14:12 / 29.10.2021
1 939

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси мамлакатнинг иқтисодий конститутциясидир

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси мамлакатнинг иқтисодий конститутциясидир
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасини тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳи аъзоси Аъзам Мадаминов кодекс лойиҳасининг ўзига хос жиҳатлари, фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш масалалари бўйича ўз мулоҳазаларини билдирди.

- Фуқаролик кодексини янгилаш зарурати нимадан иборат эди?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 апрелдаги Ф–5464-сон фармойиши билан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш концепцияси асосида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексини қабул қилиниши белгиланган.

Маълумки, халқаро ҳуқуқий ҳамжамият томонидан фуқаролик кодексига энг муҳим кодекс ва “мамлакатнинг иқтисодий конституцияси” сифатида қаралади, унинг мукаммаллиги хорижий инвестицияларни фаол жалб этишга бевосита таъсир кўрсатувчи омил ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси 1996 йилда қабул қилинган бўлиб, ўтган давр мобайнида катта ўзгаришларни фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солишда муҳим роль ўйнади ва бозор иқтисодиётини ривожланишига ҳуқуқий замин яратишга имкон берди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ф–5464-сон фармойишида амалдаги Фуқаролик кодексининг мамлакатда тез ривожланаётган иқтисодий муносабатлар талабларига ва фуқаролик ҳуқуқи соҳасидаги халқаро стандартларга етарли даражада жавоб бера олмаслиги таъкидланган ва қуйидаги масалалар алоҳида кўрсатилган:

биринчидан, Фуқаролик кодексида эскирган ҳуқуқий институтлар, шунингдек бозор иқтисодиётига асосланган ривожланган давлатлар ҳуқуқий тизимида мавжуд бўлмаган юридик шахсларнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли сақланиб қолган;

иккинчидан, «тижорат таваккалчилиги», «хўжалик юритувчи субъектлар тенглиги», «адолатли компенсация», «шартномавий мажбуриятларни бажаришдан бош тортиш» каби анъанавий фуқаролик-ҳуқуқий институтлар мавжуд эмас;

учинчидан, замонавий бозор шароитларида талаб этиладиган фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар ва муносабатларнинг алоҳида шакллари, шу жумладан, давлат-хусусий шериклиги, дилерлик шартномаси, улушли қурувчилик, кластер ишлаб чиқариш, электрон тижорат, крипто-валюта айланмаси, ер участкасини хусусийлаштириш ва бошқаларни тартибга солиш назарда тутилмаган;

тўртинчидан, Фуқаролик кодексида кўп миқдордаги ҳаволаки нормаларнинг (80 га яқин) мавжудлиги кодекснинг тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳужжатга айланишига тўсқинлик қилмоқда ва унинг фуқаролик- ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш борасидаги мақомини пасайтирмоқда;

бешинчидан, бир-бирига ўхшаш ва бошқа ташкилий-ҳуқуқий шакллардаги қоидалар аралашмасидан ташкил топган юридик шахслар ташкилий-ҳуқуқий шаклларининг кўплиги (масалан, қонунчиликда хусусий корхона ва унитар корхона таркибига бошқа иштирокчиларнинг кириши назарда тутилмаганлиги, уларнинг инвестиция жалб қила олмасликларига сабаб бўлади);

олтинчидан Фуқаролик кодексида фуқаролик-ҳуқуқий муноса-батларда ахборот-коммуникацион технологиялардан фойдаланиш масалаларини тартибга солувчи қоидалар деярли мавжуд эмас.

Кўриниб турибдики, бугунги кунда реал бозор иқтисодиёти ва илғор халқаро стандартлар талабларига жавоб берадиган, тўғридан-тўғри амал қиладиган замонавий фуқаролик кодекси ишлаб чиқиш зарурати мавжуд.

- Лойиҳани ишлаб чиқиш қандай ташкил қилинди?
Фуқаролик қонунчилигини бозор иқтисодиёти тамойиллари ва халқаро стандартларга мувофиқ модернизация қилиш, бозор иқтисодиётини янада ривожлантириша учун замонавий фуқаролик-ҳуқуқий асос яратиш мақсадида Президентнинг Ф–5464-сон Фармойишига мувофиқ фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш бўйича идоралараро комиссия тузилди. Адлия вазири раҳбарлигидаги Идоралараро комиссия таркибига давлат идоралари вакиллари билан бир қаторда юридик фанлар доктори, профессор М.Х.Рахмонқулов, юридик фанлар доктори, профессор О.Оқюлов, юридик фанлар номзоди Х.И.Исоқов каби мамлакатимизнинг таниқли олимлари ҳам киритилди. Ушбу Идоралараро комиссия томонидан:
- фуқаролик кодексини янги таҳририни тайёрлашда иш ҳажми катта бўлишини инобатга олиб, энг аввало, фуқаролик қонунчилигини соҳаларга бўлган ҳолда 8 та йўналишда ишчи гуруҳлар ташкил этилди;
- ишчи гуруҳларнинг намунавий режалари ҳамда фуқаролик ҳуқуқи соҳасидаги илғор хорижий тажрибани ўрганиш режаси тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Фуқаролик кодекси лойиҳасини тайёрлаш ишлари асосан Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан олиб борилди.

