16:44 / 28.08.2021
7 687

Қашқадарёда ноёб тоғ эчкисини емоқчи бўлганлар ушланди

Қашқадарёда ноёб тоғ эчкисини емоқчи бўлганлар ушланди
Фото: nasafnews.uz
Қашқадарё вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторлари томонидан жорий йилнинг 24-25 август кунлари Ҳисор давлат қўриқхонаси Танҳоз бўлими ҳудудларида экологик қонун бузилиш ҳолатларини олдини олиш мақсадида назорат рейд тадбири ўтказилган.

Бошқарма ахборот хизмати хабарига кўра, маҳаллий номи «Қоранқул» бўлган массивнинг юқори қисмида Шаҳрисабз тумани Сувтушар қишлоғида яшовчи фуқаролар А.Б, Б. Н, Д.Жлар ёввойи ҳайвонот дунёси объекти ҳисобланган 1 (бир) бош тоғ эчкисини ноқонуний овлаб, таналарини бўлакларга бўлаётган пайтда қўлга олинган.

Хабарга кўра, мазкур қонун бузилиш ҳолати бўйича суриштирув олиб борилганда, фуқаро А.Б ўзига тегишли бўлган овчилик гувоҳномаси ва қурол олиб юриш ва сақлаш рухсатномасини тақдим қилган.

Фуқаро Д.Ж эса ўзига тегишли эканлигини билдирган ов қуролига ҳужжатларни тақдим эта олмаган.

Ушбу фуқаролардан ов қуроллари, ҳужжатлар ва бир бош ноқонуний овланган, таналари бўлакларга бўлинган тоғ эчкиси гўштлари ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Ноқонуний ов қилиш ҳолати бўйича олиб қўйилган 2 (икки) дона ов қуроли белгиланган тартиб асосида Шаҳрисабз тумани ИИБга қонуний тўхтамга келгунга қадар сақлаб туриш учун топширилган.

Ҳолат юзасидан фуқаролар А.Б, Д.Ж ва Б.Тга бу ҳаракатлари амалдаги қонунчилик талабларига зид эканлиги тушунтирилган. Ноқонуний овланган ёввойи ҳайвонот дунёси объекти ҳисобланган бир бош тоғ эчки зарари соҳага алоқадор тегишли ҳужжатлар асосида ҳисобланганда 11 миллион 25 минг сўмни ташкил этади.

Маълумотларга кўра, Ҳисор давлат қўриқхонасида аниқланган мазкур ҳолатларни содир этган шахсларнинг жавобгарлик масалалари кўриб чиқилиши ва табиатга етказилган зарарларни қонуний тартибда ундириш мақсадида тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этиш учун расмийлаштирилмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қашқадарёда ноёб тоғ эчкисини емоқчи бўлганлар ушланди