23:28 / 22.10.2021
1 866

«Ўзбекистонга ‘Толибон’ мафкурасини олиб кириш мутлақо имконсиз» — Абдулазиз Комилов

«Ўзбекистонга ‘Толибон’ мафкурасини олиб кириш мутлақо имконсиз» — Абдулазиз Комилов
Фото: Ташқи ишлар вазирлиги вакили
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 22 октябрь куни Россия ОАВ вакиллари учун ўтказилган матбуот анжуманида россиялик журналистларнинг Афғонистон билан боғлиқ саволига жавоб берди.

Хусусан, «Коммерсантъ» нашри «Аксарият мутахасислар ‘Толибон’ ҳукмронлиги даврида Афғонистон томонидан юзага келиши мумкин бўлган таҳдидларни муҳокама қилар экан, толиблар Марказий Осиё давлатларига ҳарбий йўл билан бостириб кирмайди, аксинча уларга ўз мафкурасини тарқатишга уриниб, мамлакат ичида тарафдорларини тарбиялайди, деган фикрда. Бундай хавфга қандай қарайсиз?» дея савол берди. Вазир бунга қуйидагича жавоб берди:

«‘Толибон’ олдида турган устувор мақсадлар қаторида сиз айтган нарса умуман йўқ деб ўйлайман. Улар, биринчи навбатда, дунё ҳамжамияти томонидан тан олиниши учун оёққа туриб, қарор топиши ва қандайдир давлат тузиши лозим. Улар қандайдир мафкурани тарқатишни бошлаш даражасига етгунча жуда кўп вақт ўтади. Умид қиламизки, бу вақт давомида ушбу ҳаракатнинг ўзи ҳам эволюциялашиб боради».

Вазирнинг таъкидлашича, уларнинг халқаро ҳамжамиятнинг тан олинган аъзоси бўлиш истаги қанчалик ортиб борса, мафкуранинг ўзи ҳам, ҳаракат ва унинг раҳбарлари дунёқараши ҳам шунчалик ўзгариб боради.

«Ўзбекистон ўзининг миллий манфаатлари, миллий ғояси, давлат мафкураси жиҳатидан шунчалик қарор топганки, бу ерга толибларнинг мафкурасини олиб кириш мутлақо имконсиз. Баъзида мана, аёллар рўмолларда юришибди, демак, толиблар келади, деб айтишади. Бу солиштириб бўладиган нарсами? Дунёнинг ярми бу урфга киргани учун рўмолларда юрибди, шундай эмасми?», — деган ТИВ раҳбари.

«Шунинг учун, бугун биз толиблар мафкурасининг кириб келиш хавфини кўрмаяпмиз. ‘Толибон’ мафкурасининг ўзи пировардида мақсади ўз ватанини чет элликлардан, айниқса, ҳарбийлардан озод қилишдан иборат. Бор гап шу», — деб қайд этган Абдулазиз Комилов.

Эслатиб ўтамиз, 8 сентябрь куни Афғонистон бўйича вазирлар учрашувида иштирок этган Абдулазиз Комилов Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича позициясини маълум қилганди. «Ўзбекистон Афғонистон билан дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини сақлаб қолиш, бетарафлик ва қўшни давлатнинг ички ишларига аралашмаслик тарафдори», — деган эди вазир.

«Толибон» расмийси 7 октябрь куни Кобулда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан ўтказилган музокаралар давомида Ўзбекистон хавфсизлигига Афғонистон ҳеч қандай таҳдид бўлмаслигини айтганди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Ўзбекистонга ‘Толибон’ мафкурасини олиб кириш мутлақо имконсиз» — Абдулазиз Комилов