Деновда юз берган портлаш бўйича 3 киши қамоққа олинди. Бу ҳақда «Дарё» сўровига асосан Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, Сурхондарёнинг Денов шаҳри марказидаги Indenim савдо мажмуасида кучли портлаш 7 декабрь тонгида юз берган. Расмий маълумотларга кўра, портлаш оқибатида икки киши ҳалок бўлган, 11 киши турли тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Кейинчалик Деновдаги портлашда 65 та уй зарар кўргани, 6 та хонадон деворлари эса ёрилиб, яшаш учун хавфли ҳолатга келиб қолгани маълум бўлди.
14 декабрь куни нохуш ҳолат сабаблари муҳокама қилиш учун вилоят ҳокими Тўра Боболов, вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари, шаҳар ва туман ҳокимларининг масъул ўринбосарлари, масалага алоқадор ташкилот раҳбарлари иштирокида йиғилишда ўтказилганди.
Йиғилишда «Ҳудудгаз Сурхондарё» газ таъминоти филиали директори Мирзоқул Мансуров ҳодиса рўй берган жойга ҳукумат комиссияси ва унинг таркибида ‘Ҳудудгазтаъминот’ АЖ раҳбариятининг 5 кун давомида тегишли идоралар, ташкилотлар ва газ таъминоти соҳаси мутахассислари, махсус техника ва асбоб-ускуналарни жалб қилган ҳолда ўрганиш ўтказилганини маълум қилган. Текширувларда 2013 йилда қурилган Indenim савдо мажмуаси остидан Денов тумани ҳокимлиги қозонхонасини газ билан таъминлайдиган ерости ўрта босимли газ қувури ўтказилгани аниқланган.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Муродбек Давлатовнинг аниқлаштиришича, газ тармоқлари харитасида бино қурилган вақтда туман ҳокимлиги қозонхонасига тортилган газ тармоғи бинонинг остида қолдириб кетилгани кўрсатилган. Маълумотларга кўра уч йилдан кейин қозонхона фаолияти ҳам тўхтатилган. Газ қувури айнан қозонхонага етган жойда беркитиб ташланган.
Йиғилишда савдо мажмуа қурилиши амалдаги қурилиш нормалари ва қоидалари зид тарзда қурилгани маълум қилинган.
«Бино хавфсизлиги ва ишончлилигини таъминлаш учун савдо мажмуаси ўрта босимли газ қувурининг хавфсизлик зонасини ҳисобга олган ҳолда қурилиши лозим бўлган. Шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ ушбу муҳофаза зонаси бинонинг пойдеворидан тўрт метр масофани ташкил этиши лозим эди. Indenim савдо мажмуаси газ қувурининг айнан устига қурилгани сабабли ер остидаги коммуникациялар созлигини текшириш учун кириш йўли бўлмаган.
Ўтказилган текширувларда мажмуа остида ҳосил бўлган дайди токлар металл қувурларнинг ташқи коррозиясига ва газ қувурида нуқсонлар пайдо бўлишига олиб келган. Бу эса ўз навбатида газ сизиб чиқишига ва газ-ҳаво аралашмасининг чақнашига сабаб бўлгани айтилди», — деган эди бу ҳақда «Дарё»га маълум қилган масъул.
14 декабрь куни Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари Деновда газ қувури портлаши натижасида содир бўлган ҳодисага тўхталиб, ушбу нохуш воқеа ҳамманинг кўзини очиши кераклигини айтганди. «Ҳаммаси газ раҳбарларининг айби, ушбу воқеа нафс балоси сабабли содир бўлди. Одамлар ҳалок бўлди, ҳалиям Худо бизни асради», – деган эди президент.
Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, 15 декабрь куни Денов шаҳар газ бўлими бошлиғига Жиноят кодексининг 116-моддаси (касб юзасидан ўз лозим даражада бажармаслик) 4-қисми «а», «б» бандлари билан, «Ҳудудгаз Сурхондарё» газ таъминоти 2 нафар ходимларига Жиноят кодексининг 116-моддаси 4-қисми «а», «б» бандлари, 214-моддаси (давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши) 3-қисми «в» банди билан айблов эълон қилиниб, уларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-модда (меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) ва 259-моддалари (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас