10:00 / 26.03.2022
1 215

Уруш Ўзбекистондаги украиналик тадбиркорлар фаолиятига қандай таъсир кўрсатди?

Уруш Ўзбекистондаги украиналик тадбиркорлар фаолиятига қандай таъсир кўрсатди?
Аввалроқ Украина бизнеси ўзи учун Ўзбекистон бозорини кашф қилгани ҳақида хабар берилганди. Унда ўнлаб украиналик топ-менежер ва юзлаб мутахассислар яхши маош тўлашга тайёр бўлган ўзбек иқтисодиётининг имкониятларидан ҳайратга тушгани ҳақида сўз борган.

«Гарчи тажрибали мутахассислар, юридик хизматларнинг етишмаслиги ҳамда маҳаллий судлар фаолиятининг сустлиги сабаб Ўзбекистонда бизнес фаолият олиб бориш осон кечмаса-да, Украина компаниялари таваккал қилиб кўришга бел боғлашди», — дейилади хабарда.

Ушбу мақола чоп этилганидан кўп ўтмай, вазият ўзгарди. 24 февраль куни бошланиб, ҳалигача якун топмаган Россиянинг Украинага қарши ҳарбий ҳужуми бутун дунёнинг кўплаб тадбиркорлик соҳаларига путур етказди. Эндигина ўзбек бозорига кириб, ўз ўрнини топа бошлаган украиналик бизнесменлардан бири ҳам бугун Ўзбекистондаги фаолиятига нуқта қўймоқчи. «Дарё» юқоридаги тадбиркорлардан баъзиларининг Ўзбекистондаги бизнесига урушнинг таъсири ҳақида қизиқди.

Уруш сабаб режалари ўзгариб кетган компаниялардан бири Украинанинг «Zakaz.uz» онлайн етказиб бериш хизматидир. 2020 йилда ўзбек бозорига катта режалар билан кириб келган компания мамлакатдаги натижалардан мамнунлигини, 2021 йилда ўртача буюртмалар сони икки баробарга ошганини маълум қилганди. Аммо ҳозир компания эгалари бизнесни сотиш ниятида: - "Бу, албатта, Украинада олиб борилаётган уруш ва Россия агрессияси билан боғлиқ қарор бўлди", — дейди «Zakaz.uz» тижорат раҳбари Евген Нетреба.

Фото: TheМаg
2021 йилда Ўзбекистондаги чакана савдо имкониятлари, шунингдек, акциз солиғининг камайиши ортидан қизиқиш билдириб, маҳаллий бозорга кириб келган Global Spirits компанияси мамлакатда ўзининг олтита филиалини очган.

Компания топ-менежери Давид Долганов Ўзбекистонда кучли рақобатчилар ҳамда тизимли компанияларнинг йўқлиги сабаб 2022 йил охирига келиб, бозорнинг 25 фоизини эгаллашни мақсад қилгани ҳақида маълум қилган.

Мутахассис Россия—Украина ўртасидаги тортишувларнинг Global Spirits бизнесига таъсири ҳақида шундай деди:
- "Украинадаги урушларнинг бизнес келажагига таъсири ҳақида бир нарса деёлмайман. Чунки мен Global Spirits бизнесининг эгаси эмас, балки ўзбек бозорига тақдим этувчи вакилиман. Компаниянинг эгаси Евгений Черняк ҳисобланади".

Унинг фикрича, Украинадаги воқеалар ўзбек бозоридаги бутловчи қисмлар нархига таъсир қилиши мумкин. Бундан ташқари, ҳозирда қўлланаётган баъзи санкциялар туфайли энергия қувватининг ҳам нархи ошиши мумкин.

- Украинадан маҳсулотларнинг етказиб берилишига келсак, бу бўйича муаммо йўқ. Чунки товарлар захирада ва бирга ишлайдиган ҳамкорларимизда етарлича. Бизга тегишли бу маҳсулотларнинг барчаси диверсификация қилинган, — дейди Долганов.

Фото: iStock
Мутахассиснинг сўзларига кўра, ҳозир «Украина бренди» бутун дунё бўйлаб жаранглаяпти. Ўзбек бозорига етказилган ва етказиб берилаётган маҳсулотлар эса, жуда яхши сотилади.

