17:04 / 02.09.2021
2 005

Шавкат Мирзиёев иштирокидаги ИТБ саммити аввалида Қуръон тиловат қилинди

Шавкат Мирзиёев иштирокидаги ИТБ саммити аввалида Қуръон тиловат қилинди
Айни пайтда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган Ислом тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 46 йиллик йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда. Бу хақда «Дарё» хабар берди.

Тадбир бошида Қуръон тиловат қилингач, Президент нутқ сўзлаган.

- Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим. Ислом тараққиёт банкининг ҳурматли бошқарувчилари. Муҳтарам Муҳаммад Сулаймон ал-Жассир жаноблари. Ҳурматли меҳмонлар.

Барчангизни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган Ислом тараққиёт банки Бошқарув кенгашининг 46 йиллик анжуманида қутлаш шарафига муяссар бўлганимдан ғоят мамнунман. Ўзбекистонга хуш келибсиз!

Албатта, банкнинг йиллик анжумани Тошкентда ўтказилиши ўзига хос рамзий маънога эга. Биз буни Ўзбекистоннинг ислом дунёси ривожига қўшган ҳиссаси, шунингдек, мамлакатда сўнгги беш йил давомида олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг эътирофи, деб ҳисоблаймиз.

Ўзбек халқининг буюк аждоди, бутун мусулмон оламининг улуғ намояндаси Имом ал-Бухорий ҳазратлари жамлаган ‘Саҳиҳи Бухорий’ китобида зикр этилган ҳадиси шарифда айтилганидек, ‘албатта, амаллар ниятга боғлиқдир’.

Барчамиз холис ният қилган эканмиз, Яратганнинг марҳамати билан бугун Ислом тараққиёт банки гуруҳининг йиллик учрашувини жонли равишда ўтказишга муваффақ бўляпмиз.

Таъкидлаш жоизки, мазкур тадбир пандемия бошлангандан бери дунёдаги халқаро молиявий институтлар орасида биринчи бўлиб ташкил этилган нуфузли анжумандир.

Менга берилган ушбу қулай имкониятдан фойдаланиб, Ислом тараққиёт банкининг барча аъзо давлатлари вакиллари номидан ҳурматли биродаримиз — Ал-Жассир жанобларини банк президенти лавозимида иш бошлагани билан муборакбод этаман.

Муҳтарам ал-Жассир жаноблари!

Бу юксак лавозимдаги фаолиятингизни Ўзбекистонга ташрифдан бошлаётганингиз чуқур рамзий маънога эга.

Шу сабабли юртимиз билан ҳамкорлик сизнинг масъулиятли ва шарафли фаолиятингизнинг муҳим қисмига айланади, деб ишонаман. Мамлакатимиз тимсолида сиз яқин ҳамкор ва садоқатли дўст топдингиз, десам, муболаға бўлмайди.

Зиммангиздаги эзгу вазифани адо этишда Аллоҳ таоло сизни ҳамиша қўлласин!

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Президенти

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шавкат Мирзиёев иштирокидаги ИТБ саммити аввалида Қуръон тиловат қилинди