10:26 / 28.07.2021
2 429

ССВ: Aнтибиотикларни шифокор рецептисиз сотиш тақиқланади


Кейинги пайтларда кўпчилик одамлар ўпка яллиғланиши жараёнларида, тана ҳарорати кўтарилганда ва бошқа касалликларда билиб-билмай, антибиотиклардан фойдаланишни одатга айлантирди. Айниқса, бугун коронавирусга чалинган юртдошларимиз орасида ўзбошимчалик билан антибиотик ва гормон олиш ҳолатлари жуда кўп кузатилмоқда.

Бунга нафақат уларнинг етарли тиббий билимга эга эмаслиги, балки айрим ҳолларда дорихона эгаларининг ушбу дори воситалари билан савдо қилиш бўйича юртимизда белгиланган тартиб-қоидаларни четлаб ўтаётгани ҳам сабаб бўлмоқда.
ССВ матбуот хизмати ушбу мавзу юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги бошқарма бошлиғи Муҳаббат Ибрагимовага бир неча саволлар билан мурожаат қилди.

— Маълумки, антибиотиклар тиббиётда энг кўп тайинланувчи ва унинг қарийб барча соҳаларида қўлланилувчи дори воситаси саналади, — дейди М.Ибрагимова. — Бироқ улардан нотўғри фойдаланиш жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Жумладан, кейинги пайтларда антибиотикларни палапартиш ишлатиш натижасида касалликка сабаб бўлувчи бактерияларнинг препаратларга чидамлилиги ортиб бормоқда. Биргина мисол, бундан 15-20 йил илгари пенициллин кўплаб бактериологик касалликларга қарши самарали восита ҳисобланган бўлса, ҳозирга келиб, бу бактериялар мазкур антибиотикни «писанд» қилмаяпти.

Қолаверса, бугун мамлакатимизда баъзи беморлар ушбу дори воситасидан вирусли касалликлар, хусусан, «COVID-19» инфекциясини даволашда ўзбошимчалик билан фойдаланаётгани, уларнинг аҳволини янада оғирлаштириб, айрим ҳолларда ўлимга ҳам сабаб бўлмоқда.

— Антибиотиклардан ўзбошимчалик билан фойдаланишни олдини олишда юртимиз дорихоналарида ушбу воситанинг чакана савдосини белгиланган талабларга мувофиқ ҳолда ташкил этиш қанчалик муҳим?
— Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мамлакатимиз қонунчилигига кўра, антибиотикларни шифокор рецептисиз бериш тақиқланади. Жумладан, «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ, дори воситаларини рецепт билан (антибиотиклар шулар жумласидан) дорихоналардан чакана реализация қилиш Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган қоидаларга асосан амалга оширилиши белгиланган.

Шунингдек, бу каби дори препаратларини дорихоналарда сотиш Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шаклдаги рецептлар бўйича ёки тасдиқланган Рецептсиз бериладиган дори воситаларининг рўйхатига кўра рецептсиз амалга оширилади. Қолаверса, Президентимизнинг 2019 йил 6 сентябрдаги тегишли Қарорига кўра, тиббиёт ташкилотларида мулкчилик ва идоравий мансублигидан қатъи назар, беморга рецептсиз рецепт бўйича бериладиган дори воситаларни буюриш тақиқланади.

— Бу тартибга амал қилмаганларга қандай қонуний чоралар кўрилади?
— Мамлакатимизда дорихона ходими рецепт билан бериладиган дори воситасини рецептсиз сотганлиги учун қонуний жавобгарлик белгиланган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1651-моддаси (дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) ва Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 1863-моддасига (таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) кўра, бундай шахслар тегишли жавобгарликка тортилади.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 12 майдаги 284-сонли қарорига асосан ушбу қонунбузарликни дорихона мунтазам равишда (бир йил давомида икки ва ундан ортиқ марта) амалга оширса, бу ҳолат лицензия талаблари ва шартларини қўпол равишда бузилиши ҳисобланиб, лицензиянинг амал қилиши белгиланган тартибда тўхтатилишига олиб келади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » ССВ: Aнтибиотикларни шифокор рецептисиз сотиш тақиқланади