23:58 / 07.10.2021
1 925

Россия Ўзбекистондан 10 минг қурувчини жалб қилади

Россия Ўзбекистондан 10 минг қурувчини жалб қилади
Фото: Наталья Мущинкина
Россия ҳукумати Ўзбекистондан 10 минг нафар қурувчи жалб қилиш лойиҳасини тасдиқлади. Ишчиларнинг патент олиш ва эмланиш харажатлари қурилиш компаниялари томонидан қопланади.

Россия Федерацияси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистондан 10 минг қурувчини жалб қилиш бўйича лойиҳани тасдиқлади. Қарорда қурилиш ишларига жалб қилинадиган ўзбекистонликлар коронавирусга қарши эмланган бўлиши ёки Россияга келиши олдидан 5 ойдан кўп бўлмаган вақт ичида касалликни бошдан кечиргани ҳақидаги ҳужжатни тақдим қилиши кераклиги белгилаб қўйилган.

Россиянинг қурилиш соҳасида фаолият юритувчи юридик шахсларида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон фуқароларини жалб қилиш бўйича дастлабки лойиҳа амалга оширилсин”, деб айтилган қарорда.

Ҳужжатда Россияга ишлагани келувчи ўзбекистонликлар Ўзбекистонда “Спутник Лайт” вакцинаси билан эмланиши айтилган. Бундан ташқари, Россияга ишчиларни олиб келиш, уларнинг эмланиши ва уларга меҳнат патентини расмийлаштириш билан боғлиқ харажатлар иш берувчи ҳисобидан қопланиши, ишга келувчилар Россияга киргандан кейин 14 кунлик карантиндан ўтмасликлари айтилган.

Лойиҳада иштирок этувчи қурилиш компаниялари турли йўналишлар бўйича малакали ишчиларга эҳтиёж сезаётганларини айтишган. Ишчилар айнан шу аниқ йўналишлар бўйича танлов асосида ёлланади.

Россия қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Никита Стасишиннинг таъкидлашича, қарорнинг қабул қилиниши меҳнат мигрантларини жалб қилиш бўйича аниқ қадамларни амалга оширишга имкон беради.

Лойиҳа иштирокчилари сифатида Россия меҳнат, ички ишлар, ташқи ишлар, қурилиш, соғлиқни сақлаш, таълим ва фан ҳамда фавқулодда вазиятлар вазирликлари белгиланган.

Айни вақтда Россияда коронавирус пандемияси сабабли чегаралар ёпилгани ва хорижий ишчиларни ёллаш имконсизлиги сабабли ишчи кучи тақчиллиги кузатилмоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Россия Ўзбекистондан 10 минг қурувчини жалб қилади