15:49 / 26.01.2022
1 347

Қашқадарё вилоятининг чекка ҳудудларида контейнер тиббиёт масканлари иш бошлади

Қашқадарё вилоятининг чекка ҳудудларида контейнер тиббиёт масканлари иш бошлади
Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманидаги чекка қишлоқларда контейнерда жиҳозланган тиббиёт масканлари тажриба сифатида иш бошлаган. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Деҳқонобод тумани ҳокими З.Алиқулов ва прокурор Л.Ҳамраев ташаббуси билан чекка қишлоқларда контейнерда жиҳозланган тиббиёт масканлари ташкил этилмоқда.

Ана шундай тиббиёт масканларидан бири туманнинг “Усмон Юсупов” МФЙга қарашли Бешқўтон қишлоғида ўрнатилган. Бу ерда аҳолини сифатли тиббий хизмат билан таъминлаш мақсадида Деҳқонобод тажрибаси сифатида контейнердан қулай жиҳозланган тиббиёт пункти ташкил этилган.

Қайд этилишича, Бешқўтон қишлоғи энг яқин оилавий шифокорлик пунктидан 6 километр узоқликда жойлашган бўлиб, 876 та хонадонда 3892 нафар аҳоли истиқомат қилади.

Туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Шавкат Амировнинг сўзларига кўра, болаларни эмлаш ва тиббий кўрикдан ўтиш учун қишнинг совуқ кунларида узоқ масофани босиб ўтиш аҳолига ноқулайлик туғдирган. Шу сабабли узоқ ҳудудларда контейнерда жиҳозланган тиббиёт маскани ташкил этишга қарор қилинган.

Ш.Амировнинг билдиришича, Бешқўтондаги тиббиёт пунктида 3 нафар патронаж ҳамшира фаолият юритмоқда. Ҳафтанинг ҳар бир кунида у ерда малакали врачлар томонидан қабул ташкил этилади.

Деҳқонобод туман ҳокимлиги ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, яқин кунлар ичида Деҳқонобод туманининг чекка ҳудудларида жойлашган ўнта қишлоқда шундай контейнерлар ўрнатилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қашқадарё вилоятининг чекка ҳудудларида контейнер тиббиёт масканлари иш бошлади