16:32 / 14.07.2021
2 020

Бухорода ногирон кишини тунаган босқинчилар узоқ муддатга қамалди


Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида яшовчи ногирон фуқаронинг хонадонига босқинчилик йўли билан кириб, унинг оиласини ўлдириш билан қўрқитган ва мол-мулкини талон-торож қилган ёшларга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.

2020 йилнинг 28 декабридан 29 декабрига ўтар кечаси ғиждувонлик 24 ёшли Акбар (барча исмлар ўзгартирилган) ҳамда Шерали, 25 ёшли Равшан, 23 ёшли Марат ва 19 ёшли Маҳмуд тумандаги «Шарқ» маҳалласида яшовчи «бой ака» номи билан танилган тадбиркор, аммо ногиронлиги бўлган фуқаро Салоҳиддиннинг хонадонига бостириб киради.

Жиноий тил бириктирган ёшлар хонадон эгасини қўрқитиш ва қаршилигини енгиш учун пичоқлар билан қуролланиб, қора рангли футболкалар билан ниқобланган. Уйга бостириб кирган ёшлар чўчиб уйғонган уй аъзоларидан пул талаб қила бошлаган. Мулкларини бермаса, ўлдириши мумкинлигини айтган.

Салоҳиддин Салимовнинг турмуш ўртоғи бошқа диванда ётган ва қўрқувдан чинқириб юборган ўғлини овутиш учун унинг олдига бораётганда, ниқобдаги шахсларнинг бири аёлни силтаб, ўз ўрнига қайтиб ўтиришга мажбурлаган ва пичоғи билан унга таҳдид қилган. Оёғи протез қилинган ва қўлтиқтаёқсиз юролмайдиган уй эгаси ниқобли шахсларга дарвозахонада турган Gentra машинасининг юкхонасида пул борлигини, уларнинг ҳаммасини олиб кетиб, оиласи ва фарзандларига зиён етказмаслигини сўраган.

Икки нафар ниқобли шахс автомашина юкхонасида бўлган жами 12,5 миллион сўм пулни олган. Қолган икки нафар шахс эса уй эгасидан тилла тақинчоқларни ҳам сўраган. Шунда уй эгасининг хотини қолган барча пул ва тилла тақинчоқлари банкда гаровда эканлигини айтган. Бироқ бундан кифояланмаган ёшлар ётоқхонада бўлган жами баҳоси 8 миллион сўмга тенг бир дона Samsung S7 ва бир дона Samsung S10 русумли телефон аппаратларини ҳам олиб, йўл четида ўзларини кутиб турган ва давлат рақам белгиси беркитилган Damas’га ўтириб, зудлик билан кўздан ғойиб бўлган.

Номаълум шахслар чиқиб кетгач, орадан бир неча дақиқа ўтиб уй эгаси қайнотасига қўнғироқ қилиб, бўлган воқеаларни айтган. Қайнота бу ҳақда ички ишлар идораларига маълум қилган ва ҳолат юзасидан қидирув-суриштирув ишлари бошлаб юборилган.

Вилоят Ички ишлар бошқармаси ва Туман Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимларидан иборат тергов-тезкор гуруҳи томонидан олиб борилган изланишларга кўра, Салоҳиддиннинг хонадонига яқин канал бўйидан бир дона пластмассадан ясалган қора дастали ошхона пичоғи, қурол ўрнида ишлатилган икки дона ёғоч ва икки дона картон қоғоз бўлаклари, бир дона яроқсиз ҳолга келтирилган Nokia 1208 уяли телефон аппарати топилган.

«Босқинчилик ҳолатини содир этган шахслар воқеадан 15 кун ўтиб қўлга олинганда, улар беш нафар экани ва барчаси ҳам вақтинча иш билан банд бўлмаган ёшлар экани ойдинлашган. Уларнинг энг каттаси 25 ёшда бўлиб, улар ушбу ўғриликда иштирок этишни истамаган 19 ёшли йигитни ҳам қистов йўли билан шу йўлга бошлашган. Ачинарлиси, босқинчиликда ўзига белгиланган иштирокчилик вазифасини билиб-билмай бажарган М.Ҳ.га арзимаган пул бериб, ‘гуллаб қўйса’ ўзи ҳам жабр кўриши мумкинлигига ишора қилишган».

Суд ҳайъати иш бўйича жабрланувчи фуқарога етказилган моддий ва маънавий зарарларни қоплаш юзасидан қарор чиқариб, жиноятни содир этган шахсларга нисбатан ҳукм ўқиди.

Суд ҳукмига кўра, Акбар Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисмининг «в» банди (босқинчилик) билан айбли деб топилиб, 13 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Шу модда билан айбланувчи Шерали ҳам 12 йил муддатга, Равшан ва Марат 11 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Улар жазони умумий тартибли колонияда ўташи белгиланди. Маҳмуд эса Жиноят кодексининг 241-моддаси 1-қисмида назарда тутилган (жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш) жиноятини содир этганликда айбли деб топилган ва унга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бухорода ногирон кишини тунаган босқинчилар узоқ муддатга қамалди