2 062
“Сабрия” машмашаси: Сериалдаги беҳаё саҳна мавзуси Фирдавс Абдухолиқов шахсига уланиб кетди
Коллаж: Kun.uz
“Sevimli” телеканалининг эгаларидан бири Амира Рашидова сериалдаги ўша эпизодни “аҳлоқсиз” деб таърифлаб бўлмаслигини айтиб, режиссёрни ҳимоя қилиб чиқди. Лекин барибир отаси Фирдавс Абдухолиқовнинг айтгани бўлди: ҳолат бўйича кескин чоралар кўрилди. Энди эса кун тартибига бошқа мавзу чиқди: Абдухолиқов ўз фарзандлари ва рафиқасига тегишли телеканалга давлат буюртмалари ва субсидияларини олиб бераётган бўлиши мумкинми?
“Sevimli” телеканалидаги “Сабрия” миллий сериалида беҳаё саҳналар эфирга узатилгани ва бу танқидларга сабаб бўлгани ортидан телеканал бош директори ва бош муҳаррири ишдан олинди.
Бироқ энди масаланинг бошқа жиҳати аён бўлмоқда: “Sevimli” телеканалининг эгалари – Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқовнинг ўғли, қизи ва рафиқаси. Бу телеканалнинг камида учта миллий сериалида давлат буюртмачиси – айни шу агентлик.
Бугун таркибида Абдухолиқовнинг фарзандлари ҳам бўлган телеканал таъсисчилари уни телеканал Кузатув кенгашига раҳбар этиб тайинлади. Бу эса манфаатлар тўқнашувига оид янги саволларни уйғотади, чунки миллий сериаллар учун хусусий телеканалларга бюджетдан бериладиган миллиардлаб субсидияларнинг тақсимловчиси – айнан Кинематография агентлигидир.
Kun.uz мазкур воқеалар хроникасидаги асосий нуқталарни санаб ўтади.
Саида Мирзиёеванинг танқиди ва Амира Рашидованинг жавоби
14 январ куни “Севимли” телеканалида “Сабрия” сериалининг 32-қисми намойиш этилди. Ундаги саҳналардан бирида гиёҳванд йигит қизни тўшакда зўрлаб, у билан жинсий алоқа қилишга уринаётгани тасвирланади.
Эфирга кетган эпизод лавҳаси 17 январ куни ижтимоий тармоқларда тарқалиб, жамоатчиликнинг кескин эътирозларига сабаб бўлди. 18 январ куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги сериал бўйича экспертиза тайинлади.
19 январга келиб Масс-медиа фонди раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ҳам сериални жиддий танқид остига олди. У нафақат беҳаё саҳна, балки сериалнинг бутун мазмуни аҳлоқсизлик ва аёлларни ёмонотлиқ кўрсатишга йўғрилганини таъкидлади.
“Бадиий савия ҳақида гапириб ҳам ўтирмайман, унақа нарсанинг ўзи йўқ”, деган Мирзиёева “ҳеч қайси фильмда аёлларга нисбатан бу қадар нафрат кўрмаганмани”ни айтди. “Ушбу сериалда аёллар фикри тор, маккора, заифа, ҳаётдаги ҳамма балоларга сабабчи қилиб кўрсатилган”, – деди у.
Шу куни “Sevimli” телеканали бош продюсери Амира Рашидова танқидларга жавоб бериб, сериалда зўравонлик эпизодлари ва беҳаё саҳналар “очиқ кўрсатилмагани”ни айтди.
“Ёвузликни кўрсатмай, ёмон одамларнинг борлигини беркитиб яшайдиган замонда эмасмиз, Худога шукр”, – деди Рашидова.
У режиссёр Насиба Турсуновани ҳимоя қиларкан, бу сериал унинг илк иши бўлгани, телеканал у билан хамкорликни давом эттириши ва “ижодкорни синдиришларига қарши” эканини маълум қилди.
Абдухолиқовнинг аралашуви ва Алламжоновнинг ишораси: “Уйда келишиб олсангиз бўлмайдими?”
20 январ куни Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов “Сабрия” сериали атрофидаги муҳокамалар бўйича баёнот берди ва сериал “ҳақиқатдан ҳам бадиий ва мазмунан саёз” эканини таъкидлади.
Абдухолиқов ўз баёнотида билдирилаётган танқидий фикрларни “телеканал таъсисчилари ва ижодий жамоаси албатта инобатга олиши” кераклигини қайд этди.
Агентлик раҳбарининг бу баёнотидан кейин жамоатчилик каналнинг уч нафар таъсисчисидан икки нафари унинг ўз фарзандлари эканига эътибор қаратди.
“Шу масалани уйда келишиб олсангиз бўлмайдими?” деган Масс-медиа фонди раиси Комил Алламжонов манфаатлар тўқнашуви масаласини кўтарди.
