Фото: «Zen.yandex.ru»
Ҳеч бегона одамнинг дардини эшитиб, кўчанинг ўртасидага зинада ўтириб йиғлаганмисиз?
Бугун ғалати кун бўлди. Ишга бир оз кеч қолдим, аммо эфир жуда зўр бўлди, кайфиятим аъло эди. Ёнимда қайнонам гўштга деб берган пуллари, қолган пулим карточкада.
Кел, бир мазза қилиб, қаҳвахонада ўтириб, нонушта қиламан, дедим. Одатда бир ўзим ўтираман. Чунки ўзим билан яхши чиқишаман. Тата мехмонхонаси билан 6-туғуруқ комплексининг чорраҳасидан ўтаётганимда зинада юрагини чангаллаб ўтирган бир амакига кўзим тушди.
Амакининг бошида тўқилган дўппи, ўзи ниқобда эди. Ҳамма ўзи билан ўзи овора. Мен у кишининг ёнига бордим:
– Амаки, сув олиб келиб берайми?
– Майли, – амаки шундай деганида кўзидан ёш чиқди. Мен чопиб бориб, сув олиб келдим.
Шу пайт сувни олган амаки ҳўнграб йиғлаб юборди. Нима қилишни билмай, халтамдан блокнотимни олдим-да, амакининг олдига, зинага ўтирдим. Атрофимиздан эса одамлар ўтиб кетаверарди. Одатда одамларнинг олдида хижолат бўлмайман, ғалати қарашаётган бўлса, бу уларнинг муаммоси дейман, ўзимга ўзим.
Шунда амаки:
– Қизим, кап-катта эркак сизнинг олдингизда йиғлаб ўтирсам-а, етмаганига сув ҳам олиб келдингиз.
Шунда мен ҳам йиғлаб юбордим. Шаҳарнинг ўртасида зинада йиғлаб ўтирибман, атрофдаги одамлар эса қараб-қараб ўтиб кетишади. Қараса қарайверсин, менга барибир.
– Амаки, сизга нима бўлди? – томоғимга бир нима тиқилди. Биласизми, одатда қалбдаги оғриқ мана шундай аччиқ тиқилади.
– Эҳ, қизим, бир неча йиллар аввал Россияда ишлаб келдим, уй-жой қилдим. Кейин Қозоғистонга кетдим, у ерда ҳам ишладим. Оилам моддий томондан қийналмасин дедим. Орзу-ҳаваслар билан қиз узатдим, ўтган йилнинг бошида бир-биридан шакар набираларнинг буваси бўлдим.
Аммо... Аммо совуқда, шароити йўқ жойда ишлаб, яшаганим ўзининг салбий асоратини кўрсатди. Астмага чалиндим. У ерлардан келганимдан кейин шу ерда ишлаб турдим. Аммо ҳозир бир ҳафтадан бери уйдаман. Хотиним кўчага чиқиб ишлаб келинг, уйда ўтирманг, деб ҳар куни ҳайдайди. 3 кундан бери эса овқат ҳам бермаяпти.
Ёш пайтида уриб, тарбияласам бўларкан.
– Унда хотинингиз баттар ваҳший бўлиб кетган бўлардилар, – гапирдим мен. – Чунки ҳаётим давомида калтакланган аёлларни кўрганман. Уларнинг ҳаммаси қариган пайти эрини менсимай қўйган.
– Тўғри, – амаки кўзини ердан узмади.
– Қизим эгизак туққанида онасини ёрдамга чақирганди, ўша ерда ҳам хотиним жанжал чиқариб, қизимни уйга олиб келди. Ҳозир памперсга пул топишим керак, – амаки кўз ёшларини артиб ўзига кела бошлади.
– Қорасувдан пиёда келяпман, ўзим «сваршик»ман, иш қидириб юрибман. 52 га чиқдим. Умрим фақат меҳнат билан ўтди. Хотиним менсимайди. Уйимга сиғдирмайди, энди унга керагим ҳам йўқдир, балки. Кеча ўзимни Бўзсувга ташламоқчи бўлдим. Бир йигит мақсадимни билиб қолди, шекилли, югуриб олдимга келиб, уришиб берди...
Эркакнинг йиғлагани ғалати бўлади. Мен бу ҳолатга кўп гувоҳ бўлганман...
Секин ўрнимдан туриб, қайнонам гўштга деб берган пуларини амакига бердим. Амаки роса қаршилик қилди. Шундоқ ҳам дардини эшитганимга мени дуо қилишини айтди. Мен эса қўймай пулни узатдим:
– Амаки, бу пулга мазза қилиб овқатланинг, кейин иш қидирарсиз, дедим.
Эркак... Эркак эса кўзида ёш ва севинч. Ғалати бўлиб кетдим.
Кейин нима бўлди денг?
Аудиокитоб ўқиганим учун бир иловадан пул олишим керак эди, орадан 1 дақиқа ўтиб, ўша пул тушди. Яна бир реклама борасида ишлаётган фирмам хизматим эвазига қўшимча пул бермоқчилигини айтди.
Бу қандай ҳодиса?
Етмаганига инстаграмдан ўзимга ёқадиган бир идиш буюртма қилгандим. Ўшани эгаси бу менга совға эканини айтиб кетди.
Хуллас, шунақа гаплар...
Феруза Умрзоқова
Манба: Xabar.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»