
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Янги Ўзбекистон» газетасига берган интервьюсида ҳеч қандай протоколда қайд этилмаган «ташриф»ларидан асосий мақсадни айтди.
«Менинг мамлакатимиз бўйлаб амалга оширадиган ҳар бир ташрифимдан асосий мақсад – халқ қандай яшаётгани, нима билан нафас олаётганини билишдан иборат. Бу – ўта муҳим масала. Шунинг учун кўп ҳолларда сафар давомида йўналишни тўсатдан ўзгартиришимга тўғри келади. Бундай кутилмаган, ҳеч қандай протоколда қайд этилмаган «ташриф»лар жойлардаги раҳбарларни бўшашмасдан, доимо ишчан ҳолатда туришга ўргатади, деб ўйлайман», деган давлат раҳбари.
Шу ўринда жойлардаги ташриф давомида қилинадиган кўзбўямачилик ҳолатларидан ҳам Шавкат Мирзиёев хабардорлигини билдирди.
«Афсуски, неча бор айтишим, огоҳлантиришимга қарамасдан, жойларда фақат менинг ташрифим олдидан кўча ва майдонларни тозалаш, бир кечада бинолар олдида «майсазор» ва «гулзор»лар пайдо қилиш, умуман, ҳақиқий ҳолатни бўяб кўрсатишдек хўжакўрсин ишлар давом этмоқда. Кўзбўямачилик, одамларни қийнаш, сохта ва баландпарвоз гапларга ўчлик йиллар давомида баъзи раҳбарларнинг қон-қонига шу қадар сингиб кетган эканки, улардан қутулиш қийин бўляпти. Лекин қандай бўлмасин, бу каби иллатларга бутунлай чек қўйишимиз керак. Чунки бундай ҳолатлар ростгўй, сохта гап ва ишни умуман қабул қилмайдиган халқимизнинг асл табиатига мутлақо ётдир», деган президент.
Мирзиёевнинг фикрига кўра, маҳаллий ҳокимият идораларининг иши Президент келиб кетиши билан тугамасдан, аксинча, ташрифдан кейин янгитдан бошланиши, ҳатто олдингидан ҳам кўпайиши лозим.
«Шундагина ишимизда суръат ва сифат бўлади, натижа учун ишлашга ўрганамиз. Илгари ҳокимлар ташрифдан ташрифгача бўлган вақт оралиғида бамайлихотир, таъбир жоиз бўлса, ялло қилиб юрарди, энди эса улар ўз олдига аниқ мақсад ва вазифа қўйиб, халқ билан маслаҳат асосида астойдил ишламоқда. Чунки улар билади: Президент келгуси сафар албатта ҳар бир масала бўйича аниқ натижани сўрайди.
Биз мамлакатимиз тараққиётининг бугунги янги босқичида олдимизда турган долзарб вазифаларни тезкор ҳал қилишда вазирликлар, давлат қўмиталари, давлат бошқарувининг бошқа органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини кучайтириш, вазифа ва ваколатларини аниқ белгилаш, шунингдек, уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича янги тизимни жорий этишга алоҳида аҳамият бермоқдамиз. Шу мақсадда махсус қарор ҳам қабул қилдик.
Юқорида айтиб ўтилган тоифага мансуб раҳбарларнинг ўринбосарлари ўзларига бириктирилган тармоқ ва соҳалардаги фаолиятининг самарадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти олдида шахсан жавобгар ҳамда Вазирлар Маҳкамаси олдида ҳисобдор экани белгилаб қўйилди. Бошқача айтганда, турли бўғиндаги раҳбар ўринбосарлари ўз бошлиғининг соясида юрадиган вақт ўтди. Энди улар ҳам аниқ вазифалар учун жавоб беради. Шахсий масъулият ва жавобгарлик барча бошқарув идоралари ходимлари учун бош мезон бўлади», дея таъкидлаган давлат раҳбари.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар