19:01 / 22.10.2021
2 117

Нега бозорларимизда картошка қиммат?

Нега бозорларимизда картошка қиммат?
Ички бозорда аҳолининг картошкага талаби доимо юқори бўлган. Шу боис деҳқончиликда кўпроқ картошка экиш ва ундан яхши ҳосил олишга ҳаракат қилинади. Ҳатто томорқадаги бир парча ерда ҳам картошка етиштиришни ўйлаймиз.

Айни пайтда юртимизда картошка истеъмолига бўлган талаб янада ортган. Бозорларимизда эса унинг нархи кун сайин ўсяпти. Лекин мазали картошкалар кам, бори ҳам қиммат.

Мутахассисларнинг фикрича, бунинг сабаби кейинги йилларда агросаноат мажмуалари картошка уруғи етиштиришга жиддий эътибор қаратмаган. Натижада бозорларимизда кўпроқ Россия ва Беларусь давлатларидан келтирилган шу турдаги маҳсулот таклиф этилмоқда.

Тошкент вилоятида бу муаммони бартараф этиш, ички бозорни серҳосил, сифатли, эртапишар маҳаллий навлар билан таъминлаш устида жиддий изланишлар олиб борилмоқда. Бу соҳага йўналтирилган кластер ва кооперациялар фқаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, янги навлар етиштирилаётган майдонлар ҳажмини ошириш чоралари кўрилмоқда. Вилоятда ташкил этилган “Agrover” агросаноат картошкачилик кластери фаолияти бунга мисолдир.

Жамоанинг ўзаро ҳамжиҳатлиги, илм-фан ютуқларидан самарали фойдаланиши эвазига ташқи бозордан харид қилинган “Фонтане”, “Аляска”, “Аризона”, “Алуэтта”, “Белоросса”, “Сильвана”, “Санте”, “Сунита”, “Эволюшин”, “Эсми”, “Арнова”, “Маниту” сингари 24 хилдаги серҳосил навлари маҳаллийлаштирилмоқда. Кластер таркибидаги Бўстонлиқ картошкачилик марказининг экин майдонларида иқлимга мослаштирилаётган янги навлар бунинг исботи.

Айни кунларда Паркент, Янгийўл, Зангиота, Ўрта Чирчиқ каби қатор туманларда фаолият юритаётган ўндан ошиқ тадбиркорлик жамоалари 767 гектар майдонда маҳаллий уруғлик картошка етиштиришмоқда. Бўстонлиқ туманидаги уруғчиликка ихтисослаштирилган биргина субъектнинг ўзи 601 гектар майдонда юқори репродукцияли навни парвариш қилаётир. “Бу ишлар ички бозоримизда маҳаллий серҳосил картошканинг сероб бўлишига олиб келади”, - дейишмоқда соҳа мутахассислари.

Шодиёр МУТАҲАРОВ

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Нега бозорларимизда картошка қиммат?