21:17 / 22.03.2022
1 956

Япония элчиси мушкул вазият ортда қолаётгани ҳақида гапирди

Япония элчиси мушкул вазият ортда қолаётгани ҳақида гапирди
Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фужияма Наврўз байрами муносабати билан мамлакатимиз аҳлига табрик йўллади.

«Мен Наврўзни Ўзбекистонда учинчи маротаба нишонлаяпман. Ҳар йили бу ажойиб баҳор байрамини орзиқиб кутаман. Ўзбекистонда бу байрамда қариндош-уруғлар, яқин кишилар йиғилишиб, сумалак ва баҳорий сабзавотларга бой бўлган ўзига хос таомлар билан завқланадилар, турли концерт ва тадбирлар ўтказилади. Айрим вилоятларда эса кўпкари мусобақалари ўтказилишини эшитганман», – дейди Ёшинори Фужияма.

Дипломат ўз табригида Япониядаги баҳорги тенгкунлик санаси ҳақида маълумот бериб ўтган.

«Японияда бу кун баҳорги тенгкунлик деб номланади. Бу – табиатни улуғлаш ва тирик мавжудотларга ғамхўрлик қилиш куни деб аталади. Баҳорнинг аста-секин яқинлашиб келиши белгиларидан баҳраманд бўласиз. Шунингдек, бу даврда айрим кишилар яқинлари билан бирга ота-боболари қабрини зиёрат қилади. Баҳорни қувонч, оила ва аждодлар ҳақидаги тафаккур билан кутиб олиш учун ўзига хос кун ғояси иккала мамлакатда ҳам кенг тарқалган», – деб ҳикоя қилади дипломат.

Кунчиқар ўлка элчиси жорий йил январь ойида Япония ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланганини ёдга олар экан, икки мамлакат келажаги учун барча имкониятларни ишга солишини таъкидлаган.

«Кейинги 30 йил давомида биз Ўзбекистон халқи билан биргаликда ҳар куни янги тарих яратсак, мен бундан мамнун бўлар эдим. Янги коронавирус инфекциясининг тарқалиши сабабли сўнгги 2 йил мобайнида оғир вазият сақланиб қолди. Аммо яқинда мен Ўзбекистон ҳукумати иммиграция чекловларини юмшатгани ҳақидаги хабарни эшитдим. Буни узун туйнук охирида кўринган ёруғлик каби ҳис қилдим. Япония элчиси сифатида мамлакатларимизнинг порлоқ келажаги учун барча имкониятларни ишга солмоқчиман», – деб хулоса ясайди дипломат.

Эслатиб ўтамиз, Ёшинори Фужияма 2019 йил 20 сентябрь куни Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси сифатида президент Шавкат Мирзиёевга ишонч ёрлиғини топширган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Япония элчиси мушкул вазият ортда қолаётгани ҳақида гапирди