20:18 / 12.12.2021
2 066

Адлия вазирлиги аёллар ҳуқуқларини кучайтириш бўйича қатор жиддий таклифларни илгари сурди

Адлия вазирлиги аёллар ҳуқуқларини кучайтириш бўйича қатор жиддий таклифларни илгари сурди
Бугунги кунда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор ишлар амалга оширилганлигига қарамасдан, аёллар ўртасида тазйиқ ва зўравонлик натижасида ўз жонига, фарзандлари ҳаётига қасд қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Аёлларнинг нақафат турмуш ўртоқлари томонидан, балки қайнота ва бошқа қариндошлари томонидан, энг ачинарлиси, боғча, мактаб ёшидаги қизларга зўравонлик қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Адлия вазирлиги томонидан хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш билан боғлиқ муаммолар таҳлил қилиниб, уларнинг олдини олиш бўйича қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди.

1. Қонунчиликда “таъқиб этиш” (stalking), яъни қизларни, аёлларни орқасидан кузатиб юриш тушунчаси киритилмаганлиги, ушбу ҳолатдан ҳимояланиш механизмлари ҳам мавжуд эмаслигини англатади.

Бу ҳолат арзимасдек туйилиши мумкин, аммо таъқиб қилиш оқибатида хотин-қизларда кучли руҳий тушкунлик, қўрқув, ҳимоясиз шахсдек ўзини ҳис қилиш, одамларга қўшилмаслик каби ҳиссиётларни келтириб чиқаради.

Ушбу ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида қонунчиликка “таъқиб этиш” (сталкинг) тушунчасини киритиш ҳамда таъқиб остида қолган хотин-қизларга ҳам ҳимоя ордери бериш тизимини жорий этиш керак.

АҚШ, Австралия ва Франтсияда ҳар 5 нафар аёлдан биттаси таъқиб этишни бошидан кечиради ва ушбу давлатларда мазкур ҳаракатлардан ҳимоя қилиш институтлари шаклланган.

2. Қонунчиликда иш ва ўқиш давомида тазйиқ ва зўравонликка учраган аёллар иш берувчисининг ёки таълим муассасаси раҳбарининг жавобгарлиги белгиланмаган.

Иш ёки ўқишда тазйиққа учраган аёллар ва зўравонлик қилган шахс ўртасидаги муносабатларни чеклаш тартибининг йўқлиги такроран зўравонлик, тазйиқ содир этилишига сабаб бўлади.

Шуни инобатга олган ҳолда иш ёки ўқишдаги зўравонликларга чек қўйиш учун жабрланувчи ва тазйиқ ўтказган шахс ўртасидаги ҳар қандай алоқаларни чеклаш лозим.

Бунда иш берувчилар зиммасига зўравонлар ва жабрланувчининг ҳар қандай ўзаро муносабатга киришишига чеклов ўрнатиш мажбуриятини юклаш керак.

3. Хотин-қизларнинг турли кўринишдаги расмлари, видеоларини тарқатиш орқали уларнинг шахсий ҳаёт дахлсизлигини, айниқса интим ҳаёт дахсизлигини бузиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда.

Бу ҳолатлар келгусида уларнинг ҳаётини тубдан ўзгартириб, оилавий муносабатларнинг бузилишига, жамиятдан ажралиб нотўғри йўлларга кириб кетишига сабаб бўлмоқда. Амалдаги жавобгарлик чоралари аёлларни бундай ҳаракатлардан тўлақонли ҳимоя қилиш имконини бермаяпти.

Аёлларнинг шахсий ҳаётига турли “тажовуз”ларнинг олдини олиш мақсадида, шахсий ҳаёт дахлсизлигини тўлиқ кафолатлаган ҳолда, уларнинг интим ҳаёт дахлсизлигини бузганлик учун алоҳида жавобгарликни белгилаш зарур.

Канада, Германия, Англия, Япония, Австралия, АҚШда шахснинг интим сурати ва видеотасвирларини тарқатганлик учун жавобгарлик мавжуд.

4. Бугунги кунга қадар зўравонликка учраган қарийб 36 мингга яқин аёлга ҳимоя ордери берилган, бу дегани 36 минг аёлга ёрдам керак.

Бироқ ҳозирда бутун республикада Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича марказлари атиги 29 та, бу марказлар зўравонликка учраётган аёлларни тўлиқ қамраб олиш имкониятини бермайди.

Аёлларга ёрдам кўрсатиш институтларини кўпайтиришга хусусий тадбиркорларни жалб қилиш керак. Бунда тадбиркорларга турли йўналишларда, масалан, ер ажратишда, давлат бино ва иншоотларидан фойдаланишда, солиқ, давлат грантлари, субсидиялар, ижтимоий буюртмаларда имтиёзлар бериш самара беради.

5. Аёлларга турли гап-сўзлар “отиш”, уларга нисбатан турли изоҳларни айтиш, уларнинг қадди-қоматини баланд овозда тасвирлаш, қиёслаш... бу ҳолат барчамиз учун оддий ҳолга айланиб қолгандек. Аслида, бу каби ҳаракатлар аёлларнинг эркин ҳаракатланишини чегаралайди, айрим ҳолларда руҳий тушкунлик, соғлиққа ҳам зарар етказади.

Шу сабабли, аёлларга нафсониятга тегиши мумкин бўлган гап-сўзларни айтишни тақиқлаш ва ушбу ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарлик чорасини белгилаш, шу билан бирга аёлларга шикаст етказиш ҳолати учун жавобгарлик чораларини кучайтириш лозим.

Бельгия, Португалия, Аргентина, Канада, Янги Зеландия ва АҚШ каби давлатларда бундай ҳаракатлар майда ҳуқуқбузарлик сифатида баҳоланиб, 750 еврогача жарима солишга сабаб бўлади.

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Адлия вазирлиги аёллар ҳуқуқларини кучайтириш бўйича қатор жиддий таклифларни илгари сурди