Ишчи гуруҳлар таркибида изланиш ва ўрганишлар ўтказиш учун 50 нафардан ортиқ илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий ходимлари
ва ОТМлар профессор-ўқитувчилари, хусусан юридик фанлар доктори, профессор О.Оқюлов, юридик фанлар доктори, профессор Д.Караходжаева, юридик фанлар доктори, профессор Н.Имомов, юридик фанлар доктори, профессор И.Насриев, юридик фанлар доктори, профессор И.Рустамбеков каби фуқаролик ҳуқуқи бўйича таниқли олимлар, тажрибали судялар ва адвокатлар, давлат идоралари ҳамда ННТлар вакиллари жалб қилинди.

Ишчи гуруҳлар аъзолари мунтазам равишда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институтида йиғилиб ва масофадан туриб иш олиб бормоқдалар.

- Лойиҳани ишлаб чиқишда хорижий давлатларнинг қонунчилик тажрибасидан унумли фойдаланилдими?
Лойиҳани ишлаб чиқишда ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш мақсадида АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва Халқаро ҳамкорлик бўйича Германия жамияти (GIZ) кўмаги билан Германия, Франция, Польша, Россия, Покистон давлатларидан 20 нафардан ортиқ эксперт маслаҳатчилар хизматидан фойдаланилди.

Тошкент шаҳрида ишчи гуруҳлар аъзолари ҳамда Германиянинг Бремен университети профессори Рольф Книпер, Германиянинг Бремен ери туман судининг собиқ судьяси, фуқаролик ҳуқуқи соҳасидаги халқаро эксперт Хайнрих Шнитгер, Польша фуқаролик ҳуқуқи бўйича эксперт, доцент Андржей Филипович, шунингдек фуқаролик ҳуқуқи бўйича таниқли олимлар юридик фанлар доктори, профессор О.Оқюлов, юридик фанлар доктори, профессор Д.Караходжаева, юридик фанлар доктори, профессор Н.Имомов, юридик фанлар доктори, профессор И.Насриевлар иштирокида халқаро давра суҳбатлари ўтказилди.

Бундан ташқари, 12 нафар миллий экспертлар бевосита Франция, Польша, Россия давлатларига бориб ўрганишлар ўтказдилар.
Ушбу сафарлар давомида Париж шаҳрида Франция Адлия вазирлигининг фуқаролик ишлари бўйича бошқармаси, Париж Пантеон Ассас университети қошидаги Қиёсий ҳуқуқ институти, Континентал ҳуқуқни ўрганиш маркази, Кассация суди, Судъялар ва прокурорлар тайёрлаш миллий мактаби мутахассислари, Варшава шаҳрида Польша Адлия вазирлигининг фуқаролик қонунчилиги бўлими, Польша Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий илмий тадқиқотлар маркази, Польша Фанлар Академиясининг Ҳуқуқий тадқиқотлар институти мутахассислари иштирокида бир нечта давра суҳбатлари ташкиллаштирилиб, амалдаги фуқаролик қонунчилиги муаммолари, истиқболлари ва янги замонавий ғоялар атрофлича муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасига киритилган янгиликларнинг ўзига ҳос жиҳатлари нималардан иборат?
Лойиҳа тадбиркорлик, шу жумладан хорижий инвесторлар фаолияти учун қулай шароитлар яратиш, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор янгиликларни ўз ичига олган.

Хусусан, инвестиция муҳитини яхшилаш ва иқтисодиётда мулкий муносабатлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида хорижий компанияларга Ўзбекистонда ўз филиалини рўйхатдан ўтказиб, ҳеч қандай тўсиқларсиз тадбиркорлик (хўжалик) фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини бериш, мулк хусусий ёки давлатга тегишли бўлишидан қатьий назар бир хил ҳуқуқий ҳимоя белгилаш, Давлат реестрига киритилган маълумотга ишониб мулкни сотиб олган мулкдордан, илгариги сотувчи томонидан қандайдир ҳуқуқбузилишга йўл қўйилган бўлсада мулкни қайтариб олинмаслиги ҳамда мулк ҳуқуқининг ҳимоясини таъминлашга қаратилган бошқа янги қоидаларни жорий этиш назарда тутилмоқда.

Яна бир янгилик бу фуқаролик қонун ҳужжатларини виртуал макон (интернет)да вужудга келадиган муносабатларга ҳам татбиқ этиш, электрон ёки бошқа техник воситалар ёрдамида тузилган битимларни ёзма шаклга тенглаштириш, электрон алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда товарларни сотишнинг, рақамли пул (криптовалюта) муомаласининг асосий қоидалари белгиланаётганидир. Бу янгиликлар тадбиркорлар учун фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда замонавий ахборот технологияларидан тўлиқ фойдаланган ҳолда вақтни тежаш ва бир қатор харажатлар, жумладан ҳужжатлар айланмаси, меҳнат ресурслари, логистика, савдо ва сақлаш жойлари ижараси билан боғлиқ ҳаражатларни камайтиришга имкон беради, электрон тижоратнинг янада ривожланишига туртки бўлади.

