19:23 / 23.07.2021
2 675

Содиқ Сафоевга Дипломатия университети ректори вазифасини бажариш юклатилди


Сенат раиси биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевга Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори вазифасини бажариш юклатилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, 2021 йил 23 июл куни ҳукуматнинг бу ҳақдаги 456-сон тегишли қарори қабул қилинди. Ҳужжатга кўра, Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Солиҳович Сафоев Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори вазифасини бажарадиган бўлди.

Содиқ Сафоев 1954 йил 3 февралда Тошкент шаҳрида туғилган. У 1976 йил Тошкент давлат университетини иқтисодчи мутахассислиги бўйича тамомлаб, ушбу муассасада ўқитувчиликдан меҳнат фаолиятини бошлаган.

С.Сафоев фаолияти давомида Ўзбекистон президенти девонининг халқаро иқтисодий алоқалар бўлимида етакчи консултант, бўлим мудири, ташқи ишлар вазири, бир қатор хорижий давлатларда мамлакатнинг фавқулодда ва мухтор элчиси, президентнинг давлатлараро муносабатлар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси, Сенатнинг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси лавозимида фаолият юритган. У 2015 йилдан Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари саналади.

Маълумот учун, 2020 йилнинг 17 сентябридан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори лавозимида фаолият юритиб келган Комилжон Каримов жорий йил июн ойи охирларида олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Содиқ Сафоевга Дипломатия университети ректори вазифасини бажариш юклатилди