22:16 / 09.04.2022
1 477

Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда суғурта фаолиятининг ўрни қандай?

Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда суғурта фаолиятининг ўрни қандай?
Давлатимиз томонидан ҳуқуқий давлат барпо этишни кўзлаб ва фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлаш мақсадида миллий қонунчилигимизда демократия ҳамда ижтимоий адолат принципларига содиқ бўлган қонун нормаларини яратилаётганлигини эътироф этишимиз керак.

Хусусан, фуқаролик- ҳуқуқий муносабатларда ҳам инсоннинг саломатлиги, ҳаёти, мол-мулки ёхуд унинг бошқа шахслар олдидаги фуқаролик жавобгарлигини турли хил табиий офатлар, зилзила, сув тошқини, ёнғин ва бошқа ҳар хил бахтсиз ҳодисалар рўй бериши натижасида кўрилган зарарни қоплаш ва бошқа пул қопламалари тўлаш учун мақсадли пул жамғармаларини ташкил этиш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ ижтимоий муносабатлар мавжуд бўлиб, булар «Суғурта» институти билан тартибга солинади.

Суғурта кўп асрлик тарихга эга бўлиб, суғурта муассасалари дастлаб ўрта асрларда, денгиз орқали олиб бориладиган савдодаги хавф-хатарлар билан боғлиқ ҳолда пайдо бўлган. Кейинчалик бошқа соҳаларга ҳам ёйилган. Ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг турли босқичларида суғурта фуқароларнинг манфаатларини ишончли ҳимоя этувчи восита бўлган.

Суғурта деганда юридик ёки жисмоний шахслар тўлайдиган суғурта мукофотларидан, шунингдек суғурталовчининг бошқа маблағларидан шакллантириладиган пул фондлари ҳисобидан муайян воқеа (суғурта ҳодисаси) юз берганда ушбу шахсларга суғурта шартномасига мувофиқ суғурта товонини (суғурта пулини) тўлаш йўли билан уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш тушунилади.

Суғурталаш мажбурий ва ихтиёрий шаклларда амалга оширилади. Мажбурий суғуртанинг ўзи мажбурий ва мажбурий давлат суғуртасига бўлинади. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жорий этилади. Ўзбекистонда умумий фойдаланишдаги автомобил транспорти, сув, ҳаво, темирйўл транспортлари йўловчилари, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлиги ва бошқаларга мажбурий суғурта турлари белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликларининг ҳарбий хизматчилари, Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат чегараларини қўриқлаш, Давлат божхона, Давлат солиқ қўмиталари ходимлари мажбурий давлат суғуртасига олинган ва бундай суғурта турлари учун суғурта бадали (мукофоти) давлат бюджети ҳисобидан тўланади. Ихтиёрий суғурта турлари суғурта муносабатларида қатнашувчи томонларнинг ўзаро розилиги ва ёзма шартнома асосида амалга оширилади, суғурта жавобгарлиги ҳажми (суғурта нархи), суғурта бадали (мукофоти) миқдори, суғурта ҳодисаси юз берганда тўланадиган суғурта пули (суғурта қопламаси, товони) суммаси — шартнома шартлари суғурта қилувчи билан суғурта қилинувчи томонлар ўртасида келишилади.

Суғурта қилинадиган объектга қараб мулкий суғурта-юридик ва жисмоний шахсларнинг мулкий манфаатлари, бинолар, экинлар, уй ҳайвонлари, мол-мулк, транспорт воситаларини суғурталаш, шахсий суғурта -инсон, соғлиғи, ҳаёти, меҳнат қобилиятини суғурталаш, учинчи шахслар олдидаги жавобгарлик суғуртаси- транспорт эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини, кредит олувчиларнинг банк олдидаги кредитни ўз вақтида қайтариш жавобгарлигини суғурталаш ва бошқаларга бўлинади.

Бугунги кунда мамлакатимизда умумий суғурта соҳасида “Ўзбекинвест” суғурта компанияси, “Ўзагросуғурта” акциядорлик жамияти, “Гросс инсуранcе” МЧЖ, “Кафолат суғурта компанияси” АЖ, “Алфа инвест” суғурта ташкилоти, “Темирйўл-суғурта” суғурта ташкилоти, “Капитал суғурта”
АЖ ва бошқалар, ҳаётни суғурталаш соҳасида эса “Alskomvito” суғурта компанияси, “Агрос ҳаёт” суғурта компанияси, “New life insurance” суғурта компанияси, “Yeuroasia-life” суғурта компанияси, “Alfa life” суғурта ташкилоти, “Кафолат Ҳаёт” суғурта компанияси “Apex Life” суғурта компанияси ва бошқалар ўз фаолиятини юритмоқдадир.

Ҳозирда суғурта компаниялари томонидан аҳоли ва тадбиркорларга транспорт воситаларини суғурталаш, тиббий суғурта, юкларни суғурталаш, ипотека суғуртаси, мол-мулкни суғурталаш каби хизматларни амалга ошираётганини кўришимиз мумкин.

Албатта бундай суғурта ташкилотилари ўз фаолиятини олиб боришда қонунда белгиланган тартибда амалга оширадилар. Суғурталовчиларнинг ва қайта суғурталовчиларнинг ва суғурта брокерларининг суғурта фаолияти қонунчиликда белгиланган тартибда ваколатли давлат органи томонидан бериладиган лицензиялар асосида амалга оширилади.

Лицензия суғурталовчига ҳаётни суғурта қилиш соҳасида ёки умумий суғурта соҳасида ёхуд фақат қайта суғурта қилиш бўйича суғурта фаолиятини амалга ошириш учун берилади. Ҳаётни суғурта қилиш соҳасида суғурта фаолиятини амалга оширувчи суғурталовчи умумий суғурта соҳасида суғурта фаолиятини амалга оширишга ҳақли эмас, бундан умумий суғурта соҳасининг қонунчиликда белгиланган айрим турлари (класслари) мустасно.

Умумий суғурта соҳасида суғурта фаолиятини амалга оширувчи суғурталовчи ҳаётни суғурта қилиш соҳасида суғурта фаолиятини амалга оширишга ҳақли эмас. Фақат қайта суғурта бўйича суғурта фаолиятини амалга оширувчи суғурталовчи суғурта шартномаларини тузишга ҳақли эмас. Лицензияда суғурталовчи амалга оширишни мўлжаллаётган суғурта турлари (класслари) кўрсатилади. Фикримиз сўнггида шуни ҳам таъкидлаш жоизки, суғурта орқали, энг олий қадрият – инсон ҳаёти, соғлиги ҳимоя остига олинади.

Дилфуза Абдуллаева,
Тошкент давлат юридик университетининг
Ихтисослаштирилган филиали
Хусусий-ҳуқуқий фанлар кафедраси доценти в.б.,
Юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD)

Дилафруз Илёсова,
Тошкент давлат юридик университетининг
Ихтисослаштирилган филиали
2-курс талабаси

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда суғурта фаолиятининг ўрни қандай?