20:12 / 11.08.2021
1 442

Ўзбекистонда «Спутник V» вакцинаси қачондан ишлаб чиқарилиши маълум қилинди

Ўзбекистонда «Спутник V» вакцинаси қачондан ишлаб чиқарилиши маълум қилинди

Фото: «Дарё»
Август ойининг ўрталаридан Ўзбекистонда «Спутник V» вакцинасини ишлаб чиқариш бошланади. Бу ҳақда ОАВ вакиллари учун Олмалиқ шаҳридаги Jurabek Laboratories корхонасига ташкил этилган пресс-турда компания вакили маълум қилди, дея хабар бермоқда «Дарё».

«Россиялик мутахассислар билан ҳамкорликда ‘Спутник V’ вакцинасининг илк валидацион партиясини ишлаб чиқардик. Биринчи ва иккинчи компонентлари икки кун давомида кетма-кет ишлаб чиқарилди. Жараёнда россиялик мутахассислар шахсан иштирок этиб, кузатиб борди ва ишлаб чиқариш муваффақиятли ўтди. Валидацион партияларнинг барчаси тегишли лаборатория текширувларидан ўтказиш учун Россияга юборилди. Куни кеча текширув хулосаларини олдик ва бу ҳам муваффақиятли ўтганини айтишди», — деди компаниянинг ишлаб чиқариш бўйича директор ўринбосари Азиз Содиқов.

Унинг қайд этишича, кейинги босқичда «Спутник V» вакцинасини тижорий мақсадда ишлаб чиқариш жараёни бошланади.
«Ишлаб чиқариш жараёни август ойи ўрталарида бошланиши режалаштирилмоқда. Илк босқичда ойига 2 миллион дозадан 10 миллион дозагача ишлаб чиқариш режалаштирилган. Вакцина Россиядан бизга тайёр ҳолда юборилади, биз фақат ўша вакциналарни флаконларга қуйиб, музлатамиз. Тайёр бўлганидан кейин маълум қисмини музлатилган ҳолатда россиялик мутахассисларга лаборатория синовлари учун жўнатамиз. Улар томонидан рухсат берилгач, сўнгра халққа етказамиз.

Биринчи навбатда, ўзимизнинг бозоримизни таъминлаб берамиз. Ундан кейин ортиб қолган қисмини экспорт қиламиз. Кейинчалик ўзбек-хитой вакцинасини ҳам ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда», — деди компания вакили.

Маълум қилинишича, Jurabek Laboratories’да ҳозирги кунда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг 5 фоиздан 8 фоизгача қисми Грузия, Афғонистон, Қирғизистон ва Молдовага экспорт қилинади.

Эслатиб ўтамиз, май ойида Россиянинг «Спутник V» вакцинасини Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилгани маълум қилинган эди. Ўзбекистон томони бундай таклиф билан 2020 йилнинг декабридаёқ чиққан ва ишлаб чиқариш майдончаси сифатида Tashkent Pharma Park ҳудудини таклиф қилган эди.

Россия Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари Рашид Нургалиев 26 июль куни «Российская газета»га берган интервьюсида Ўзбекистон яқин орада Россиянинг «Спутник V» вакцинасини ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштираётганини маълум қилганди. Ўзбекистон дори воситаси ишлаб чиқариладиган ҳудудни танлаганини ҳам айтганди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев август ойининг дастлабки ҳафтасидан бошлаб Ўзбекистонда «Спутник V» вакцинасини ишлаб чиқариш бошланишини маълум қилгани, Ўзбекистонга 1,2 млн доза Pfizer вакцинаси олиб келиниши ҳамда Шавкат Мирзиёев ҳокимларга вакцинация бўйича ишларни қаттиққўллик билан назоратга олишни топширгани ҳақида хабар берилган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)
Мавзуга оид янгиликлар


Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда «Спутник V» вакцинаси қачондан ишлаб чиқарилиши маълум қилинди
[/banner_pushhouse