17:47 / 13.02.2022
775

ИИВ раҳбари ўринбосари ЙҲХ муаммоларини кўрсатгани учун президентга миннатдорлик билдирди

ИИВ раҳбари ўринбосари ЙҲХ муаммоларини кўрсатгани учун президентга миннатдорлик билдирди
Ички ишлар вазири ўринбосари, Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи Бекмурод Абдуллаев «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида Шавкат Мирзиёевга йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасини ислоҳ қилишга доир кўрсатмалари учун миннатдорчилик билдирди.

Унинг қайд этишича, президент раислигидаги йўл ҳаракати хавфсизлигига бағишланган видеоселектор «ниҳоятда танқидий руҳда» ўтган.

«Мен, авваламбор, барча ички ишлар ходимлари номидан ҳурматли президентимизга ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Чунки кўп йиллардан бери ички ишлар тизимида, айниқса, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида кўплаб муаммолар йиғилиб қолганди. Мана шу муаммоларнинг ечимини, уларнинг сабаблари ва бартараф этиш чора-тадбирларини бандма-банд, босқичма-босқич белгилаб бердилар» — деган у.

Бекмурод Абдуллаевнинг таъкидлашича, президент автомактаблардаги таълим тизимига алоҳида эътибор қаратган. Уларнинг «талабга умуман жавоб бермаслиги» тўғрисида қаттиқ танқидий фикрлар билдирган.

«Бу борада президентимиз барча мавжуд мактабларни инвентаризация қилиш, уларнинг инфратузилмасини ўрганиб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорини ишлаб чиққан ҳолда, уларга бўлган талабларни жаҳон стандартларига мос равишда тўлдириш ва талабга жавоб берадиган автомактабларнигина таълим тизимида қолдириш топшириғини берди», — деган у.

Бекмурод Абдуллаев, шунингдек, ҳайдовчилик мактабларида ўқитиш методикаси ва давомийлигини қайта кўриб чиқиш режалаштирилаётганини маълум қилган.

«Агар илгари ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш бўйича дарслар икки-уч йил ёки камида олти ой давом этган бўлса, ҳозирги кунда бу муддат уч ой — 277 соатдангина иборат. Президент буни қайта кўриб чиқиш бўйича топшириқ берди. Йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича юқори кўрсаткичларга эга бўлган давлатлар тажрибасини ўрганиб чиққан ҳолда, мутлақо янги таълим тизимини жорий этиш вазифаси юклатилди», — деган вазир ўринбосари.

Бундан ташқари, президент Тошкент шаҳрида автомобиллар максимал тезлигини 70 километр/соат дан 60 километр/соатгача туширилади. Мамлакатдаги барча мактаб ва болалар боғчалари яқинидаги тезлик 30 километр/соат қилиб белгиланиб, қоида 300 метр масофада амал қилади.

Эслатиб ўтамиз, 3 февраль куни Тошкентда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳон топшириш бўйича Тошкент имтиҳон маркази иш бошлаган. Бекмурод Абдуллаев фақат етарли билим ва малакага эга ҳайдовчиларга гувоҳнома берилишни бошлагач, йўлларда ҳайдовчилик маданияти ошади, йўл-транспорт ҳодисалари камайишини айтиб ўтганди. «Энди пули ёки таниш-билиши борлар эмас, фақат билими борларгина рулга ўтиради. Биз бундан бошқасига рози эмасмиз», — деган у.

Шунингдек, у ҳукумат янги имтиҳон марказлари бўйича ҳар қанақа асосли эътироз ва танқидлар бўлса, буни тўғри қабул қилишини ҳамда фуқароларга, журналист ва блогерларга доим очиқ эканини маълум қилган. «Аммо сизлардан илтимос, асоссиз, шунчаки эски коррупцион тизимни хоҳлаб кўр-кўрона қилинадиган танқидларга оғир-босиқлик ва холислик билан муносабат билдирсангиз хурсанд бўлар эдик. Бир нарсани унутмайлик, бу ислоҳотларнинг барчаси фақат ва фақат халқимиз, инсон қадри, фуқароларимиз ҳаёти ва саломатлиги учун», — дея қайд этган вазир ўринбосари.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » ИИВ раҳбари ўринбосари ЙҲХ муаммоларини кўрсатгани учун президентга миннатдорлик билдирди