21:38 / 16.07.2021
3 364

Покистон Бош вазири: Самарқанд ўйлаганимдан ҳам тарихий ва гўзал шаҳар экан


Фото: «Uza.uz»
Давлатимиз раҳбарининг таклифига кўра, юртимизга расмий ташриф билан келган Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон 16 июль куни Самарқандда бўлди. Самарқанд халқаро аэропортида юқори мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов кутиб олди.

Покистон Бош вазири Самарқанд билан танишувни Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилишдан бошлади.
Қуръон тиловат қилиниб, буюк аллома ёд этилди.

Ислом оламида муҳаддислар султони, деб эъзозланадиган Имом Бухорий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш, бу зот номи билан боғлиқ масканни обод этиш борасида олиб борилаётган ишларга Покистон Бош вазири юксак баҳо берди.

Имрон Хон Ўзбекистон Бош вазири ҳамроҳлигида Амир Темур мқабараси, Регистон мажмуаси, Мирзо Улуғбек музейи ва расадхонасини бориб кўрди.

Юқори мартабали меҳмонга мазкур обидаларнинг бунёд этилиш тарихи, буюк жаҳонгир Амир Темур ва темурийларнинг давлатчилик анъаналари, илм-фан ва маданият ҳомийси сифатида амалга оширган ишлари ҳақида маълумот берилди.

Регистон майдонидаги Тиллакори мадрасасида намойиш этилган миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари, бу ишни давом эттириб келаётган уста ва ҳунармандларнинг иши Имрон Хонда катта таассурот қолдирди.

Покистон Бош вазири ёшлигиданоқ Самарқанд ва Бухорони кўришни орзу қилгани, Амир Темурнинг бунёдкорлик ишларини катта қизиқиш билан ўрганганини алоҳида қайд этди. Имрон Хон буюк соҳибқироннинг бунёдкорлик ишларига дунёнинг турли мамлакатларидан энг яхши усталарни жалб қилгани ва у қурдирган биноларда мовий рангга алоҳида эътибор қаратилганини қайд этди.

«Самарқанд ҳақида, Амир Темур ва темурийлар давлати, уларнинг бунёдкорлик ишлари ҳақида китобларда ўқиганим учун бироз тасаввурга эга эдим, – деди Покистон Бош вазири Имрон Хон. – Бугун келиб кўрдимки, Самарқанд мен ўйлаганимдан ҳам тарихий, гўзал ва муқаддас шаҳар экан. Унинг ҳар бир гўшасида тарихнинг, буюк аждодларингиз ақлу заковати, маданиятининг изи бор. Ўзбекистонга ташрифим ана шундай унутилмас таассуротларга бой бўлаётганидан хурсандман. Биз Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга интиляпмиз ва бу бошланиши. Келгусида бу алоқаларимиз кенг кўламда, изчил давом этишига ишонаман».

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Покистон Бош вазири: Самарқанд ўйлаганимдан ҳам тарихий ва гўзал шаҳар экан