиркорга айланди.
— Ҳаётнинг қанча оғир кунларини кўрмайлик, ҳеч кимдан ёрдам сўрамадик, — шукр қилади суҳбатдошимиз. — Нимагаки, эришган бўлсак меҳнатимиз билан топдик. Шунинг учун бўлса керак, мана уйдан чиқмаган ҳолда ризқимизни топишга ҳам имконият яратилди. Шундай шароитни яратиб қўйган давлатимиз катталарига раҳмат!

Файзли хонадондаги фариштали аёл билан суҳбатимиздан шуни хулоса қилдимки, инсон ҳамиша яхши ўйлаши, ҳалол ризқ териши ва барчага эзгуликни улашиши керак.

Саминжон ҲУСАНОВ

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Президент билан юзлашган момо