08:33 / 10.10.2021
2 704

Бухорода саксовул ўғирлаган 10 та юк машинасидан бири ушланди

Бухорода саксовул ўғирлаган 10 та юк машинасидан бири ушланди
Бухоро вилояти Ромитан тумани ҳудудидаги «Газли чўл» массивидан саксовул ўғирлаб, инспекторлардан қочган 10 та юк автомашинасидан бири ушланди. Қолган 9 нафар ҳайдовчи қидирувда. Бу ҳақда вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Жаҳонгир Наврўзов маълум қилди.

Таъкидланишича, 6 октябрь куни вилоят ИИБ ҳамда вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари томонидан Ромитан туманидаги Газли чўлида рейд ўтказилган. Тунги соат 01:30 ларда кетма-кет 10 та «Газ-66» русумли юк автомашинаси чўл ички манзилларини кесиб ўтувчи йўлдан катта тезликда ҳаракатланиб бораётган бўлган. Соатига 100 километр тезликда қочган юк автомашинаси ҳайдовчиларига уларни қувлаб келаётган бошқарма ходимлари томонидан бир неча маротаба «тўхташ» ҳақида овозли огоҳлантирув сигнали берилган. Бироқ ҳайдовчилар орган ходимларининг талабларига бўйсунмаган ва катта тезликдаги ҳаракатда давом этган.

Маълум қилинишича, чўл массиви ҳудудини кесиб ўтувчи йўлнинг турли манзилларга томон кесишувини таъминловчи қисмига келганда, 8 та юк автомобили қумлоқ илонизи йўллардан иборат бир нечта тарафларга ажралиб, қочиб кетган. Инспекторлар қувиб бораётган 2 та «Газ-66» юк автомашинасидан бири эса айни яқинлашув пайтда юк бортидаги саксовулларни ағдариб ташлаган ва ўзидан олдинда бўлган шеригининг қочиб кетишига йўл очиб берган.

Саксовулларни қасддан ағдариб ташлаши оқибатида инспекторларнинг машинасидан бири саксовул уюмларига бориб урилган ҳамда автомобилга жиддий зиён етган. Юк машина ҳайдовчиси эса ўзига тегишли бўлган автомашинасидан тушиб, яна чўлнинг қоронғи саксовулзорлари оралаб қочишга уринган.

«Қўлга олинган фуқаронинг Пешку туманидаги Шаваре қишлоғида яшовчи Р.Ж. экани аниқланди. У ўз яшаш манзилида табиий газ таъминотининг йўқлиги, совуқ кунларнинг бошлангани сабаб қишлоқдошларига саксовулларни сотиш учун ўғирлаб олиб кетаётганини тан олди. Суриштирув-қидирув ҳаракатлари давом этади ва воқеа жойидан қочган ҳайдовчиларнинг шахсига аниқлик киритилиб, ҳолат юзасидан маълумот тақдим этилади», — дейди Жаҳонгир Наврўзов.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бухорода саксовул ўғирлаган 10 та юк машинасидан бири ушланди