Бундан ташқари, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси лойиҳасига қуйидаги мазмунда бир қатор янги қоидалар киритилмоқда:
1) ерга оид муносабатларни ривожлантириш мақсадида ер участкасини фақат олди-сотди қилиш орқали эмас, балки қурилиш қилиш ҳуқуқи, узуфрукт (шахсий фойдаланиш ва эгалик қилиш ҳуқуқи) каби ашёвий ҳуқуқларнинг янги турлари орқали иқтисодий муносабатларга киритиш қоидаларини жорий этиш;

2) тадбиркорлик фаолияти учун қулайликлар яратиш ва уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш мақсадида:
- юридик шахсларни оммавий ҳуқуқ ва хусусий ҳуқуқ юридик шахсларига ажратиш, хусусий ҳуқуқ юридик шахслари барча турдаги фуқаролик ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлиши мумкинлиги, давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш учун асослар эса фақат қонун билан белгиланишини, оммавий юридик шахслар эса давлатнинг муайян функцияларини бажариши мақсадида ташкил этилишини мустаҳкамлаб қўйиш;
- тижорат ташкилоти бўлган юридик шахслар ташкилий-ҳуқуқий шаклларининг аниқ рўйхатини белгилаб қўйиш, хўжалик юритиш ҳуқуқига асосланган унитар корхона, оператив бошқарув ҳуқуқига асосланган давлат унитар корхонаси каби бозор иқтисодиёти қоидаларига мос бўлмаган ташкилий-ҳуқуқий шакллардан воз кечиш;
- тадбиркорлик фаолиятининг алоҳида турларини якка тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан ҳам амалга ошириш қонун ҳужжатлари билан назарда тутилиши мумкинлиги ҳақида қоида киритиш;

3) шартномавий муносабатларни эркинлаштириш ва халқаро стандартлар талабларига мувофиқлаштириш мақсадида:
- мамлакат иқтисодиёти ривожи учун муҳим аҳамият касб этиши мумкин бўлган янги шартнома турларини (туристик хизматлар кўрсатиш, дистрибьюторлик шартномаси, агентлаш, эскроу, опцион ва бошқ.) муомалага киритиш;
- мажбурий тартибда шартнома тузишни назарда тутувчи, шартнома шартларини тарафларга белгилаб берувчи нормаларни чиқариб ташлаш, стандарт шартноманинг ҳалоллик ва ишонч тамойилларига зид равишда бошқа тарафнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини бузадиган шартларини ҳақиқий эмаслигини белгилаш;
- қарз, топшириқ ва бошқа бир қатор кенг тарқалган муносабатлар учун оғзаки шартнома тузилишига имкон бериш;

4) бой берилган фойда, маънавий зиённи ҳисоблаш мезонларини аниқ белгилаш;

5) суғурта муносабатларида мижозлар ҳуқуқларини ҳимоясини кучайтириш мақсадида суғурта ташкилотини зарарни қоплаш мажбуриятидан озод қилиш асосларини камайтириш, ўзаро суғурталаш (мулкни ва бошқа мулкий манфаатларни ўзаролик асосида суғурта қилиш) институтини ривожлантириш мақсадида ўзаро суғурта жамиятларига инвестиция резерв фондини тузиш, уставда белгиланган тартибда инвестиция фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини бериш;

6) фуқаронинг тасвиридан (фотосурат, видеоёзув ва бошқ.) унинг розилигисиз фойдаланилганда, унинг шахсий ва оилавий ҳаёти тўғрисидаги ҳар қандай ахборот тарқатилганда фуқаронинг ҳимоясини таъминлаш усулларини белгилаш.

Ислоҳотлар давом этади
Фуқаролик кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасидан келиб чиқиб амалдаги бошқа қонунлар ва қонуности ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида тегишли қонун ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлаш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Ушбу жараёнда ўзгартириладиган қонунларнинг ўзи 20 тадан ортиқ бўлиб, қонуности ҳужжатлари сони эса бундан ҳам кўпдир.

Шунингдек, янги таҳрирдаги Фуқаролик кодекси билан бевосита тартибга солинмаган фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи алоҳида қонунларни ҳам тасдиқланган Концепция асосида такомиллаштириш ишларини амалга ошириш ҳам режалаштирилган. Хусусан, интеллектуал мулк, қимматли қоғозлар соҳалари шулар жумласидандир.

Кўриниб турибдики, ҳали бу соҳада қилинадиган ишлар жуда кўп ва улар албатта охирига етказилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси мамлакатнинг иқтисодий конститутциясидир