20:35 / 02.07.2021
2 192

Туркия элчиси: «Сизга бир рақамни ошкор этсам...»


Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар икки қардош мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатлар тадрижига баҳо берди. Бугун, 2 июль куни Тошкентда ўзбекистонлик журналистлар ҳамда блогерлар билан норасмий форматда учрашган дипломат савдо-иқтисодий жабҳадаги рақамларни ҳам ошкор этди.

«Фурсатдан фойдаланиб, сизлар билан айрим рақамларни бўлишсам. 2020 йилда Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо айланмаси 2,1 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. 2021 йилда эса бу рақам 3 миллиад АҚШ долларига етиши кутилмоқда. Қайд этиш жоизки, савдо муносабатларида экспорт ва импорт ўртасида мувозанат мавжуд», – деди элчи О.Бекар.

Дарҳақиқат, жорий йилда икки мамлакат савдо-иқтисодий робиталарида жонланиш ва ўзига хос ўсиш кузатилмоқда. Давлат статистика қўмитаси ҳисоботи ҳам буни тасдиқламоқда.
Хусусан, 2021 йил январь-апрель ойларида Туркия (528,5 миллион доллар) Россияни (495,3 миллион доллар) ортда қолдириб, Ўзбекистоннинг экспорт шериклари орасида иккинчи ўринга кўтарилди.

Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Туркия ваколатли идоралари ўзаро савдо-иқтисодий шерикликнинг стратегик аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, пандемиянинг таъсирига қарамай, ўзаро савдо ҳажмини қисқа муддатда 5 миллиард долларга етказишни кўзламоқда.

Умуман, журналистлар билан мулоқот асносида Туркия элчиси сиёсат, таълим, маданият, туризм, соғлиқни сақлаш, оммавий ахборот воситалари каби йўналишдаги ҳамкорлик имкониятларига тўхталди ва бу борадаги савол ҳамда таклифларга қулоқ тутди.

«Турк ва ўзбек халқларининг бир-биридан ўрганадиган жиҳатлар жуда кўп. Айрим сабабларга кўра биз бир-биримиз билан маълум муддат айро қолдик. Робиталаримизнинг ҳозирги босқичида янада яқинлашув ва ўзаро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади», – деб хулоса қилди жаноб Бекар.

Эслатиб ўтамиз, Олган Бекар жорий йил март ойидан юртимизда фаолият юритмоқда. У жорий йил 23 апрель куни Туркиянинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари сифатида Президент Шавкат Мирзиёевга ишонч ёрлиғини топширган.



Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Туркия элчиси: «Сизга бир рақамни ошкор этсам...»