“Sevimli” канали қизингиз ва ўғлингизга ҳам тегишли, сериалларнинг давлат маблағлари эвазига асосий буюртмачиси эса ўзингиз, кинолар сифатига ҳам асосий масъул ўзингиз бўлсангиз” – деди Алламжонов.
“Sevimli” телеканали муассиси – “Master Media Production and Broadcast" МЧЖ. Бу корхонанинг 20 фоиз улуши Рашидова Амира Фирдавсовна, 10 фоизи Абдухолиқов Абдулложон Фирдавсовичга тегишли. Компаниянинг 70 фоизига Шаропова Фируза Садридинов эгалик қилади. Kun.uz манбаларига кўра, Фируза Шаропова – Фирдавс Абдухолиқовнинг турмуш ўртоғи.
Компания телеканал жойлашган манзил – Тошкент шаҳри Амир Темур шохкўчаси 53-уйда жойлашган. Худди шу манзилда “Silk Road Media” МЧЖ ҳам жойлашган бўлиб, бу компаниянинг 100 фоизлик улуши Фирдавс Абдухолиқовга тегишли. “Silk Road Media”нинг раҳбари Абдувоҳид Хўжаев бугунгача “Sevimli” телеканалининг бош директори сифатида ҳам ишлаб келаётганди.
Юқоридаги манзилда, шунингдек, “Darakchi Inform Servis” МЧЖ ҳам жойлашган ва унинг ҳам ҳуқуқий эгалари – Амира Рашидова, Абдулложон Абдухолиқов ва Фируза Шаропова. Эслатиб ўтамиз, “Даракчи” газетасининг асосчиси Фирдавс Абдухолиқов ҳисобланади.
Ўзбекча Wikipedia'да Фирдавс Абдухолиқов “Sevimli” телеканалининг эгаси деб кўрсатилган. Бу – фақатгина назарий жиҳатдан (де-юре) эскирган маълумот. Шу ўринда таъкидлаш керакки, 2022 йилдан бошлаб Ўзбекистонда давлат хизматчилари, уларнинг турмуш ўртоқлари ва 18 ёшга тўлмаган фарзандларининг мол-мулки ва даромадларини декларация қилиш йўлга қўйилмоқда. Бунда уларнинг 2022 йилгача топган даромадлари тафтиш қилинмаслиги белгиланган.
Эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви
2021 йилда миллий сериаллар ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга оид президент фармони қабул қилинган эди. Фармонга асосан, телеканалларга Кинематография агентлиги томонидан ҳар йили камида 12 миллиард сўм субсидия ажратилади.
Субсидияларни миллий сериалларни суратга олаётган телеканаллар орасидан қайсиларига беришни аниқлаш ваколати Кинематография агентлигига берилган. Агентлик сериал лойиҳаларини қатор омиллар асосида баҳолаб, уни суратга олиш харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисмини қоплаб беради.
20 январ куни агентлик муҳокамаларга сабаб бўлган “Сабрия” ва “Дайди қизнинг дафтари” каби сериалларнинг буюртмачиси эмаслигини маълум қилди. Бироқ шуниси аниқки, агентлик томонидан берилган давлат буюртмаси асосида “Sevimli” телеканалида камида учта сериал суратга олинган ёки олинмоқда. Булар –“Орзулар палатаси”, “Она замин” ва “Тузоқ” сериалларидир.
Мазкур ҳолатда давлат буюртмачиси ва хусусий ижрочиларнинг ўзаро яқин қариндош экани Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ўрганишлар ўтказишга асос бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, 20 январда Аксилкоррупция агентлиги эътибор қаратиши мумкин бўлган яна бир ҳолат рўй берди. Эндиликда Фирдавс Абдухолиқов ўзи давлат буюртмаларини бераётган “Sevimli”телеканали билан қариндошлари орқали эмас, тўғридан тўғри ўзи боғланган шахсга айланди.
Гап шундаки, “Сабрия” сериали бўйича машмашалардан кейин “Sevimli” телеканалининг уч нафар таъсисчиси йиғилиш ўтказиб, бош директор Абдувоҳид Хўжаев ва бош муҳаррир Қаҳрамон Сайдалиевни лавозимидан бўшатди; шу билан бирга, йиғилишда қатнашган Фирдавс Абдухолиқовни телеканал Кузатув кенгаши раиси этиб тайинлади.
“Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг 42-моддасига кўра, давлат харидларида аффилланганлик ҳолатлари аниқланса, харид иштирокчиси жараёндан четлатилиши лозим.
Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бош директори лавозимида ишлаб келаётган Жалолиддин Сафоев “Sevimli” канали бош директори этиб тайинланди. Эслатиб ўтамиз, ЎзЭОАВМА ҳам Фирдавс Абдухолиқовга бегона ташкилот эмас, у 2019 йилда “Ўзбеккино” (ҳозирги Кинематография агентлиги) раҳбаригига келгунга қадар ушбу ассоциацияни бошқарган. “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда