14:38 / 21.12.2021
1 202

Тиббиётимиз чангли ҳаво оқибатларига тайёрми?

Тиббиётимиз чангли ҳаво оқибатларига тайёрми?
Гидрометеорология хизмати 21 декабрь, яъни бугун шамол тезлиги баъзи жойларда 25-28 метр/секундгача кучайиб, Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида ва республиканинг чўл ҳудудларида чанг бўрони ва ғуборлар кўтарилиши мумкинлигини прогноз қилганди.

Айни пайтда мамлакатимизнинг айрим ҳудудларда ушбу табиат ҳодисаси кузатилмоқда. Шу муносабат билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш учун барча зарур чораларни кўрганини маълум қилди.

«Жумладан, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудлардаги 13 та филиали ҳамда 179 та аҳоли пунктида жойлашган субфилиаллари домий шай ҳолатда.

Бундан ташқари, мамлакатимиз бўйлаб 2861 та тез тиббий ёрдам бригадаси зарур дори-дармонлар билан етарли миқдорда тўлиқ таъминланган. Шошилинч ва тез тиббий ёрдам тизимида фаолият кўрсатаётган қарийб 17 минг нафарга яқин шифокор ва 52 минг нафардан зиёд ҳамшираларга зарур кўрсатмалар берилган.

Қолаверса, аҳоли Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «1003» қисқа рақамли Саll-маркази малакали мутахассисларидан чангли ҳаводан қандай ҳимояланиш бўйича туну кун керакли маслаҳат ва тавсиялар олишлари мумкин.

Хусусан, бундай вазиятда нафас йўли сурункали касалликлари бор юртдошларимизга чангли ҳавода ташқарига чиқмасликларини тавсия қиламиз.

Хона ёки иншоотларни нам латта билан тозалаб туриш, уй ёки бино ичига, атрофига сув солинган идишлар қўйиш чанг даражасини пасайтиришга хизмат қилади. Қолаверса, бундай вазиятда нам сочиқларни осиб қўйиш, кондиционер ва ҳавони тозалаш тизимлари ҳам асқатади.

Деразаларни ёпиқ ҳолда сақлаш, кўпроқ сув ичиш, тез-тез душ қабул қилиш нафас олишни енгиллаштиради. Оғиз ва бурун бўшлиғини тузли эритма билан ювиб туриш ҳам катта самара беради.

Очиқ ҳавода юрганда, албатта, тиббий ниқоб тақиб юриш ва уларни ҳар икки соатда алмаштириш шарт. Ёш болалар, ҳомиладор аёллар ва ёши катта инсонлар ҳам бундай вазиятда эҳтиёткор бўлишлари тавсия этилади.

Агар юртдошларимизда ташқи муҳитдаги чанглар туфайли нафас қисиши, бурун битиши, аксириш, бурун оқиши, кўзларда қичишиш ва қизариш, томоқда кучли қичишиш, қичишиш билан кузатиладиган йўтал белгилари юзага келса, тезда оилавий шифокор пункти, оилавий поликлиникаларга мурожаат қилишлари лозим», — дейилади ССВ хабарида.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тиббиётимиз чангли ҳаво оқибатларига тайёрми?