- Ҳа, муаммолар ҳам бор. Улар, асосан, Украинадаги Россиянинг ҳарбий тажовузларида вайрон бўлган шаҳарларда фаолият юритувчи корхоналарда кузатилади. Ўзбекистон билан ишлайдиган компаниялар агар санкциялар остига тушмаган бўлса, етказиб бериш бўйича узилишлар бўлмайди, — дея суҳбатни якунлади Global Spirits халқаро компаниясининг Ўзбекистондаги вакили Давид Долганов.

Маълумот учун, 2021 йилда солиқ органлари томонидан йиғилган тушумлар 127,9 триллион сўмни ташкил этган. Бу 2020 йил билан солиштирганда 24,3 триллион сўмга ёки 23,5 фоизга кўп. Шулардан 1,69 триллион сўм миқдоридаги акциз солиқлари алкоголь (пиво) маҳсулотларидан келиб тушган.

Фото: Молия вазирлиги
Украинанинг энг йирик ритейлерларидан бири — «Rozetka.uz» онлайн савдо компаниясининг ҳаммуассиси Владислав Чечеткин ўзбек бозорининг режадагидан-да тезкор ривожланаётганини таъкидлаганди.

Украинадаги вазият ритейлернинг келажагига қанчалик таъсир кўрсатиши ҳақида унинг бош директори Георгий Фесенко қуйидагиларни маълум қилди: -"Компания ҳозирда жадал ривожланмоқда. Бизнеснинг келажаги ҳақида сўз кетадиган бўлса, мен буюк истиқболли келажакни кўряпман".

Чечеткиннинг сўзларига кўра, у мамлакат бозоридаги энг яхши — ҳар бир мижоз ўз вақтини тежаган ҳолда, бир жойдан ҳамёнбоп нархлар, турли тўлов усуллари, қисмларга бўлиб тўлаш, маҳсулотлар бўйича танлов, сифатли хизмат ҳамда эшик олдигача етказиб бериш имконини берувчи маркетплейс яратишни режалаштирган.

- Ўзбекистон бозорининг жуда қизиқ ва ёрқин келажаги бор. Ўйлайманки, яқин йиллар ичида FinTech’даги э-cом бозорида янада кўпроқ ва қизиқроқ лойиҳалар гувоҳи бўламиз. Рақамлашув ва рақобатнинг кучайиши эса, Ўзбекистон ва унинг аҳолиси учун фақат фойда келтиради, — деди Фесенко.

Фото: «Экономическая правда»
Тадбиркорнинг сўзларига кўра, Украинадаги воқеалар кўплаб мамлакатларнинг барча соҳалар каби, бизнес муҳитларига ҳам таъсир кўрсатди.
- Доллар курси ўсиб бормоқда. Бу бевосита истеъмолчилар учун чет элдан импорт қилинадиган маҳсулотлар нархига таъсир кўрсатади, — дейди бош директор Георгий Фесенко.

Мутахассиснинг маълум қилишича, қайта молиялаштириш ставкалари ҳам ўсмоқда. Бу эса, истеъмолчилар учун қулай бўлган бўлиб тўлаш усулининг доимий мавжудлигига таъсир кўрсатади.

- Аммо бизнинг команда хизмат сифатини яхшилаш ҳамда «Rozetka.uz»ни товарларни қулай нархга сотиб олиш мумкин бўлган жой сифатида ривожлантиришда давом этади, — дея изоҳ берди Фесенко.

Аслида ўзбек мамлакат бозорини таваккалчилик асосида танлаган украиналик тадбиркорнинг режа ва мақсадлари катта бўлган. Буни «Ўзбекистон — ранг-баранг, бутун жаҳонга машҳур шарқона бозорлар мамлакати бўлиб, унинг мавқейи асрлар давомида ўзгармас бўлиб келган», — деган эътирофидан ҳам англаш мумкин.

Аммо уруш, тадбиркор, жамоа ёки компаниянинг ихтиёридаги воқелик бўлмагани учун ҳам, барча режаларига нуқта қўйди. Бироқ иқтисодиёт ва бизнес оламида таваккалчиликсиз бирор нарсага эришиб бўлмайди. Бундай узилишлар эса, тадбиркорни янада илғор ғоялар билан кучли бўлиб қайтишига туртки бериши мумкин.

Муаллиф: Муқаддас Мусаева

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Уруш Ўзбекистондаги украиналик тадбиркорлар фаолиятига қандай таъсир кўрсатди?