15:34 / 20.12.2021
1 261

Жаҳонгир Ортиқхўжаев форумларга бюджетдан қанча маблағ ажратилгани ва TikTok блокланиши ҳақида

Жаҳонгир Ортиқхўжаев форумларга бюджетдан қанча маблағ ажратилгани ва TikTok блокланиши ҳақида
Бугун, 20 декабрь куни пойтахтда «Тошкент ёшлар форуми – 2021» тадбирлари бошланди. Очилиш маросимидан аввал ОАВ ходимлари ва пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда «Дарё» хабар бермоқда.

Тошкент шаҳар ҳокимининг сўзларига кўра, 2022 йилда "Тошкент 5 ташаббус ҳаракати" тадбирига халқаро мақом берилади. Шунингдек, "Тошкент ёшлар форуми" 2022 йили халқаро форум сифатида ўтказилади.

Журналистлар билан бўлиб ўтган савол-жавоб давомида Жаҳонгир Ортиқхўжаевга 2020 йилдаги «Тошкент ёшлар форуми», шунингдек, 2021 йилда бўлиб ўтган «Тошкент 5 ташаббус ҳаракати» ҳамда айни кунларда давом этаётган «Тошкент ёшлар форуми – 2021» тадбирларига бюджетдан қанча маблағ ажратилгани ҳақида савол берилди.

«Ҳали форумимиз тугагани йўқ, ҳали давом этяпти. Бундан ташқари, давлат бюджетидан ташқари, ҳомийларимиз бор. Улар томонидан ҳам маблағлар йўналтириляпти. Форум тугагандан кейин буни очиқ ҳолда ОАВларда кўрсатишимиз мумкин бўлади», — дейди пойтахт ҳокими.

Бундан ташқари, Жаҳонгир Ортиқхўжаев мазкур форумга ташриф буюрган қозоғистонлик ёшлар ҳақида ҳам айтиб ўтди.

«Президентимизнинг 10 кун аввал Қозоғистонга ташрифлари давомида мен билан Нур-Султон ҳокими алоқалар ўрнатдик. Ёшларнинг ўзаро ҳамдўстлигини инобатга олган ҳолда келишувимизга кўра, Қозоғистон ҳукумати 31 нафар фаол ёшларни мазкур форумга иштирок этиш учун жўнатишган», — дейди у.

«Дарё» мухбирининг Ўзбекистонда TikTok блокланишига муносабати ҳақидаги саволига Жаҳонгир Ортиқхўжаев шундай жавоб берди:

«TikTok бир платформа, у ерда турли контент бор. Ҳамма ўзига керакли контент олади. Минг афсуски, тақиқ қўйилган одамлар керакмас контентларга киргани кўриниб турибди. Агар керакли контентларга кирилса, ҳеч қандай платформанинг зарари йўқ, деб ўйлайман. Менинг фикримча, тағин билмадим», — дейди у.

Тошкент шаҳар ҳокими «Тошкент ёшлар форуми — 2020» доирасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида «тиктокерларга тақиқ қўйиш эмас, уларни тўғри йўлга йўналтириш бўйича иш олиб боришимиз кераклиги» ҳақида айтган эди.

Эслатиб ўтамиз, июль ойида Ўзбекистонда TikTok ва Твиттерънинг очилиши секинлашди. 2 июль куни эса Ўзбекистонда айрим ижтимоий тармоқлар, хусусан, TikTok’дан фойдаланиш расман чекланди.

Кейинчалик «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши раиси ўринбосари Феруза Муҳаммаджонова TikTok ижтимоий тармоғини бутунлай блоклашни таклиф қилди.

Пойтахт ҳокими 2020 йилда бўлиб ўтган форум доирасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Тошкентда шаҳар ҳокимлиги томонидан Ёшлар ишлари агентлиги ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда ўтказиладиган Ёшлар форуми учун қанча харажат қилиниши ҳозирча аниқ бўлмагани ҳақида айтганди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Жаҳонгир Ортиқхўжаев форумларга бюджетдан қанча маблағ ажратилгани ва TikTok блокланиши ҳақида