21:21 / 31.01.2022
933

Жамшид Қўчқоров: «Ўзбекистонда камбағаллик 5 йил ичида 2 баравар қисқартирилади»

Жамшид Қўчқоров: «Ўзбекистонда камбағаллик 5 йил ичида 2 баравар қисқартирилади»
2022—2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясини амалга ошириш доирасида республикадаги камбағаллик даражасини икки баравар қисқартириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 28 январь куни Бош вазир ўринбосари, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар вазирлик ва идоралари раҳбарларининг онлайн йиғилишида маълум қилди, дея хабар бермоқда «Дарё».

Жамшид Қўчқоровнинг айтишича, камбағалликни қисқартиришга қаратилган давлат дастурлари ишлаб чиқилади.

«Дастур асосида норасмий ишлаётган 2,5 миллион нафар фуқаро бандлиги легаллаштирилади, уларда ижтимоий кафолат ва имтиёзлардан тўлиқ фойдаланиш имконияти яратилади. Шунингдек, аёллар орасидаги ишсизлик даражасини 2 марта камайтириш, 700 мингдан зиёд ишсиз хотин-қизларни давлат ҳисобидан касб-ҳунарга ўқитиш кўзда тутиляпти. Имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини 3 баравар ошириш режалаштирилмоқда. Республикада камбағалликни қисқартириш ишлари 3 та асосий йўналишда: соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя тизимларини мустаҳкамлаш ҳамда иқтисодиётнинг реал секторидаги корхоналарни қўллаб-қувватлаш орқали амалга оширилади», — деди бош вазир ўринбосари.

Иқтисодиёт вазирининг қўшимча қилишича, 2020—2021 йилларда давлат бюджети ҳисобидан нафақа оладиган оилалар сони 2 баробарга ошди ва уларнинг улуши қарийб 15 фоизга етган.

«Камбағаллик даражасини белгилашда янги мезон — минимал истеъмол харажатлари жорий этилди. Бу ижтимоий тўловлар ва имтиёзларнинг минимал даражасини қайта кўриб чиқишга имкон берди. Масалан, 2021 йилда имконияти чекланган инсонлар учун энг кам пенсия ва нафақа турлари, шунингдек, боқувчисини йўқотган оилаларга бериладиган нафақалар миқдори 10 фоиздан 50 фоизгача оширилди», — деди у.

Иқтисодиёт вазирлигининг «Дарё»га маълум қилишича, 2021 йилда жорий этилган маҳаллаларда ҳоким ёрдамчиларининг вазифаси — аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, бандлигини таъминлаш орқали камбағалликни қисқартиришдан иборат.

«Бу мақсадлар учун 2022 йилда давлат бюджетидан 12 триллион 500 миллиард сўм маблағ сарфланиши режалаштирилган», — дейилади вазирлик маълумотида.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Жамшид Қўчқоров: «Ўзбекистонда камбағаллик 5 йил ичида 2 баравар қисқартирилади»