08:30 / 04.03.2022
1 370

Қачон қўлга қурол олиб жанг қилиш мумкин?

Қачон қўлга қурол олиб жанг қилиш мумкин?
Ҳар бир инсон умрида бир марта бўлса ҳам қўлига қурол олиб жанг қилиш тўғрисида ўйлаган бўлса керак. Чиндан ҳам қачон бу ишни қилиш мумкин? Бу саволга мақола охирида жавоб оласиз.

Айрим ижтимоий тармоқларда Россия ва Украина ўртасидаги қуролли тўқнашувда иштирок этиш истагини билдирувчилар ёки бунга даъват қилувчилар учрамоқда.

Бироқ Ўзбекистон Жиноят кодексига кўра, ёлланганлик учун шунингдек, Ўзбекистон фуқаросининг чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кирганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Бундай жавобгарлик бошқа давлатларнинг қонунларида ҳам назарда тутилган. БМТ Бош Ассамблеясининг 2465 (ХХIII) сон Резалюциясида ҳам ёлланиш жиноят сифатида баҳоланган. Демак, ёлланиш халқаро жиноят ҳисобланади.

Ўзбекистон Жиноят кодексига кўра ёлланувчи (ёлланма) сифатида қуйидаги шахсларлар тушунилади:
- низолашаётган давлатнинг фуқароси ёки ҳарбий хизматчиси ҳисобланмаган;
- назорат қилиниб турган низолашаётган давлат ҳудудида доимий яшамайдиган;
- ҳеч қандай давлат томонидан қуролли кучлар таркибида расмий топшириқни бажариш ваколати берилмаган.

Ёлланма шахснинг моддий манфаатдорлик ёки бошқа бирон шахсий манфаатни кўзлаб, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиши тушунилади. Бунинг учун беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

Ёлланма шахсни ёллаш (масалан интернет орқали); ўқитиш; молиялаштириш; унга бошқа моддий таъминот бериш; ундан ҳарбий тўқнашув ёки ҳарбий ҳаракатларда фойдаланиш учун етти йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кирганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазоси ёки ёлланганлик учун эса уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонуннинг 25-моддасига кўра шахс чет давлатнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик органларига, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига хизматга кирганлиги оқибатида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини йўқотади!

Демак, Ўзбекистон фуқаролари ўзга юртларда ва ўзга юртларнинг қуролли кучларида хизмат қилиши мумкин эмас. Бу Ўзбекистон қонунлари билан ҳам, чет эл қонунлари билан ҳам, халқаро ҳуқуқ нормалари билан ҳам ман этилган. Шу ўринда айтиш жоизки, Ўзбекистон армиясида ҳам чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар хизмат қилолмайди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 52-моддасига кўра Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш — Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир. Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга мажбурдир.

Шунингдек, “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонунга биноан умумий ҳарбий мажбурият фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилишга мажбурий ҳарбий тайёргарлигидан иборат бўлади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафини тўлдиришни ва уларнинг резервини тайёрлашни таъминлаш мақсадида жорий этилади.

Ўзбекистон фуқаролари фақат ва фақат Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида хизмат қилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 125-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ўзбекистон Республикасининг давлат суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун тузилади.

Мудофаа доктринасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг мудофаа соҳасидаги сиёсати бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, эҳтимол тутилган низоларни тинч йўл билан ҳал этиш тамойилларига асосланади.

Энди юқоридаги саволга қайтадиган бўлсак, Ўзбекистон фуқаролари фақат Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибида Ўзбекистон Республикасининг суверенитети, ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун қўлга қурол олиб жанг қилиши мумкин!

Фарҳод Примов

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қачон қўлга қурол олиб жанг қилиш мумкин?