16:20 / 12.08.2021
3 414

Тошкентда қовун-тарвуз сотувчиси ва ИИБ ходимлари ўртасида жанжал юзасидан изоҳ берилди


Ижтимоий тармоқларда бир неча ИИБ ходимлари қовун-тарвуз сотилаётган жойда фуқарони қўлга олишга уринаётгани акс этган «Навбат бечора деҳқонларга келдими дейман» сарлавҳали видео тарқалди. Тошкент шаҳар ИИББ ҳолатга изоҳ берди.

Маълум қилинишича, ҳолат 5 август куни соат 18:10 да Тошкентнинг Янгиҳаёт туманида юз берган. Турсунзода кўчасидаги йўл четида Ш.Г. полиз экинларини сотиш мақсадида териб қўйиб, бу билан жамоат тартибини бузган.

Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари текшириш мақсадида Ш.Г.дан шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини ва савдо қилиш ҳуқуқини берувчи рухсатномани тақдим этишини сўрашган. Аммо фуқаро ИИО ходимларининг қонуний талабларини менсимай, уларни уятли гаплар билан ҳақорат қилган ва жавобгарликдан қутулиб қолиш ниятида атрофдагиларнинг эътиборини тортмоқчи бўлган.

Оқибатда фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) бўйича баённома расмийлаштирилган ва ҳужжатлар қонуний чора кўрилиши учун судга топширилган.

Суднинг қарорига кўра, фуқаронинг хатти-ҳаракатларига Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан тўғри баҳо берилган ва фуқаро айбига иқрор бўлгани сабабли унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34-моддасига (бир неча ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун маъмурий жазо қўлланиш) мувофиқ беш кунлик қамоқ кўринишидаги жазо тайинланган.

Пойтахт ИИББ хабарида қайд этилишича, ички ишлар органларига ҳар йили июль ва август ойларида йўл ҳаракати қатнашчилари номидан йўлларда ноқулайлик ва хавф туғдираётган тарвуз ва қовун сотувчиларига нисбатан норозиликлар келиб тушади.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият